Жаҳон | 08:41 / 13.09.2024
2604
3 дақиқада ўқилади

Полша АҚШни Украинага нисбатан ҳарбий чекловларни бекор қилишга чақирди

Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг Варшавага ташрифи чоғида Украинага ўзини ҳимоя қилиш учун Россия ҳудуди ичидаги нишонларга Ғарб қуролларидан зарба йўллашга рухсат берилиши кераклигини айтди.

Фото: Marek Antoni Iwanczuk/picture alliance

Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский Украинага Ғарб қуролларидан Россия ҳудудидаги нишонларга зарба йўллашга рухсат беришга чақирди. Сикорскийнинг бу баёноти 12 сентябр, пайшанба куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Варшавага ташриф буюрганида берилди.

«Россия фуқаролик нишонларига ракеталар билан зарба бериш орқали уруш жиноятларини содир этмоқда, - дея Сикорскийнинг сўзларидан иқтибос келтиради Associated Press агентлиги. - Шунинг учун мен Украина уруш жиноятларининг олдини олиш учун Ғарб қуролларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга деб ҳисоблайман».

Блинкен Варшавада Полша президенти Анжей Дуда ва бош вазир Доналд Туск билан ҳам учрашди, улар Сикорскийнинг позициясига қўшилди, дея қайд этади AP.

Лондон Украинага Россияга Storm Shadow ракеталари билан зарба йўллашга рухсат берди

Британия Украинага Россия ҳудудига ҳужум учун Storm Shadow қанотли ракеталаридан фойдаланишга рухсат беришга қарор қилди, деб хабар берди The Guardian газетаси 11 сентябр куни кечқурун Британия ҳукуматидаги манбаларига таяниб. Бу ҳақда нашр АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэммининг 11 сентябр куни Киевга қўшма ташрифига бағишланган мақоласида айтиб ўтган. Сафар чоғида улар Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашиб, Ғарб узоқ масофага мўлжалланган қуролларининг Россия ҳудудига зарбаларини муҳокама қилишган. 

Газета манбаларининг таъкидлашича, Блинкен ва Лэмми Киевга Storm Shadow бўйича ижобий қарор қабул қилингани учун бирга келган. Шу билан бирга, The Guardian қайд этишича, агар Лэмми қарорни Киевда эълон қилганида эди, унинг сўзлари кераксиз провокация сифатида қабул қилиниши мумкин эди.

Нашрнинг қўшимча қилишича, Украинанинг ракеталардан фойдаланиши «кераксиз ҳужумлар олдини олиш учун» чекловларга дучор бўлиши мумкин. Блинкен Киевга ташрифи чоғида Қўшма Штатлар биринчи кунданоқ Украинадаги жанг майдонидаги вазият ўзгарганлиги сабабли ўз сиёсатини мослаштиришга тайёр бўлганини айтди. «Биз буни давом эттирамиз», деди у.

Мавзуга оид