Жаҳон | 21:16 / 13.09.2024
24947
5 дақиқада ўқилади

Йўқотиш кўп. Алоқа ёмон. Россия қўшин ва артиллерия юбормоқда. CNN журналистлари Курск областидаги украин ҳарбийлари билан гаплашди

AP / Scanpix / LETA

Курск областидаги юришда иштирок этаётган украиналик ҳарбийлар CNN мухбирига Украина қуролли кучлари операция давомида катта йўқотишларга учрагани, Россия ҳудудида Starlink сунъий йўлдош тизими ишламаслиги туфайли алоқадаги муаммолар, шунингдек, «Вагнер» ХҲК байроғини учратишгани тўғрисида сўзлаб беришган — РФ Давлат думаси мудофаа қўмитаси раҳбари Андрей Картаполов Евгений Пригожиннинг ҳалокатидан кейин мазкур компания «узил-кесил ўз мавжудлигини йўқотгани» ҳақида айтганди.

CNN бешта турли бўлинмадан бўлган 14 нафар ҳарбий билан гаплашган, улар орасида пиёда қисмлар ҳарбий хизматчилари, дронлар отряди жангчилари, зирҳли техникалар ҳайдовчилари ҳамда сапёрлар бор. Улардан тўрт нафари жароҳат олган ва Украина ҳудудидаги госпиталга юборилган. Қолган 10 нафари Курск областида қолишда давом этмоқда.

CNN суҳбатдошларининг барчаси Украина қуролли кучларининг Курск областидаги юришини йўқотишлар борасида фронтнинг бошқа участкаларидан қолишмайдиган мураккаб операция деб атаган — уларнинг сўзларига кўра, амалиёт бошланганидан беш ҳафта ўтганидан кейин вазият ёмонлашиб бормоқда. «Россия кўп қўшин ва артиллериясини юбормоқда. Бизнинг йигитларнинг кўпчилиги ҳалок бўлди ва кўплаб техникаларимиз яксон этилди», — деган улардан бири.

«Фин» чақирув белгисига эга бошқа бир аскар унинг тўрт кишидан иборат жамоаси Курск областига биринчи бўлиб бостириб кирган бўлинма таркибида бўлганини айтади. Уларга миналарни тозалаш ва Россия истеҳкомларини демонтаж қилиш топшириғи берилганди, унинг сўзларига кўра, танкларга қарши мудофаа тўсиқларини ҳам ўз ичига олувчи бу истеҳкомлар жуда яхши қурилган ва «аждаҳо тишлари» остига ҳам миналар жойлаштирилганди. Ҳарбийлардан бирининг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари операция давомида жуда кўп қурбон берди. У журналистлар билан мулоқотда ўз оёқ кийимини кўрсатиб, ундан «кўплаб ДНК намуналари» топиш мумкинлигини айтади ва шундай аниқлик киритади: «Афсуски, украинларникини».

Нотаниш жой ҳарбийлар учун яна бир муаммо туғдириб, Украина қуролли кучлари фронтнинг бошқа участкаларида алоқа қилиш учун фойдаланадиган Starlink сунъий йўлдош интернети бу ерларда ишламайди. Ҳарбийлардан бири ҳикоя қилишича, унинг Часив Ярдан Курск областига юборилган экипажи адашиб қолган. Яна бир неча аскар интернет ўчиқлиги туфайли бир неча соат давомида ўз бўлинмалари командирлари билан боғлана олишмаганини билдирган.

Украиналик расмийлар Москва Курск областига 30 минг атрофида ҳарбий хизматчи юборганини айтишади. Украиналик икки офицернинг сўзларига кўра, бу миқдор «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчиларини ҳам ўз ичига олади, уларнинг фикрича, бу ёлланма жангчилар Ғарбий Африкадан кўчириб ўтказилган. Баталёнлардан бирининг командири бўлган ҳарбий ҳам Курск областида «Вагнер» ХҲК байроғи ва бошқа таниш белгиларини учратганини айтган. Унинг сўзларини бошқа аскарлар ҳам тасдиқлайди. Украиналик ҳарбийлар айтишича, вагнерчилар Россия армиясининг бошқа ҳарбийларидан яхшироқ қуроллангани ва яхши таълим кўргани билан ажралиб туради.

Украина қуролли кучларининг 6 август куни Курск областида бошланган юришидан кўп ўтмай россиялик «ҳарбий мухбир»ларнинг телеграм-каналларида бу ҳудудга Малидаги вагнерчилар олиб келингани ҳақида маълумот тарқалганди. Кейинроқ Россия мудофаа вазирлигига яқин ҳисобланган Rybar телеграм-канали бу хабарни дезинформация деб атади. Хусусий ҳарбий компанияга алоқадор бўлган «Разгрузка Вагнера» телеграм-каналида 26 август куни бугунги кунда жангчилар «нафақат „Қора қитъа» ва Беларусда ишлаётгани», балки «махсус ҳарбий амалиёт»да ҳам қатнашаётгани ҳақида пост пайдо бўлди.

CNN билан гаплашган ҳарбийларнинг деярли барчаси Курск областидаги амалиёт туфайли «руҳий кўтаринкилик» пайдо бўлганини айтишган. Уларнинг сўзларига кўра, Россияга «ўз дориларини синаб кўришга бериш» қилинган машаққатга арзийди. «„Жин урсин, ҳа!“ — мен танкларимиз россияликларнинг позицияларини ўққа тутаётганини кўрганимда мана шундай ҳиссиёт пайдо бўлганди. Улар қўл кўтариб чиқишди, биз кўп асир олдик», — дея ҳикоя қилади Украина қуролли кучларининг «Холод» лақабли жангчиси.

Мавзуга оид