Жаҳон | 18:15 / 14.09.2024
2761
5 дақиқада ўқилади

АҚШда Boeing ишчилари 2008 йилдан бери илк бор иш ташлашга чиқди. Улар нимани талаб қиляпти?

Кенг кўламли иш ташлаш компанияга 3 миллиард долларга тушиши мумкин.

Фото: The New York Times

АҚШдаги Boeing авиакорпорацияси ишчилари маошидан норозилик билдириб, иш ташлаш бошлади. Самолёт йиғиш билан шуғулланадиган заводлардаги 33 мингдан ортиқ мутахассис компаниянинг тўрт йилда иш ҳақини 25 фоизга ошириш ҳақидаги таклифини рад этди. Бу таклиф касаба уюшмаси раҳбарлари томонидан дастлабки шартнома сифатида илгари сурилганди, деб хабар бермоқда The New York Times. Мазкур иш ташлаш Boeing ишчиларининг 2008 йилдан буён биринчи норозилик чиқиши бўлди.

Бир қатор воқеалар ва жанжаллар

Охирги беш йилда Boeing кўплаб муаммоларни, шу жумладан, фожиали ҳодисаларни бошдан кечирди. Улар орасида иккита аянчли ҳалокат бор: Индонезияда 2018 йил октябр ойида Boeing 737 MAX қулаб тушди, ўшанда 189 киши ҳалок бўлди. Ярим йил ўтгач, 2019 йилнинг март ойида, бу сафар Эфиопияда шу турдаги самолёт ҳалокатга учради ва Ethiopian Airlines бортидаги 157 кишидан ҳеч бири тирик қолмади. Бунинг оқибатида, 2020 йил январидан бошлаб, концерн энг кўп сотиладиган сериядаги самолётларни ишлаб чиқаришни тўхтатиб туришга қарор қилди.

2019 йил кузида Boeing компаниясининг собиқ сифат назорати бўйича менежери Жон Барнетт 787 Dreamliner самолётининг кислород таъминоти тизимидаги нуқсон ҳақида огоҳлантирди. Унинг айтишича, агар лайнер кабинасининг герметизацияси бузилса, барча йўловчилар кислородсиз қолиши мумкин.

Барнетт Boeing’да 32 йил ишлаган. 2010 йилдан бошлаб у 787 Dreamliner ишлаб чиқариладиган Шимолий Чарлстондаги заводда сифат назорати бўйича муҳандислик қилган. 2017 йилда эркак соғлиғи туфайли нафақага чиқди. 2024 йил март ойида муҳандис Чарлстон (Жанубий Каролина) меҳмонхонасининг автотураргоҳида ўлик ҳолда топилди. Ҳодисадан бироз олдин муҳандис компанияга қарши суд жараёни доирасида гувоҳлик берган, уни авиасозлик юристлари сўроқ қилганди.

Boeing компанияси 2024 йил июл ойига келибгина фирибгарлик билан боғлиқ жиноий айбини тан олишга рози бўлди ва АҚШ Адлия вазирлиги билан тузилган келишув доирасида 243,6 миллион доллар миқдорида жарима тўлади.

Бу узоқ давом этадиган оммавий суд жараёнларининг олдини олиш учун қилинганди. АҚШ Адлия вазирлиги Boeing’ни 2021 йилда ҳукумат билан тузилган келишув шартларидан бирини бузганликда айблади. Ушбу келишув компанияни содир бўлган ҳалокатлар билан боғлиқ сохта маълумотлар тақдим этгани учун жиноий жавобгарликдан қутқариб қолганди.

Раҳбариятдаги ўрин алмашишлар

Бир қатор жанжаллар компания раҳбариятида ўзгаришларга олиб келди. Жорий йилнинг март ойида самолётлар билан боғлиқ муаммолар фонида Boeing бош директори Дэвид Келҳун ўз фаолиятини якунлаганини эълон қилди.

Июл ойида Boeing янги раҳбар сайлагани маълум бўлди. RTX Corp мудофаа концернига кирувчи авионика ишлаб чиқарувчи Rockwell Collins компаниясининг собиқ раҳбари Келли Ортберг ушбу лавозимга ўтирди. У аэрокосмик соҳада 35 йилдан ортиқ катта тажрибага эга бўлганлиги сабабли вазиятни яхшилай олиши кутилганди.

Иш ташлаш

Шу йилнинг июл ойида Сиэтлдаги корхона ходимлари иш ташлашга қарор қилди. Улар раҳбариятдан кейинги уч йил ичида иш ҳақларини 40 фоизга оширишни талаб қилди. Washington State Standard нашрининг таъкидлашича, Boeing’да шартнома муддати тугашидан олдин касаба уюшмаси билан келишувга эришиб, иш ташлашнинг олдини олиш имкони бўлган.

Корхона ходимлари орасида энг кам иш ҳақи соатига 15,74 долларни, энг юқори ставка эса 23,74 долларни ташкил этади. Юқори малакали мутахассислар соатига 26 доллардан 51,44 долларгача маош олади.

Компания шартнома амал қилиш муддати давомида иш ҳақини 25 фоизга ошириш, пенсия ҳисоб рақамларига бадалларни кўпайтириш, ходимларнинг тиббий суғурта харажатлари улушини камайтириш ва таътил муддатларини узайтиришни назарда тутувчи келишувни таклиф этди.

13 сентябр куни Америка авиакорпоратсиясининг самолётларни йиғиш билан шуғулланувчи заводларида ишловчи 33 минг ходим компания таклифини рад этиб, иш ташлашга чиқди. Бу Boeing ишчиларининг 2008 йилдан буён биринчи иш ташлашидир. Давомийлигига қараб, у Boeing компаниясининг қарийб 10 минг таъминотчиси учун ҳам муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Компаниянинг ўзи эса 3,5 миллиард долларгача зарар кўриши эҳтимоли бор.

Мавзуга оид