Жамият | 17:30 / 14.09.2024
26196
2 дақиқада ўқилади

“Фарҳод” чегара постида 400 дона тошбақани олиб кетаётган Тожикистон фуқароси тўхтатиб қолинди

Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга юборилган. Тошбақалар эса вақтинча сақлаш учун Зангиота туманидаги “Табиат бағрида” питомнигига топширилган. 

Фото: Тошкент вилояти Экология бошқармаси

Бекобод шаҳридаги “Фарҳод” чегара постида тошбақа олиб кетаётган тожикистонлик шахс ушланди. Ҳолат Тошкент вилояти Экология ҳамда божхона бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган. Бу ҳақда Kun.uz’га Тошкент вилояти Экология бошқармаси матбуот котиби хабар берди.

Маълум қилинишича, 1989 йилда туғилган, Тожикистон фуқароси бўлган Ё.Б. Ўзбекистондан 400 дона Ўрта Осиё чўл тошбақасини олиб чиқиб кетаётганда тўхтатиб қолинган. Ушбу тошбақа тури Қизил китобга киритилган.

Бошқармага кўра, ноёб эндимек тур ҳисобланган ушбу тошбақаларни мамлакатнинг барча адирликларида кўриш мумкин. Улар кўпроқ мустаҳкамлашган қумлар, чўлларда яшаб, тоғда денгиз сатҳидан 1300 метр баландликкача кўтарилади. Баъзан водийдаги сийрак майсали даштлар ва қишлоқ хўжалиги ерларида ҳам учрайди.

Табиий популяциясини сақлаб қолиш мақсадида мазкур тур Қизил китобнинг янги нашрига киритилган.

Қайд этилишича, ҳуқуқбузарга қонуний чора кўриш учун ҳолат юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суд органларига юборилган. Тошбақалар эса вақтинча сақлаш учун Зангиота туманидаги “Табиат бағрида” питомнигига топширилган. Кейинчалик улар табиат бағрига қўйиб юборилади.

Мавзуга оид