Ғазода ҳолдан тойган ЦАҲАЛ, Британия бош вазиридан Путинга жавоб ва дебатдан чўчиб қолган Трамп — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Фаластиндаги вазият
Исроиллик генераллардан бири ҲАМАС устидан узил-кесил ғалаба қозониш учун яна 5 йил керак бўлишини айтди.
Исроил армиясининг захирадаги генерал-майори, ва Бош штабнинг оператив бошқармаси собиқ раҳбари Таль Руссо Исроилнинг Kan News телеканалига берган интервюсида Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати устида ҳануз ғалаба қозонилмагани, октябр ойидан буён чўзилиб келаётган урушни «Исроилнинг энг йирик муваффақиятсизлиги», деб атади.
«Тан олайлик, бугунги кунга келиб ҲАМАС маҳв этилгани йўқ, бу — факт», деган Руссо. «Барча кучларни Ғазога ташламаслик керак. Агар Ғазода ғалабали якунгача жанг қилинадиган бўлинса, ҳозирги суръатларда бу яна 5 йил вақтни олади», деган у.
Руссо октябр ойида кутилаётган муваффақиятсизлик фонида раҳбариятни истеъфога чиқаришга чақирди. Шунингдек, у Тел-Авив «шимолий фронт»ни унутиб қўйгани, Ғазода ҳарбийларни ҳолдан тойдириб мамлакатнинг шимолий чегараларида назоратни йўқотганидан ташвишини билдирган.
Бу орада исроиллик волонтёрлар Ғарбий соҳилда мажбурий кўчириб юборилаётган фаластинликларни ҳимоя қилишга чорлашмоқда.
«Ўрдун водийси активистлари» кўнгиллилар гуруҳи азолари Исроил оккупацияси остидаги Ғарбий соҳилдан фаластинликларни куч ишлатиб кўчириб юборилдан ҳимоя қилиш учун уларга қўшилиш тўғрисида мурожаат қилишган.
Волонтёрларнинг сўзларига кўра, 7 октябрдан буён 18 дан зиёд чўпонлар ҳамжамияти кўчириб юборилган. Фаластинликларни исроиллик ноқонуний кўчиб келганлар террор қилмоқда, уларга ҳарбийлар ва яҳудийлар маъмурияти ҳужум қилиб, узоқ йиллардан буён яшаб келишаётган ерларини тарк этишга мажбурлашмоқда.
Британиядан Путинга жавоб
Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Россия президенти Владимир Путиннинг Москва ғарб ракеталари билан Россия ҳудудига зарба йўлланиши жиддий эскалация сифатида қабул қилиниши тўғрисидаги сўзларига муносабат билдириб, Украинадаги урушни Россия бошлагани ва ҳозирнинг ўзида уни тугатиши мумкинлиги ҳақида гапирди.
Кир Стармер жума куни АҚШ президенти Жо Байден билан учрашиш учун Вашингтонга парвоз қилаётган самолётида журналистлар билан мулоқот қилди.
Вашингтондаги учрашувда Украинани Россия тажовузига қарши курашда бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаш масалалари, жумладан, ғарб қуроллари билан Россия ичкарисига зарбалар йўллашга қўйилган тақиқни олиб ташлаш масаласи муҳокама қилинади.
Путиннинг сўзларига муносабат билдириш сўралганда Британия бош вазири шундай деган:
«Бу урушни Россия бошлаган. Россия Украинага ноқонуний бостириб кирган. Демак, бу можарони ҳам Россия дарҳол тўхтатиши мумкин. Украина ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқига эга ва биз ўз имкониятларимизни тақдим этиш орқали Украинанинг бу ҳуқуқини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Аммо биз Россия билан зиддиятга интилмаяпмиз, заррача бундай ниятимиз йўқ», — деган Стармер.
Россия-Украина уруши
Россия қўшинлари Украинанинг Покровск шаҳрига сув таъминотини тўхтатиб қўйди. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида модул филтрлаш станциясининг иши тўхтатилди, ундан Покровск аҳолиси сув олаётганди. Унинг фаолиятини тиклашнинг ҳозирча имкони йўқ, дейди расмийлар. Улар эвакуацияга чақирди.
Донецк области ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Филашкин яқин келажакда вазият «яхшиланмаслигини» қўшимча қилди ва шаҳар аҳолисини эвакуация қилишга чақирди.
Покровскда ҳали ҳам 26 мингга яқин аҳоли қолмоқда. Русларнинг йирик қўшинлари шаҳарга яқинлашмоқда. Британия Мудофаа вазирлигининг 1 сентябр куни берган маълумотларига кўра, Россия қўшинлари аллақачон Покровскдан 10 километр узоқликда жойлашган.
Украина президенти Володимир Зеленский Донецк областида жанговар ҳаракатлар кузатилаётган бошқа ҳудудлар каби Покровск яқинидаги вазият ҳам «ўта оғир» эканини айтган эди.
Зеленский Россия Курск областида қарши ҳужум бошлаганини ҳам таъкидлади. Ундан ташқари, Россия Мудофаа вазирлиги Курск яқинида Россия Қуролли кучларининг ҳужуми бошланганини эълон қилди.
Зеленский Курск яқинидаги воқеалар «Украина режаси» асосида содир бўлаётганини таъкидлади. Ўз навбатида, Россия Мудофаа вазирлиги, аввалроқ Украина армияси томонидан босиб олинган ўнта аҳоли пункти устидан «назорат тиклангани» ҳақида хабар берди.
Бир кун аввал Украинанинг DeepState OSINT-лойиҳаси Россия армиясининг Курск областидаги ҳужум ҳаракатлари давомида рус қўшинлари зирҳли техникаларни Сейм дарёси ва минтақадаги кичикроқ дарёлар орқали ўтказишга муваффақ бўлганини ёзган эди.
Трамп қўрқиб қолдими?
АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп ўз рақиби, Демократик партия номзоди Камала Ҳаррис билан яна бир сайловолди дебатида иштирок этмаслигини маълум қилди. Трамп илк ўзаро дебатда ғалаба қозонгани ва энди Ҳаррис вице-президент сифатидаги ишига «эътибор қаратиши кераклигини» айтган.
«Учинчи дебат бўлмайди!» – дея ёзган у ўзига тегишли бўлган Truth Social ижтимоий тармоғида бош ҳарфлар билан.
Трамп июн ойида Жо Байденга қарши илк дебатни ўтказган, ўшандаги муваффақиятсизлик АҚШнинг амалдаги президенти пойгани тарк этишига олиб келганди.
Трампнинг сайловлар олдидан Камала Ҳаррисга қарши иккинчи дебати – шу ҳафтада Филаделфияда ташкиллаштирилди.
Трамп ўзини ғолиб деб билаётган бўлса-да, кўплаб сиёсий экспертлар Ҳаррис яхшироқ қатнашганини айтишмоқда.
«Сўровлар мен демократларнинг радикал сўл номзоди, ўртоқ Камала Ҳаррис устидан ғалаба қозонганимни аниқ кўрсатмоқда ва у зудлик билан иккинчи дебат сўради», – дея ёзган Трамп Ҳаррисни коммунист қабилида мазах қилиб.
«Боксчи жангни ютқазганида, унинг оғзидан чиқадиган биринчи сўз “мен реванш хоҳлайман”, бўлади», – дея қўшимча қилган Трамп Ҳаррисни ютқазган боксчига қиёслаб.
Арманистонга тош отган Лукашенко
Беларус президенти Александр Лукашенко Қорабоғ атрофидаги воқеаларда Арманистон раҳбариятини айблади. Унинг таъкидлашича, у Ереван ва Боку ўртасидаги муаммоларни тинч йўл билан ҳал этишга чақирган.
«Қорабоғда юз берган нарсалар — бу фақат Арманистон раҳбариятининг айби. Арманистон ҳукуматини шахсан ўзим огоҳлантирганман: Озарбойжонга бу ҳудудларни бер, деганман. Бундан ташқари, улар «бу ерлар бизники эмас», деб тан олган. Аммо улар ерларни Озарбойжонга бермаймиз, жанг қиламиз, дейишганди», — деган Лукашенко.
Беларус етакчисининг таъкидлашича, у Ереван ва Боку ўртасидаги муаммоларни тинч йўл билан ҳал этишга чақирган.
«Кейин Путиндан сўрадим. Шундан сўнг иккимиз Пашиняндан муаммони ҳал қилишини сўрай бошладик», — деган Лукашенко. Унинг сўзларига кўра, Арманистон бош вазири Никол Пашинян мазкур сўровларга «йўқ, биз жанг қиламиз», дея жавоб қайтарган.
«Урушиб кўрди. Энди эса Россия ёки биздан нега хафа бўляпти? Ахир, ўзинг Қорабоғ Озарбойжон ҳудуди эканини тан олдинг-ку», — деган Лукашенко.
Арманистон Озарбойжон билан юз берган ҳарбий можародан кейин ўз позициясини қайта кўриб чиқди — Ғарб билан муносабатларини фаоллаштирди. Ўшанда Ереван КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилган эди, аммо ташкилот «хавотир» ва «ҳамдардлик» билдириш билан чекланди, холос.
Мавзуга оид
13:45
Кучли қамалда қолган Ғазо, Ҳанияни йўқ қилганини тан олган Исроил ва Россияга рад жавоби берган Судан — кун дайжести
14:14 / 24.12.2024
Ғарбий соҳилдаги оккупация, «Моссад»нинг Эронга ҳужум таклифи ва трансгендерларга қарши Трамп — кун дайжести
13:18 / 23.12.2024
Оташкесимга яқин келган Ғазо, пулини ўзгартираётган Эрон ва немис журналистларига босимлар — кун дайжести
13:59 / 21.12.2024