Жаҳон | 18:21 / 14.09.2024
1582
2 дақиқада ўқилади

Ню-Йоркда қулликдан жабр кўрганларнинг авлодларига компенсация тўлаш ҳақидаги қонун қабул қилинди

Компенсациялар молиявий ёрдам билан чекланиб қолмай, таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини оширишни ҳам назарда тутади.

Фото: The New York Times

Ню-Йоркда қулликдан жабр кўрганларнинг авлодларига етказилган зарарни қоплашга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди. The New York Times’нинг хабар беришича, қонун доирасида махсус комиссия тузилиб, унинг аъзолари репарация режасини ишлаб чиқади.

Комиссия, шунингдек, қулликнинг оқибатларини ўрганишни ҳам ўз зиммасига олади. Булар қаторига жиноий таъқибдаги тенгсизликлар, сифатсиз тиббий хизмат кўрсатиш ва муносиб таълим олиш имконияти бўлмагани каби масалалар киради.

Компенсация сифатида жабрланганларнинг авлодлари нафақат молиявий ёрдам олади, балки уларнинг таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари ҳам оширилади. Бундан ташқари, ҳокимият вакиллари улардан расмий кечирим сўрайди.

Маълумот учун, 1862 йилда президент Авраам Линколн АҚШда қулликни бекор қилиш тўғрисидаги фармонни имзолаган. Бу қарор 1863 йилдаги қулларни озод этиш ҳақидаги эълон билан янада мустаҳкамланди. Аммо жанубий штатлар буни тан олмагани сабабли, 1865 йилда фуқаролар уруши якунлангунига қадар қулликни бекор қилиш амалда кучга кирмади.

Қонун 1865 йил 1 февралда АҚШ Конституциясига киритилган 13-тузатиш билан узил-кесил эълон қилинган бўлса-да, дастлаб штатларнинг тўртдан бир қисми уни ратификация қилмади. Охирги бўлиб Миссисипи штати 2013 йилда расман қулликни бекор қилди.

Мавзуга оид