Жаҳон | 11:09 / 15.09.2024
35477
3 дақиқада ўқилади

Москва областидаги сайловларда асли ўзбекистонлик номзод ғолиб чиқди. Тўрт кун ўтиб мандатни топширишга мажбур бўлди

Баҳромжон Ҳасанов депутатликка сайланганидан кейин интернетда миллатчилар босимига учраган.

Фото: Бахромжон Хасанов / ВКонтакте

Асли ўзбекистонлик бўлган, «Единая Россия» партиясидан Пушкино муниципиал кенгашига депутат этиб сайланган Баҳромжон Ҳасанов ғалабасидан тўрт кун ўтиб мандатидан воз кечди, деб ёзади «Медиазона» партиянинг Москва области бўйича бўлими матбуот хизматига таяниб.

Матбуот хизмати томонидан эълон қилинган хабарда Ҳасанов ўз ихтиёрига кўра истеъфога чиққани, Пушкино депутатлар кенгаши сайловдан кейинги илк йиғилишда унинг ваколатларини тугатиш ҳақидаги сўровини қўллаб-қувватлагани айтилган.

Шу билан бирга, «Медиазона»нинг қайд этишича, Давлат думасининг ахборий сиёсат бўйича қўмитаси раҳбари Александр Хинштейн Ҳасанов депутатлик ваколатларини «ихтиёрий-мажбурий» тарзда топширгани ҳақида айтган.

«Одамларнинг норозилигига собиқ мигрант депутат бўлганининг ўзи эмас, у махсус ҳарбий амалиёт иштирокчиларини алдашда айбланаётгани ҳам сабаб бўлмоқда», — дея ёзган Хинштейн ўз телеграм-каналида. «Бундан хурсандман: бундай депутатлар бизга керак эмас», — дея қўшимча қилган у. Давлат думаси депутати «Царьград» мақоласига ҳавола берган, унда Ҳасанов ҳарбийларга бузуқ машина совға қилгани, улар унга таъмирлаш учун 70 минг рубл берганида эса машинани таъмирлаб бермагани ёзилган.

«Медиазона» хабарига кўра, «Царьград» мақоласи «Рус ҳамжамияти» миллатчилик ташкилоти фаолларининг сўзлари асосида ёзилган. Унда Ҳасановни «янги рус» ва «қуёшли республикадан келган айёр фуқаро» каби сўзлар билан аташган.

1980 йилда Ўзбекистонда туғилган Баҳромжон Ҳасанов 17 ёшига қадар Тожикистонда яшаган, кейин Москва яқинидаги Пушкино шаҳрига кўчиб борган. У 2018 йилда РФ фуқаролигини олган. Ҳасанов РФ қўшини Украинага кенг кўламли босқин бошлаганидан кейин ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига боргани ва россиялик ҳарбий хизматчиларга ёрдам кўрсатгани ҳақида айтган.

Фото: Бахромжон Хасанов / ВКонтакте

 

Фото: Бахромжон Хасанов / ВКонтакте

Мавзуга оид