Полша университети коррупция бўйича тергов қилинмоқда, унинг филиали Андижонда ҳам очилган
Полшанинг Коррупцияга қарши кураш марказий бюроси (CBA) Collegium Humanum хусусий университети фаолиятини тергов қилмоқда. Унинг собиқ ректори Павел Чарнецки, шунингдек, унинг амакиси, собиқ депутат Ришард Чарнецки ҳибсга олинган. Ушбу университет филиали Андижонда ҳам фаолият юритмоқда.
Европа Кенгашининг полшалик собиқ депутати, Европарламент вице-президенти Ришард Чарнецки 11 сентябр куни Варшава аэропортида хусусий университет билан боғлиқ можаро юзасидан ҳибсга олинди. Бу ҳақда Politico хабар берди.
Полша Ички ишлар вазирлигига кўра, Чарнецкининг ҳибсга олиниши Collegium Humanum хусусий университети билан боғлиқ.
Университет фаолияти Полшанинг Коррупцияга қарши кураш марказий бюроси (CBA) томонидан тергов қилинмоқда. Идоранинг таъкидлашича, Collegium Humanum талабаларга моддий ва шахсий манфаатлар эвазига Полша давлат компаниялари бошқарув кенгашига кириш ҳуқуқини берувчи MBA дипломларини берган.
Университет асосчиси ва собиқ ректори Павел Чарнецки феврал ойида CBA томонидан ҳибсга олинган эди. У порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва жинсий мажбурлаш каби 30 та жиноятда айбланган.
Павел Чарнецки Ришард Чарнецкининг жияни ҳисобланади ва амакиси билан бирга ўтган йилги Полша сайловларида ҳокимиятни йўқотган PiS партиясида кўплаб юқори даражадаги алоқаларга эга бўлган.
11 сентябр куни Варшавада Ришард Чарнецкининг рафиқаси Эмилия Х. ҳам ҳибсга олинган. Унинг Collegium Humanum ходими бўлгани таъкидланмоқда.
2021 йил апрел ойида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан Андижон вилоятида Collegium Humanum университети филиалини очиш ҳақида қарор қабул қилинган, ушбу филиал битирувчиларига Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган диплом берилиши белгилаб қўйилган эди.
Блогер Никита Макаренконинг қайд қилишича, ушбу филиал 2022 йилда очилган ва ҳозир ҳам фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, Павел Чарнецкига Ўзбекистон Халқаро иқтисодиёт ва дипломатия университетининг фахрий доктори даражаси берилган. Блогер коррупция можаросининг Ўзбекистонга ҳам таъсир қилиши мумкинлигидан хавотир билдирди.
«Юзлаб талабалар пулсиз, дипломсиз қолмаслиги учун Олий таълим вазирлигимиз бу масалани назорат қилиши керак, деб ўйлайман», деб ёзди у.
Мавзуга оид
23:01
Полша мактабларида ўқ отиш бўйича мажбурий машғулотлар жорий этилади
00:37
Тошкент ва Навоийда хорижга ишга юборишни ваъда қилганлар ушланди
12:41 / 21.12.2024
Полша собиқ амалдорига Венгрияда бошпана берилганидан норози
22:34 / 18.12.2024