17 сентябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Остонада ўтган муҳим саммит, оммавий тадбирларни ўтказишда янгиликлар, маъмурий қамоққа йўл олган Inbazarʼдаги зўравон, пойтахтда уй харидига пасайган қизиқиш — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
С5+Германия саммити
Президент Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Германия етакчиларининг иккинчи учрашувида иштирок этди.
Президент Мирзиёев ўз сўзи аввалида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги навбатдаги саммити Ўзбекистонда, учрашувимиз кун тартибидаги асосий мавзуни минтақа келажагига инвестициялар деб белгилаган ҳолда ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганини айтиб ўтди.
Мирзиёев Германия билан ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий 6 йўналишини баён этди. Булар қуйидагилар:
1. Устувор соҳаларда дастурий тадбирларни қамраб олган узоқ муддатли Ҳамкорликни ривожлантириш концепциясини қабул қилиш.
2. Германиянинг етакчи компаниялари билан инвестицион ва технологик шериклик.
3. Германиянинг илғор билим ва технологияларини жорий этиш асосида муҳим хомашё ресурслари соҳасида шериклик.
4. Марказий Осиё мамлакатларининг Германия билан Энергетик мулоқотини йўлга қўйиш имкониятларини кўриб чиқиш.
5. Иқлим ўзгаришларига биргаликда жавоб қайтариш.
6. Марказий Осиёни Европа билан боғловчи муқобил транспорт йўлакларини ривожлантириш, ушбу йўналишлар транзит салоҳиятини ошириш йўлларини излаш бўйича вазирлар қўшма конференциясини ўтказиш.
Оммавий тадбирларни ўтказишда янгиликлар
Вазирлар Маҳкамаси оммавий тадбирлар ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.
Қайд этилишича, айрим оммавий тадбирларни ўтказиш жараёнида иштирокчилар «жамоат хавфсизлигига ва фуқаролар хавфсизлигига хавф солувчи» хатти-ҳаракатларни кўпайтирмоқда.
Қоидаларга киритилган ўзгартиришлар қуйидагиларни назарда тутади:
- оммавий тадбирларни ўтказиш объектини танлашда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, шунингдек, уларга таҳдид солувчи вазиятларда фуқароларнинг эвакуациясини самарали ташкил қилиш учун шароитлар мавжудлигини ҳисобга олиш;
- томошабинлар ва бошқа иштирокчиларни фавқулодда вазиятларда эвакуация қилиш тартиби, йўллари ва йўналишлари тўғрисида хабардор қилиш;
- объектга кириш-чиқиш хавфсизлигини, объектга бориш ва кириш жойларида автомобиллар ҳаракатини чеклайдиган физик тўсиқлар ўрнатилишини таъминлаш.
Inbazarʼнинг зўравон ходими 7 суткага қамалди
Тошкентдаги Inbazar дўконида ходимни урган қоровул Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган майда безорилик ҳуқуқбузарлигини содир қилганликда айбдор деб топилиб, 7 суткага қамалди.
Судда, шунингдек, зўравонлик ҳолатини тасвирга олиб турган дўконнинг яна бир ходимига ҳам юқоридаги модда асосида 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, 14 сентябр куни Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи йирик савдо марказларидан бири бўлмиш Inbazarʼнинг Сергели туманидаги савдо маркази масъули Меҳрож исмли ходимини калтаклагани акс этган видео тарқалди.
Бу воқеадан кўп ўтмай тармоқ раҳбари видеомурожаат қилиб, зўравонга жазо кўрилишини айтиб чиқди. Бироқ кейинроқ раҳбарнинг ўзи ишчиларига зўравонлик қилгани, калтаклагани акс этган видеолар ҳам тарқалди. Шундан сўнг Inbazar асосчиси Омадбек Холматовга нисбатан терговга қадар текширув ўтказилаётгани хабар қилинди.
Тошкентда уй сотиб олишга қизиқиш пасайди
2024 йил август ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори бироз пасайди, бу тебраниш тенденциялардан далолат беради, дея хабар бермоқда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази.
Марказ таҳлилига кўра, август ойида 22,2 мингта кўчмас мулк олди-сотди битимлари рўйхатга олинган, бу июл ойига нисбатан 3,5 фоизга кам бўлиб, савдолар сони 23 мингтани ташкил этган.
Йиллик ўлчовда фаолликнинг сезиларли даражада пасайиши кузатилмоқда: уй-жой савдоси 20,8 фоизга камайди, бу эса уй сотиб олишга қизиқишнинг камайишини кўрсатади.
2024 йил август ойида ҳудудлар кесимида кўчмас мулк билан боғлиқ битимларнинг энг катта пасайиши Сирдарё ва Хоразм вилоятларида, шунингдек Тошкент шаҳрида қайд этилди.
Йиллик ўлчовда Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида кўчмас мулк савдосининг пасайиши ҳар бир ҳудудда 30 фоиздан ортиқни ташкил қилди.
Жорий йилнинг август ойида республикада иккиламчи уй-жой нархи 0,7 фоизга ошган бўлса, ўтган йилнинг август ойидан бошлаб уй-жойнинг 1 метр квадрати учун ўртача нархи 9,7 фоизга кўтарилган.
Шу билан бирга, иккиламчи уй-жой нархи сўнгги 1 йилда Хоразмда – 21,4 фоизга, Сурхондарёда – 14,6 фоизга, Бухорода – 13,4 фоизга, Қашқадарёда – 13,3 фоизга вилоятларида сезиларли даражада ошгани қайд этилди.
Тошкент шаҳридаги иккиламчи уй-жой бозорида август ойида барқарорлик кузатилди: нархлар атиги 0,2 фоизга ошди ва ҳар метр квадратига 1128 долларни ташкил этди.
UzAuto Motors бош директорига жарима
UzAuto Motors бош директори, швециялик Бо Инге Андерссон иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида жаримага тортилди.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги корпоратив ахборот ягона порталида қайд қилинишича, Андерссон UzAuto Motors Powertrain ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарзларини ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўрмаган. Шу боис, унга нисбатан жарима кўринишидаги интизомий жазо чораси қўлланган.
Бо Инге Андерссон 2021 йил августида UzAuto Motors бош директори этиб тайинланган эди. У автомобилсозлик соҳасидаги топ-менежерлардан бири бўлиб, Швециянинг Saab, Россиянинг ГАЗ ва АвтоВАЗ компанияларидан ишлаган.
Мавзуга оид
21:14 / 23.12.2024
23 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:16 / 20.12.2024
20 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20:30 / 19.12.2024
19 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:10 / 18.12.2024