АҚШ Гуржистонда «демократияга путур етказилгани» учун санкциялар киритди
АҚШ Молия вазирлиги томонидан Ички ишлар вазирлиги мансабдор шахсларига нисбатан санкциялар жорий этилди. Давлат департаменти 60 дан ортиқ Гуржистон фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан виза чекловларини жорий қилди.
АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Вашингтон фикрича, Гуржистондаги «асосий эркинликларга, жумладан, сўз эркинлигига путур етказган» шахсларга нисбатан санкциялар жорий қилди. Чеклов чоралари ҳақида 16 сентябр, душанба куни Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Чекловлар «тинч намойишчилар ва сиёсий мухолифларга қарши шафқатсиз репрессиялар» билан боғлиқ Гуржистон ҳукуматининг икки мансабдор шахсига ҳамда йиғилишлар ва сўз эркинлигини зўравонлик билан бостиришда бевосита ёки билвосита иштирок этган икки хусусий шахсга нисбатан қўлланган.
Рўйхатда Гуржистон Ички ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича департаменти раҳбари Звиад Харазишвили ва унинг ўринбосари Милери Лагазаури бор. Бундан ташқари, рўйхатга ўта консерватив россияпараст Alt-Info («Альт-инфо») платформаси етакчилари Зураб Махарадзе ва Константин Моргошия ҳам киритилган.
Вашингтонга кўра, биринчи иккиси «чет эл агентлари» қонунига қарши намойишларни бостириш билан алоқадор. OFAC қўшимча қилишича, Alt-Info раҳбарлари 2021 ва 2023 йилларда журналистлар, озчилик гуруҳлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари идораларига босим ўтказишда иштирок этган.
АҚШ Давлат департаментининг виза чекловлари
АҚШ Давлат департаменти, шунингдек, «Гуржистонда демократияга путур етказишда иштирок этган» 60 дан ортиқ фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларига виза чекловлари жорий қилмоқда. Улар орасида «гуржи халқининг асосий эркинликларини чеклаш учун ўз ваколатларини суиистеъмол қилган» юқори мартабали давлат ва муниципал амалдорлар, коррупция билан шуғулланган тадбиркорлар, дезинформация тарқатган ва экстремизмни тарғиб қилган шахслар, намойишчиларни калтаклашда иштирок этган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, «нодемократик қонунчиликни ва фуқаролик жамиятига чекловларни илгари суришда» муҳим рол ўйнаган парламент аъзолари бор, дейилади ташқи сиёсат идораси баёнотида.
«Биз Гуржистонда инсон ҳуқуқлари бузилиши ва антидемократик ҳаракатлардан хавотирдамиз», - дея таъкидлади Вашингтон.
Гуржистонда парламент сайловлари кутилмоқда
26 октябр куни Гуржистонда парламент сайловлари бўлиб ўтади. Аввалроқ, 1 август куни у ерда «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун кучга кирган ва бу мамлакатда оммавий норозиликларга сабаб бўлган эди. Ҳуқуқий норма даромадининг камида 20 фоизини хориждан оладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларига давлат рўйхатидан ўтиш мажбуриятини юклайди.
Қонун Европа Иттифоқи ва АҚШнинг Тбилисини танқид қилишига сабаб бўлди. Шундай қилиб, ЕИ давлатлари раҳбарлари Гуржистоннинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини тўхтатиб қўйди ва Тбилисини мудофаа соҳасида қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган 30 миллион еврони музлатди.
Июл ойи бошида Қўшма Штатлар икки томонлама ҳамкорлик қайта кўриб чиқилиши сабабли Гуржистон билан «Мувофиқ шерик» қўшма ҳарбий машғулотларини номаълум муддатга қолдирган эди.
Мавзуга оид
22:10 / 23.12.2024
АҚШ Хитойнинг эски чипларига нисбатан тергов бошлади
19:00 / 23.12.2024
Трамп: АҚШ ҳукумати расман фақат иккита жинсни - эркак ва аёлни тан олади
18:12 / 23.12.2024
Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
17:17 / 23.12.2024