Ўзбекистон | 18:26 / 17.09.2024
14268
3 дақиқада ўқилади

Фақат миграция эмас: Олаф Шолц билан нималар муҳокама қилинди?

Германия канцлери Олаф Шолц 15-16 сентябр кунлари Самарқандда бўлиб, кейин Қозоғистонга жўнаб кетди. Kun.uz мухбири бу ташрифдан кўзланган мақсадлар ва Остонада ўтадиган МО–Германия саммити хусусида сиёсий таҳлилчилар Ўктам Битураев ва Камолиддин Раббимов билан суҳбатлашди.

Ўктам Битураевга кўра, Шолцнинг келишидан асосий мақсад – иқтисодиёт. Муҳокама мавзуларини тўртга асосий йўналишга бўлиш мумкин: Афғонистон, транспорт-логистика, миграция ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик, дейди у.

Немис ОАВга кўра, Германия Афғонистондан қочиб борган мигрантларни ўз юртига депортация қилишни режалаштиряпти ва буни ташкиллаштиришда Ўзбекистон билан ҳамкорликка умид боғламоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон меҳнат миграцияси йўналишларини диверсификация қилишни истайди ва Германия билан бу борада битим имзоланди. Ўктам Битураевга кўра, немис саноатининг 53 фоизи кадрларга муҳтож ва давлатда бугун 400 мингдан ортиқ очиқ вакансиялар бор. Бу ўринларни хорижлик ишчилар билан тўлдириш сиёсати бошланган. Яқинда Кения билан ҳам худди шундай шартнома имзоланган.

Айни пайтда, Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Россия ва Хитой таъсири ортиб бораётган минтақада геосиёсий баланс муҳим ҳамда мана шу балансни Европа Иттифоқи билан мувофиқлаштириш Марказий Осиё давлатлари манфаатларига мос келади. Германия Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият энг салбий нуқтага етган вақтларда мамлакатни кескин танқид қилган Ғарб давлатларида қаторида эмасди, доим минтақа билан диалог тарафдори бўлиб келган, дейди у.

Раббимовга кўра, Германия энергетик жиҳатдан Россиядан узилиш Германия иқтисодиётига қимматга тушди. Бугунги кунда ГФР Марказий Осиё билан энергетика, иқтисодий ва геосиёсий масалалар бўйича ҳамкорликка катта эътибор қаратмоқда.

Сиёсатшунос Битураевнинг қўшимча қилишича, немис саноати дунёда сифат нуқтайи назаридан олдинги ўринларда туради. Шундай бўлса-да, Ўзбекистоннинг технологик импорти рўйхатида Германия Хитой, Корея каби давлатлардан орқада. Ташриф давомида технологик маҳсулотлар савдоси бўйича ҳамкорликни қайта жадаллаштириш масаласи ҳам кўрилган.

Бундан ташқари, Украина президенти Володимир Зеленскийнинг илтимоси билан Шолц Марказий Осиёнинг беш раҳбаридан Киев таклиф қиладиган навбатдаги тинчлик саммити ташаббусларини қўллашни ҳам сўраши мумкин. Қайд этиш лозим, бу маълумот расмий манбалар томонидан тасдиқланмаган.

Суҳбатдошларнинг тўлиқ фикрлари билан видео орқали танишишингиз мумкин.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид