Жаҳон | 10:50 / 17.09.2024
4257
3 дақиқада ўқилади

Исроил мудофаа вазири: «Ҳизбуллоҳ» билан уруш тобора яқинлашмоқда

Ливан билан чегарадаги тўқнашувлар туфайли дипломатик ечим имкониятлари камаймоқда, деди Исроил мудофаа вазири АҚШ президенти ёрдамчиси ўринбосари билан учрашувдан сўнг.

Йоав Галант Фото: Jacquelyn Martin/AP/TASS

Ливан билан чегарада деярли ҳар куни содир бўлаётган тўқнашувлар туфайли дипломатик келишув имкониятлари камайиб бормоқда. Бу ҳақда Исроил мудофаа вазири Йоав Галант АҚШ президенти ёрдамчиси ўринбосари ва Давлат департаментининг энергия хавфсизлиги бўйича катта маслаҳатчиси Эймос Хокстин билан учрашув якунлари бўйича маълум қилди. Галантнинг сўзлари 16 сентябр, душанба куни Исроил Мудофаа вазирлиги томонидан келтирилди.

«Ҳизбуллоҳ» ўзини Ҳамас билан боғлашда давом этар экан ва можарога барҳам беришдан бош тортар экан, келишув эҳтимоли камайиб бормоқда», деди вазир Ливандаги ҳаракат ва фаластинликларга ишора қилиб.

Исроилнинг шимолий чегарасида ўн минглаб исроилликлар ўз уйларига қайта олмаяпти, деди Галант. Уларнинг хавфсизлигини таъминлашнинг ягона йўли - бу йирик ҳарбий операция, деди вазир.

Ҳамас: Исроилнинг «узоқ давом этадиган вайронкор урушига» тайёрмиз

Айни пайтда Ҳамас сиёсий бюроси раҳбари Яҳё Синварнинг айтишича, ҳаракат Исроилнинг «узоқ давом этувчи вайронкор урушига» тайёр.

AFP маълумотларига кўра, Ливандаги тўқнашувлар оқибатида 623 киши ҳалок бўлган, улардан камида 142 нафари тинч аҳоли вакилларидир. Исроил томонида, расмийларга кўра, 24 аскар ва 26 тинч аҳоли ҳалок бўлган.

Аввалроқ, 15 сентябр куни «Ҳизбуллоҳ» Исроил шимолига отилган ўнлаб ракеталар учун жавобгарликни ўз зиммасига олган эди.

Бундан ташқари, портловчи моддаларни олиб учган дрон Ливандан Исроил чегарасини кесиб ўтган. У мамлакат шимолида Юқори Жалиладаги Метула шаҳри яқинида қулаган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.

Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ), ўз навбатида, Ливандан мамлакатга 40 га яқин ракета учирилганини маълум қилди. Баъзилари ракетага қарши мудофаа тизимлари томонидан тутилган, бошқалари эса очиқ жойларда қулаган. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ. Ўт ўчирувчилар ҳужумлар натижасида юзага келган ёнғинларни ўчиришди.

Яқин Шарқдаги кескинлашув

2023 йил 7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

Ҳамаснинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 41 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид