“Кўп нарса молиялаштиришга боғлиқ” — Тошкентни тошқинлардан қутқариш режаси тайёрланмоқда
Охирги 30 йилдан бери Тошкентнинг дренаж тизими қаровсиз қолдирилган, буни 1-2 йилда соз ҳолатга олиб келиш қийин, дейди Рақамли ривожланиш департаменти директор ўринбосари Камолиддин Файзуллаев. Унинг сўзларига кўра, бу борада туркиялик консултантлар билан ҳамкорликда 25 йилга мўлжалланган мастер режа ишлаб чиқилмоқда.
Ҳар ёмғирли кунларда пойтахтнинг айрим кўчалари кўлмакка айланиб, сув билан тўлади. Бундай ҳолат деярли ҳар йили кузатиляпти, айниқса охирги 3 йилда яққол кўзга ташланиб, ноқулайлик туғдирадиган вазиятга келди. Олдинда ўзбекистонликларни ёғингарчилик мавсуми кутмоқда.
Хўш, Тошкентни яна сув босадими? Бунинг олдини олиш учун нималар қилинади ёки қилиняпти? Kun.uz шу ҳақда маълумот олиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти директори ўринбосари Камолиддин Файзуллаев билан суҳбатлашди.
“25 йил давомида таъмирланмаган тизимни 1-2 йилда соз ҳолатга олиб келиш қийин”
Унинг айтишича, бу мавсумда ҳам Тошкентни сув босиши мумкин, балки, аниқ ҳамдир.
“Чунки шунча йиллар: 1995-2000 йиллар бошидан бери бу нарса қаровсиз қолдирилган. Тошкентда 5 млндан ошиқ одамлар яшаса, турар жой биноларида яшовчи одамларнинг турли инфратузилмалардан фойдаланиши бу каби тизимларнинг ишдан чиқишига сабаб бўлади. Сув тузилмалари орасида энг тез ишдан чиқиши мумкин бўлган тури ёмғир сувини олиб чиқиб кетадиган тизим ҳисобланади. Чунки ёмғир исталган ҳудудга ёғади. Уни кўчага олиб чиқиш учун ташкил қилиш мураккаб ҳисобланади ва бу тузилмаларни таъмирлаш ҳамда қуриш анча катта маблағни талаб қилади. 25 йил давомида таъмирланмаган тузилмаларни 1 ёки 2 йилда соз ҳолатга олиб келиш қийин.
Бу инфратузилмаларга бўлган талабнинг сусайишига сабаб ҳам бу масаланинг иккиламчи ўринга чиққани бўлса керак. Дренаж тизимларининг устига уйлар қурилмоқда ёки вақтида таъмирланмаяпти.
Шунингдек, уйга кўчиб бораётган хонадон эгаси биринчи уйдаги электр ва иситиш тизимларига эътибор беради. Ёмғир сувлари олиб чиқиб кетиладиган тузилмаларга кейинчалик эътибор қаратиши мумкин. Шунингдек, бу тизимлар хонадон эгаси ёки фуқарога йилига 15 кун ёки 1 ой керак бўлиши мумкинлиги учун ҳам бу масалага бўлган талаб пасайган бўлса керак.
Бу борада вазиятни [муаммони] минималлаштириш учун бир неча ишлар амалга оширилмоқда. 45 та хонадонга трубалар, лотоклар ўрнатилди ва шу пайтгача бўлган муаммоларга эътибор қаратилди. Лекин бу дегани барча муаммолар тўлиқлигича бартараф қилинди дегани эмас. Чунки кузда интенсив ёмғир ёғадиган бўлса, бу нарса сув тошқини содир бўлишига олиб келиши мумкин. Шу сабабдан бир томондан булар табиатга ҳам боғлиқ ҳисобланади. Булар сув тошқинини минимал даражада камайтириш учун олиб борилган ишлар ҳисобланади, тўлиқлигича сув тошқинларини бартараф этувчи эмас. Ҳозирда бизга боғлиқ бўлган инфратузилмаларни такомиллаштиришга алоқадор ишлар амалга оширилмоқда.
Ривожланган давлатлар Корея ёки бошқаларда ҳам сув тошқинлари бўлиб туради, ваҳоланки улар ҳам ривожланган давлатлар аслида. Аммо бу соҳадаги ишларни камайтириш ёки тўхтатиб қўйиш керак дегани эмас. Бу кабиларнинг оқибатларини минималлаштиришга қаратилган ишлар барибир бажарилиши керак”, – дейди у.
“25 йилга мўлжалланган мастер режа тузилмоқда”
Департамент вакилига кўра, бу каби муаммоларнинг олдини олиш учун ҳозирда пойтахтда 25 йил давомида таъмирланмаган ёки эътибор берилмаган ҳудудларнинг топографик видеолари олиниб, шаҳар аэрофото съёмка қилиниб, унинг рақамли релефи яратиляпти.
“Буларнинг барчаси дастурий таъминотга киритилиб, гидрологик моделлаштириш ишлари олиб борилади. Бу дегани Тошкент шаҳридаги ерости сувлари қанчалик ва қайси нуқталарда йиғилиши аниқ дастурда кўрсатилади ва қанчалик интенсив ёмғир ёғса, у ердан сувни олиб чиқиб кетиш ҳам бу дастурдан ўрин олади. Ёмғир ёғганда қаерларга сув тошиши мумкинлиги ҳам симуляция қилиб кўрилади. Ёмғир сувлари ёғганда қанча миқдорда йиғилади, қаерларда тўпланади ва уларни олиб чиқиб кетиш учун қандай иншоотлар қурилиши керак бўлса, биз шуларни моделлаштириш устида ишлаяпмиз. Ўтган йили бу иш бошланган. Аммо дала ишлари шу йилдан бошланди. 25 йилга мўлжалланган мастер режа тузилмоқда ва унда бир неча вазифалар мавжуд.
Масалан, биринчи қисмда қанча жой реконструкция қилинишига аниқлик киритилади. Ҳозирда 3 хил турдаги сув тузилмалари 25 га яқин ташкилот балансида. Бу эса тизимнинг самарали бошқарувига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Балки бунинг бошқарув тизимини модерация қилиш таклифи ўртага қўйилиши мумкин. Мастер режани ишлаб чиқиш мобайнида норматив ҳужжатлар стандартлари қайта кўриб чиқилади ва ўша талабга жавоб бермайдиган нормалар устидан қўшимча ўзгартиришлар бўйича иш олиб борилади. Ҳозиргача ёмғир сувларини оқизиш бўйича тизимга уланиш ёки уларга шикаст етказиш бўйича жавобгарлик назарда тутилмаган. Ўшаларни ҳам қонунчиликка киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.
Мастер режа ишлаб чиқилгандан кейинги босқич инвестициялар жалб қилиш босқичи ҳисобланади. Тузилманинг такомилга эришиши маблағлар масаласига ҳам боғлиқ. Ўша нарсаларни қанчалик вақтида молиялаштириш, уларни қуришга ҳам кўп нарса боғлиқ. Мастер планнинг ишлаб чиқилишига Туркиянинг компанияси консалтант сифатида жалб қилинган ва улар моделлаштиришга ёрдам беришмоқда. Бу лойиҳаларни амалга ошириш кўп маблағ ва қурилиш бўйича рухсат бериш жараёнларини ҳам талаб қилади. Мисол учун, бирор йўл ёки қурилиш биноси остидан ёмғирни олиб чиқиб кетувчи трубалар ўтиши керак бўлиши мумкин. Бу эса мастер режанинг бир қисми бўлиши шарт. Буларни инобатга олмасдан бош режани қилиш нотўғри бўлади”, – деди Камолиддин Файзуллаев
Сув қаерларда кўпроқ тошади
Маълумотларга кўра, Тошкентнинг қайси нуқталарида сув тошқинлари бўлган ёки қайта тошқинлар бўлгани ҳақидаги ахборотлар 2021 йилда ягона харитага жамланган.
Шу жойлардаги муаммони бартараф этиш учун 128 та участка танлаб олинган ва уни тузатиш босқичи 3 га бўлинган. Биринчи босқичда 45 та участкадаги коллектор, лоток ва каналчаларни таъмирлаш режалаштирилган.
“Бу маълумотлар ижтимоий тармоқдан ва халқ назорати порталига келиб тушган маълумотлар асосида шакллантирилган. Бу интерактив карта ҳисобланади. Доиранинг катталигига қараб ўша ердаги муаммонинг катталигига эътибор қаратиш мумкин. Бу ўша ҳудудда сув тошқини бир неча марта содир бўлганини ҳам англатади. Буни туманлар кесимида бўлмаймиз, шаҳар нисбатида оламиз.
Чилонзор, Шайхонтоҳур ва деярли барча туманларни катта муаммоли туманлар дейиш мумкин, ёмғир тизимлари ўрнатилганига қараб. Бўрижар, Бўзсув, Кўкча, Жунариқлар, Қорақамиш, Зовур каналлари тўғрисида ҳам маълумотлар йиғилмоқда. Каналлар сақланиб қолганми ёки бузилиб кетганми, булар тўғрисида ҳам маълумотлар йиғилмоқда. Буларни ҳам мастер режага киритиш назарда тутилади. Ирригация тармоқларида коллекторлар 167 км, ёмғир сувларини оқизиш тизими 18 км, дренаж тизими 60 км, канал ва ариқлар 535 км.
Лотоклардан ҳозирча 1225 кмни ҳисобга олганмиз, аммо лотоклар бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Чунки кўп қаватли уйлар ичидаги лотоклар тўлиқлигича ҳисобга олинмаган. Балансга олинмаган коллекторлар 4,4 кмни ташкил этади ва бу дегани агар труба ишдан чиқиб қолса, бирор ташкилот томонидан булар тузатилмайди ва бу ҳеч қайси ташкилот зиммасига тушмайди. Ариқлардан ҳам 29 та ариқлар бирор балансга киритилмаган. Айниқса кварталлар ичидаги лотоклар бузиб юборилган, синиб кетган ва шуларнинг ҳисобига ҳам ёмғир сувлари чиқиб қолиш ҳоллари кўп кузатилади”, – деди шаҳар ҳокимлиги расмийси.
Маълумот учун, шу йил сентябрдан бошлаб шаҳар ҳокимлиги Олмазор туманидаги айрим кўчалар, Мирзо Улуғбек туманидаги “Ўзбекистон овози” кўчаси ҳамда Кичик ҳалқа йўлидаги дренаж қувурлари таъмирланиб, қайта ётқизилаётганини хабар қилганди.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
13:54 / 19.12.2024