Спорт | 14:32 / 17.09.2024
6620
7 дақиқада ўқилади

ЕЧЛда янги мавсум бошланмоқда. Қийин саволларга оддий жавоблар

Фото: David Ramos / Getty Images

Бугундан янги форматдаги Европа Чемпионлар Лигасига старт берилади. 36 жамоа клублар ўртасидаги энг нуфузли совринни қўлга киритиш ёки турнирда узоқроққа бориш учун баҳсга киришади. Ҳар қандай ўзгаришнинг илк даврларида бўлгани каби турли тушунмовчиликлар, саволлар пайдо бўлгани, кўпчилик учун янги формат бироз мураккаброқ туюлгани табиий. Қуйида ушбу мусобақа форматини содда шаклда тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Хўш, нималар ўзгарди?

Ҳеч қандай гуруҳ йўқ

Шу пайтгача, бутун ёз бўйи, ҳамда қуръа пайтида ҳам жамоаларнинг гуруҳлар, тўғрироғи, тоифалар сифатида тақдим этилиши бу ҳақида маълумоти бўлмаган мухлисларни бироз чалкаштирган бўлиши мумкин. Аниқ қилиб айтиш мумкинки, 36 жамоа иштирок этадиган биринчи босқичда ҳеч қандай гуруҳ йўқ. Ўйинларда тўпланган очколар бўйича умумий жадвал амалда бўлади.

У ҳолда 9 талик гуруҳлар нима эди?

Гап шундаки, 36 жамоа якдил умумий жадвалда курашгани билан, ҳамма бир-бири билан ўйнаб чиқишига вақт етмайди. Ҳар бир жамоа 4 марта сафарда, 4 марта ўз майдонида, жами 8 учрашувда майдонга тушади. Ҳеч қайси жамоа бошқаси билан икки марта тўқнаш келмайди. Бир мамлакат вакиллари бир-бири билан ўйнамайди.

Жамоаларнинг 4 тоифага ажратилиши эса рақибларнинг кимгадир осон, бошқасига қийин бўлиб қолмаслиги учун эди. Яъни тоифалар рейтинг ва жамоалар кучига қараб ажратилган. Ҳар бир жамоа ҳар тоифадан 2 тадан рақибга (бири билан ўз майдонида, иккинчиси билан сафарда) қарши майдонга тушади.

Мисол учун, «Арсенал»ни олайлик. Лондонликлар 1-саватдаги «ПСЖ» билан ўз майдонида, «Интер» билан сафарда ўйнайди. 2-саватдагилардан «Шахтёр» билан уйида, «Аталанта» билан сафарда баҳслашади. Учинчи саватдан, «Динамо» Загреб (уйда), «Спортинг» (сафарда), тўртинчилар ичидан эса, «Монако» ҳамда «Жирона» рақиб бўлади. Ҳар бир иштирокчи жамоа учун рақиблар айнан шу асосда танланган. 

Кейинги босқичга қандай чиқилади?

Ҳар бир жамоа 8 тадан ўйин ўтказгач, тўпланган очколар бўйича 36 жамоа учун умумий жадвал асосида ўринлар аниқланади. Илк 8 ўринни эгаллаган жамоа тўғридан тўғри нимчорак финал иштирокчисига айланади.

Кейинги 16 жамоа, яъни 9-24 ўринни эгаллаган жамоалар эса нимчорак финалдан олдин, 8 жуфт бўлиб уй-сафар тизимида плей-офф ўтказади. Ғолиблар ҳалиги 8 жамоага қўшилиб, нимчорак финал иштирокчиларини ташкил этади. Нимчорак финалдан кейинги босқичлар худди аввалги Чемпионлар Лигаси форматида давом этади.

Шу жиҳатни эътиборга олиш керакки, дастлабки босқичда 25-36 ўринни эгаллаган ёки кейинги плей-оффда мағлуб бўлган жамоалар учун еврокубоклар бутунлай якунига етади. Аввалгидек Европа Лигаси ёки Конференциялар Лигасига ўтиш имконига эга бўлишмайди.

Кўр-кўрона қуръа бўлмайди

Аввалги форматда аксарият топ-клублар гуруҳ масаласини охирги турларга бориб ҳал қилиб қўяр, сўнгги турларда интригалар деярли қолмасди. Бу сафар жадвал умумий бўлишининг бир қатор ижобий томонлари бор.

Биринчидан, 36 талик якуний жадвалда 1-ўринни эгаллаш бирор совринни тақдим этмаса-да, барибир, ғолиб бўлиш топ-клублар учун ўзгача мазмун тақдим этиши шубҳасиз. Табиийки, «Реал» ёки «Сити» каби клублар доим энг юқори ўринларда бўлишга интилиши турган гап. Илгари, саккизта гуруҳдаги 4 жамоа ичида ғолиб бўлганларни ўзаро солиштириш имкони бўлмасди, 2-ўринни олиб ҳам чиқиш етарли эди. Аммо энди, айтайлик, ЕЧЛ ғолиблигига даъвогар бўлган бирор клубнинг якунда 7-ўринни олиши вазиятга танқидий кўз билан қараш, бошқалар билан солиштиришга сабаб бўлиши мумкин.

Иккинчидан, 8 ўйиндан иборат босқичда, фақат илк 5-6 ўйинни яхши ўтказиб, масалани ҳал қилиш имконияти деярли йўқ. Зеро топ-клублар 8 тадан кўп, улар ҳам максимал очко олишга уринишади. 9-24 ўринлар ҳам бутунлай муваффақиятсизлик бўлмаса-да, албатта, февралда қўшимча плей-оффга қолиш, тағин ҳар қандай хавфли рақиб бўлиши мумкинлигини инобатга олсак, ҳеч ҳам керак эмас.

Учинчидан, нимчорак финалда қуръа ташланаётганда айнан илк босқичда эгалланган ўринлар катта аҳамият касб этади. Мисол учун, биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар финалгача бир-бирига тўқнаш келмайди. Қуйидаги суратда плей-офф йўли акс этган. Тушуниш бироз қийинчилик туғдирса, февралгача сабр қилинг, ўшанда амалий томондан ҳаммасини кўриш имкони бор.

Дастлабки босқич келаси йил тугайди

Илк босқичдаги ўйинлар сони 6 тадан 8 тага айланиб, кўпайганига эътибор берган бўлсангиз керак. Табиийки, ўтган форматдаги каби, ҳаммасини декабргача сиғдиришнинг иложи йўқ. Шу туфайли, 7-8 турлар 2025 йил январ ойига белгиланган.

Жорий босқичдаги ҳар бир турда 18 жуфтлик бўлиб, доимгидек, сешанба ва чоршанба оқшомларида биз Чемпионлар Лигаси ўйинларидан баҳраманд бўламиз. Фақат 1-турда сал бошқачароқ, ўйинлар уч кунга тақсимланган. Демак, сешанба-пайшанба кунлари 6 тадан ўйин бўлиб ўтади. 6 ўйиннинг 2 таси эртароқ вақтга (Тошкент вақти билан 21:45) қўйилганини эътиборга олсак, биз мана шу уч кун ичида 6 ўйинни тўғридан тўғри томоша қилиш имкониятига эгамиз.

Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, барча жамоалар умумий жадвалда ҳисобланиши учун ҳамма ўйин бир-бирига боғлиқ бўлишидан келиб чиқиб, 8-тур ўйинлари бир вақтда ўтказилади. Яъни бир пайтнинг ўзида 18 ўйин бўлиб ўтади.

1-тур жуфтликлари:

17 сентябр, 21:45. «Ювентус» – ПСВ, «Янг Бойз» – «Астон Вилла»

17 сентябр, 23:55. «Милан» – «Ливерпул» (Zo'rTV), «Бавария» – «Динамо» Загреб, «Спортинг» – «Лилл», «Реал» – «Штутгарт»

18 сентябр, 21:45. «Болоня» – Шахтёр, Спарта - Залсбург

18 сентябр, 23:55. «Селтик» – «Слован», «Брюгге» – «Боруссия» Дортмунд, «Манчестер Сити» – «Интер», «ПСЖ» – «Жирона».

19 сентябр, 21:45. «Фейенорд» – «Байер», «Црвена Звезда» – «Бенфика».

19 сентябр, 23:55. «Аталанта» – «Арсенал», «Атлетико» – «Лейпциг», «Брест» – «Штурм», «Монако» – «Барселона».

Кейинги турлардан Европа Лигаси билан бир ҳафтада ўтиши инобатга олинган ҳолда, пайшанба куни ўйинлар бўлмайди.

Мавзуга оид