Дронлар Твер областига ҳужум қилди. У ерда ракета арсенали жойлашган
18 сентябрга ўтар кечаси Твер области Торопец шаҳрида дронлар ҳужуми туфайли қисман эвакуация эълон қилинди. Шаҳарда портлаш содир бўлган, кейин эса кучли ёнғин юзага келган. Катта эҳтимол билан, Торопецда ракеталар ва бошқа ўқ-дориларнинг йирик арсеналига ҳужум қилинган. Россия ҳукумати ўқ-дорилар омборида портлаш бўлганини тасдиқламаяпти.
Торопецда тунда рўй берган ёнғин тўғрисида Твер области губернатори Игор Руден хабар берди. Унинг сўзларига кўра, олов «ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ишлаши вақтида уриб туширилган дронлардан бирининг парчалари тушиши оқибатида» рўй берган. У қандай объект ҳужумга учраганига аниқлик киритилмаган.
Россиялик губернаторлар сўнгги ойларда украин дронлари у ёки бу объектга ҳужум қилганида доимо дрон уриб туширилгани, объектга — масалан, нефт базага унинг парчалари тушгани ҳақида айтишади.
Телеграм-каналлар эса маҳаллий аҳоли вакилларига таянган ҳолда Торопецда дронга хос овоз эшитилгани, унинг ортидан портлаш рўй бергани ҳақида хабар қилишмоқда. Кейинроқ Твер области ҳукумати маълум қилишича, расмийлар аҳолининг бир қисмини «ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаётган ва ёнғинга қарши кураш олиб борилаётган ҳудудлар»дан эвакуация қилишга қарор қилган.
Торопец маъмуриятининг «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзилишича, аҳоли қўшни Западная Двина шаҳрига кўчирилмоқда. У ерда, маҳаллий маъмурият хабарига кўра, 18 сентябр куни мактаблар ва болалар боғчалари ёпилган.
Россия мудофаа вазирлиги тонгда 18 сентябрга ўтар кечаси Россия регионларида 54 та учувчисиз учар қурилмалар уриб туширилгани ҳақида хабар берган. Вазирлик ўз ҳисоботида Курск, Брянск, Смоленск, Белгород ва Орлов областларини келтирган, аммо Твер области ҳақида индамаган.
Россия ва Украинадаги телеграм-каналларга кўра, Торопецда ўқ-дорилар омборига ҳужум қилинган бўлиши мумкин. Каналларда дроннинг кичик заряди эмас, ўқ-дори детонациясини эслатувчи кучли портлаш видеоси тарқалган.
Видео маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан олинган, кадр ортида уларнинг ўзаро гаплашгани эшитилади. Торопецликлар ўтирадиган телеграмдаги чатлардан бирида ҳам кучли портлаш ҳақида гап боради.
Торопецда ўқ-дорилар, ракеталар ва бошқа портловчи моддалар сақланадиган йирик арсенал мавжуд. Бу расмий маълумот бўлиб, Россия давлат нашрлари ҳам ракета арсенали ҳақида кўп бор ёзишган.
Россия ҳукумати қуроллар арсеналидаги портлаш ҳақида хабар бермаган.
BBC украин хизматининг Украина хавфсизлик хизматидаги манбаси украин дронлари Твер областида «Искандер» ва «Точка-У» ракеталари, шунингдек, нишонга ўзи борувчи авиабомбалар «омбори йўқ қилингани» ҳақида айтган.
«Энг юқори даражадаги жаҳон стандартларига жавоб беради»
Расмий хабарларга кўра, Торопецдаги комплекс сақлаш арсенали қурилиши бир неча йил олдин якунланган. «Спецстрой» баҳоларига кўра, унинг ишга туширилиши учун 3,6 млрд рубл сарфланган.
Арсенал 2012 йилда Россия мудофаа вазирлиги йўлга қўйган, ўқ-дорилар ва портловчи моддаларнинг очиқ ҳавода сақланишини бартараф этишга қаратилган, ўқ-дориларни сақлаш тизимини такомиллаштириш мақсадидаги мақсадли дастур доирасида қурилган.
Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, арсенал «энг юқори жаҳон стандартларига мос келади» ва ракета ҳамда ўқ-дори захираларини ташқи таъсирлардан ҳимоялаш, уларнинг хавфсизлигини, ёнғин ва портлаш хавфсизлигини таъминлаш имконини беради.
Арсеналда совитиш ва иситиш хоналари, электр нимстанциялар, тозалаш иншоотлари, сув ва ёнилғи сақлаш учун резервуарлар, шунингдек 100 дан ортиқ ўт ўчириш вақтида фойдаланиладиган сув сақлагичлар мавжуд.
Astra телеграм-канали тасдиқлашича, дронлар Торопец шаҳридаги ҳарбий қисмга май ва июл ойларидаёқ ҳужум қилган, бунинг натижасида портлаш ва ёнғинлар рўй берганди.
Торопец — 1000 йиллик тарихга эга шаҳар бўлиб, аҳолиси сони 11 мингдан ошиқни ташкил этади.
Губернатор шаҳарга кириш очилгани, дронлар ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар ва жиддий жароҳатланганлар йўқлигини маълум қилган. Аммо кейинроқ Россия соғлиқни сақлаш вазири ёрдамчиси Алексей Кузнецов дрон парчалари тушиши оқибатида 13 киши шифохонага ётқизилгани, уларнинг ҳолати ўрта оғирликда эканини маълум қилди.
Украин дронлари қандай қилиб ҳарбий омборларга зарба бера олмоқда?
BBC рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси Иля Абишев
Ҳарбий мавзуларга ихтисослашган блогерлар норози: Торопецдаги портлаш рўй берган арсеналнинг тасвирларини интернетдан осон топиш мумкин эди.
«Бир танишим менга Торопецдаги омборнинг сунъий йўлдош орқали олинган фотоларини юборди. Батафсил кўрсатилган, — дея ёзади ҳарбий кўнгилли ва политолог Алексей Живов. — Кўп нарса очиқ осмон остида ётибди ва осон фарқлаш мумкин, ракеталар бир жойда, бошқа жойда снарядлар ва ҳоказо. Мен ундан сўрайман: „Бу сифатдаги фотосуратларнинг барчасини қаердан олдинг?“ Биласизми, қаердан олган? Yandex ва Google хариталардан. Бу масалада сўкинмай туролмайсан киши. Мен шунчаки нима бўлганини тушунмаяпман», — дейди у ғазаб билан.
Агар ўқ-дорилар қаерда жойлашгани Yandex ва Google хариталарида кўриниб турган бўлса, унда ҳарбий сунъий йўлдошлар уларни янада яққол кўргани турган гап. Аммо ракеталар ва снарядлар нега ҳамма кўрадиган жойда, очиқ осмон остида жойлаштирилган?
Бу саволга жавоб тайин. Украинада ва Курск областида ҳарбий ҳаракатлар фаоллашиши билан Россия қўшинларининг ўқ-дориларга эҳтиёжи кескин кўтарилди, улар тўхтовсиз ҳарбий ҳаракатлар майдонига етказиб берилмоқда. Қуроллар мудофаа заводларидан омборларга ҳам худди шундай интенсивликда ташилмоқда.
Бундай шароитда ҳарбий юклар оқимини бошқара олмаслик эҳтимоли юқори — шундай вазият юзага келган бўлиши мумкинки, ўқ-дориларнинг навбатдаги партияси келганида еростидаги омборлардаги ўқ-дориларни олиб чиқиб кетишга улгуришмаган бўлган.
Украина чегарасидан Торопецдаги Ракета ва артиллерия бош бошқармасининг 107-арсеналига қадар масофа — камида 500 км. Украинанинг «Лютий» зарбдор дрони бундай масофани уч соат ичида босиб ўта олади, бундай дронлар бунгача бир неча бор Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидан ўтиб кетган.
Россия расмийлари Торопецдаги ракет арсеналига йўлланган зарба ҳақидаги маълумотни тасдиқламаяпти, Украина хавфсизлик хизмати эса Украина нашрларига бу ҳақда аноним тарзда маълумот берган.
Мавзуга оид
22:34
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024