«Реал»да янги юлдуз порлади, «Бавария» 9 та гол урди. ЕЧЛда кун ўйинлари
Сешанба оқшомида янги форматдаги Чемпионлар лигаси умумий гуруҳида 1-тур доирасида 6 та ўйин бўлиб ўтди.
Мюллер ва Кейн яна бир бор тарихга киришди
«Бавария» — «Динамо» Загреб 9:2
Голлар: Кейн (19 пеналти, 57, 73 пеналти, 78 пеналти), Геррейру (33), Олисе (38, 61), Сане (85), Горетцка (90+2) — Петкович (49), Огивара (50).
«Бавария» – Нойер (Улрайҳ, 46), Дэвис, Ким Мин Жэ (Дайер, 69), Упамекано, Геррейру (Горетцка, 81), Павлович, Киммиҳ, Олисе (Сане, 68), Гнабри, Мусиала (Мюллер, 68), Кейн.
«Динамо» Загреб – Невистич, Огивара (Хожа, 73), Пер-Габриэл (Шпикич, 73), Ммаэ, Теофил-Катрин, Ристовски, Батурина (Адеми, 78), Мишич, Рог (Стойкович, 46), Пяца (Куленович, 61), Петкович.
Огоҳлантириш: Ристовски (77).
Бу ўйинда барчаси олдиндан маълум эди. Бу ўйинда гап фақат «Бавария» қанча гол уришида эди — ўйин арафасида эса Мюллер мюнхенликлар сафида барчадан кўп ўйин ўтказган футболчи сифатида тақдирланди. Томасга 710 рақамли (юбилей кўрсаткичи) футболка топширилди, унга яна бир шундай футболка тайёрлаш ҳам мумкин эди. Чунки у захирадан ўйинга қўшилиб, турнирда бир жамоа сафида ўтказган ўйинлари сони (152) бўйича Хавини ортда қолдирди ва рекордчига айланди.
Биринчи бўлимда унинг жамоадошлари VAR билан ҳамкорликда ўзига хос акция уюштиришди. Видеотакрорлардан кейин мезбонларнинг икки голи офсайд туфайли бекор қилинди, аммо бир голни ҳисобга олишда ёрдам берди, шунингдек Кейн аниқ ижро этган биринчи пеналти тайинланишига сабаб бўлди. Шу куни англиялик ҳужумчи покер қайд этиб, шундан учтасини 11 метрлик нуқтадан урди. Ҳарри аввалига Уэйн Рунига етиб олди, кейин ЕЧЛда энг кўп гол урган (33) инглиз футболчисига айланди, «Бавария» эса «Реал» қилган ишни такрорлади. Бунгача фақат мадридликлар турнирда 60 марта 11 метрлик жарима зарбасини ижро этганди.
Мюнхенликлар учун барчаси силлиқ кечмади, Нойер жароҳат олгач, унинг ўрнига тушган Улрайҳ икки зарбада икки гол ўтказиб юборди. Лекин холис бўлиб айтиш керакки, бу вазиятларда қутқариш қийин эди. Жамоадаги барча футболчилар хотиржамликка берилганди. Лекин учта гол фарқи минимумгача қисқаргач, барча бир вақтда уйғонди. Тўғрироғи, хорватлар немис йиртқичини уйғотиб юборди ва яна олтита гол ўтказди. 9:2 — ҳақиқий хўрлаш. Турнирда илк бор бундай самарадорлик 1990 йилда кузатилганди, ўшанда «Реал» «Тирол» мудофаасини пароканда қилган (9:1).
Мбаппенинг юбилейи
«Реал» — «Штутгарт» 3:1
Голлар: Мбаппе (46), Рюдигер (83), Эндрик (90+6) — Ундав (68).
«Реал» – Куртуа, Менди (Фран Гарсия, 76), Рюдигер, Карвағал, Васкес (Милитао, 46), Беллингҳэм (Эндрик, 80), Чуамени (Модрич, 70), Валверде, Винисиус, Мбаппе, Родриго (Гюлер, 75).
«Штутгарт» – Нюбел, Миттелштадт, Шабо, Руо (Загаду, 88), Вагноман (Чейз, 63), Штиллер, Каразор, Фюрих (Ридер, 63), Мийо (Демирович, 75), Левелинг, Ундав (Туре, 76).
Огоҳлантиришлар: Васкес (23), Миттелштадт (30), Валверде (78), Милитао (80), Модрич (90+5).
Еврокубоклар мавсуми очилишига «Реал» учун муҳим бўлган икки футболчи — Тшуамени ва Беллингҳэм сафга қайтишди. Ва бу ЕЧЛда икки ўйин орасидаги фарқ бўйича немислар рекордини ўрнатган «Штутгарт» учун яхши янгилик эмасди. Швабларда бу 14 йил-у 184 кунга тенг бўлди. Жамоа охирги ўйинини «Камп Ноу»да ўтказганди, энди эса испанларнинг яна бир гранди майдони — «Сантияго Бернабеу»га ташриф буюрди.
Шу билан бирга, немислар мезбонлардан умуман чўчимай ҳаракат қилишди ва Куртуани мунтазам равишда иш билан таъминлашди (дастлабки 15 дақиқаликда 4 зарба). Ундав ҳужум уюштирганида тўп рикошет бўлиб тўсинга борди. Испанияда тез-тез пеналтидан гол уриб турадиган «Реал»нинг бу борада ҳам омади келмади. Видеоҳакамлар билан маслаҳатлашган арбитр 11 метрлик жарима зарбасини бекор қилди (ЕЧЛда мадридликларда бундай ҳолат илк бор кузатилмоқда), аммо тўқнашувдан кейин жон бераётгандек типирчилаган Рюдигер симуляция учун огоҳлантирилмади.
Бу мавсумдаги биринчи бўлимлар — Мадрид учун даҳшатли тушга айланмоқда. Жамоа етти ўйиннинг илк 45 дақиқаликларида атиги битта гол урган! Иккинчи бўлимда эса жамоа нисбатан яхшироқ ҳаракат қилмоқда. Бу ўйинда танаффусдан кейин дарҳол Родриго Мбаппени бўш дарвоза қаршисига чиқариб юборди. Бразилиялик вингер юбилей ҳаммуаллифига айланди, чунки Килиан ЕЧЛда Бензема (92) ва Анри (59)дан кейин 50 та гол довонидан ўтган учинчи французга айланди. Шундан кейин меҳмонлар жарима майдони қамал қилинди, хусусан, Винисиус Жуниорнинг зарбаси тўсинга тегди, «Штутгарт»нинг мағлубияти муқаррардек кўрина бошлади.
Фақат немислар таслим бўлишни ўйлашмади ва бурчак зарбасидан кейин ҳисоб тенглашди. Мадридни фиаскодан тажриба ва ёшлик уйғунлиги қутқарди. Аввалига Модрич корнердан кейин намунали узатма берди ва Рюдигер бош билан қайтариб бўлмас зарба йўллади. Кейин эса Эндрик ўз номини тарихга ёзишда давом этди. Ла Лигадаги дебют ўйинида ҳам гол урган ёш бразилиялик қарши ҳужумда бутун майдонни тўп билан кесиб ўтди ва рақиб жарима майдонигача олиб борди, икки қанотда очилган Мбаппе ёки Винисиусга пас бериши ҳам мумкин эди, аммо барчасини ўзи ҳал қилишни истади ва узоқдан яқин бурчакка аниқ зарба берди.
У 18 ёш-у 58 кунлигида, ЕЧЛдаги дебют ўйинида гол урди, қолаверса, мадридликлар клуби афсонаси Раулга тегишли бўлган рекордни янгилади.
«Ливерпул» «Милан»ни аямади
«Милан» — «Ливерпул» 1:3
Голлар: Пулишич (3) — Конате (23), ван Дейк (41), Собослаи (67).
«Милан» – Менян (Торрияни, 51), Тео, Павлович, Томори (Габбия, 84), Калабрия (Эмерсон, 70), Лофтус-Чик (Абраҳам, 70), Фофана, Рейндерс, Пулишич, Леау, Мората (Окафор, 84).
«Ливерпул» – Алиссон, Цимикас, ван Дейк, Конате, Александер-Арнолд (Гомес, 79), Мак Аллистер (Эндо, 90+2), Гравенберҳ, Собослаи, Гакпо (Диас, 68), Салоҳ (Киеза, 90+2), Жота (Нунес, 68).
Огоҳлантиришлар: Калабрия (22), Фофана (31), Мак Аллистер (53), Фонсека (60), Конате (80).
«Милан» – «Ливерпул» – маълум маънода, Чемпионлар лигасидаги классик қарама-қаршиликдир. Улардан бири бу турнирда етти бор ғолиб чиққан, бошқасида – олти ғалаба. Лекин икки жамоа ҳам бу ўйинга яхши кайфиятда етиб келмади. «Ливерпул» уикендда АПЛ 4-тури доирасида «Форест»га ўз уйида мағлуб бўлди (0:1), «Милан» эса мавсум стартидаги тўрт ўйиндан учтасида очко йўқотди (2 дуранг ва бир мағлубият). Фонсек шогирдлари фақат тўртинчи турга келиб аутсайдер «Венеция»ни енгишга эришди.
Ўйинда ҳисоб 3-дақиқадаёқ очилди. Меҳмонларнинг чап қанот ҳимоячиси Цимикас олдинга чиқиб кетиб, ўз ҳудудини бўш қолдирди. Пулишич эса тўп билан майдоннинг ярмини кесиб ўтди ва совуққонлик билан олис бурчакни нишонга олди – 1:0.
Лекин ўйин давомида «Ливерпул» майдонда устунлик қилди ва биринчи бўлимнинг ўзидаёқ рақибни яксон этди. Аввалига Салоҳнинг икки зарбаси тўсинга тегди, аммо ҳар сафар тўп майдонга қайтди. Биринчи ҳолатда катта эҳтимол билан офсайд ҳолати бўлганди ва бу ҳужумда гол бўлганида ҳам VAR уни бекор қилган бўларди. Жота эса ўзи зарба бериши ҳам, тўпни Гакпога узатиши ҳам мумкин бўлган қулай вазиятни йўққа чиқарди.
Шундай ҳолатда «Ливерпул»га стандартлар ёрдамга келди. Аввалига Трент жарима зарбасидан тўпни ошириб берганида Конате барчадан баланд сакраб, бош билан зарба берди ва «Милан» дарвозабонига имкон қолдирмади.
Биринчи бўлим охирларида Цимикаснинг бурчакдан паси голга айланди. Ван Дейк дарвозабон майдончасида туриб, осонлик билан дарвозани ишғол этди. Меҳмонлар биринчи бўлимда иккита ўхшаш голлар уришди: қанот ҳимоячилари марказий ҳимоячиларга тўп узатиши орқали.
Иккинчи бўлим Жотанинг яна бир қулай вазияти билан бошланди, аммо португалиялик ҳужумчи яқин масофадан туриб тўпни Меняннинг ўзига тепди. Бу эпизодда дарвозабоннинг чап оёғига ҳам зарба берилди – ёки Томори, ёки Жота томонидан. Натижада уни алмаштиришга тўғри келди ва «Милан» эса клуб академияси тарбияланувчиси бўлган 19 ёшли Лоренцо Торриани дебют қилди.
Моҳиятан, «Милан»да дуранг учун ягона имконият 59-дақиқада юзага келди, яқин масофадан берилган зарба Гакпонинг туширилган қўлига тегди. Кейин эса рақиб жарима майдонига кириб бориши мумкин бўлган Мората ван Дейк томонидан тўхтатилди. Аммо ушбу яккакураш ҳолати ҳам, тўп қўлга теккан ҳолатда ҳам бош ҳакам ва VAR ҳакамлари томонидан эътиборга олинмади. Кейин эса «Ливерпул» учинчи голни уриб, амалда ўйинни якунлади.
Гакпо қарши ҳужумга чиқиб кетди ва тўпни Собослаига узатди, у шунчаки бўш дарвозага зарба беришда хато қилмаслиги етарли эди. Ўйиннинг қолган қисмида «Милан» яна бир мажбурий ўзгариш амалга оширди. Жамоа сардори Калабрия оёғини ушлаб, газонга йиқилди. Қўшимча дақиқалар ўтаётганида эса стадионнинг ярми бўшаб бўлганди.
Лекин ўйинни кузатишда давом этиш учун сабаблар ҳам бор эди: меҳмон фанатлар ижросидаги «Ливерпул» мадҳияси, Леаунинг устунга теккан зарбаси, шунингдек италиялик ҳужумчи Киезанинг «Ливерпул»даги илк ўйини. 2-турда «Ливерпул» уйда «Болоня» билан ўйнайди, «Милан» «Байер» меҳмони бўлади.
Дел Пиеронинг вориси
«Ювентус» — ПСВ 3:1
Голлар: Йилдиз (21), Маккенни (27), Гонсалес (52) — Сайбари (90+3).
«Ювентус» – Ди Грегорио, Камбиязо, Бремер, Гатти (Данило, 57), Калулу, Копмейнерс, Локателли (Тюрам, 57), Маккенни (Дуглас Луис, 75), Йилдиз (Фажиоли, 69), Влаҳович, Гонсалес (Веа, 69).
ПСВ – Дроммел, Дамс (Мауро Жуниор, 76), Боскалли, Фламинго, Ледесма (Нагало, 86), Верман (Сайбари, 62), Сҳаутен, Тил (Ланг, 62), Тиллман, де Йонг (Пепи, 77), Бакайоко.
«Ювентус» Чемпионлар лигасига янги жамоа, бунгача ушбу турнирда мураббий сифатида қатнашмаган Тиагу Мотта ҳамда туринликлар тарихидаги энг ёш таркиб (футболчиларнинг ўртача ёши 25 йил-у 149 кунлик) билан қайтди. Шу туфайли Чемпионлар лигасининг янги форматидаги илк голни клубда обрўли саналган 10-рақамни олган Кенан Йилдиз ургани рамзий маънога эга бўлди. Туркиялик футболчи тўпни чиройли услубда юқори бурчакка йўллаш орқали «биянконерилар»нинг асосий еврокубокда гол урган энг ёш футболчиси бўлиб олди (19 ёш-у 136 кунлик) ва Алессандро Дел Пиеронинг рекордини янгилади. Унинг вориси голни Алекс услубида урибгина қолмасдан, голни нишонлашда ҳам тилини чиқариб, унга тақлид қилди.
Ўйинни тетик ва кучлироқ бошлаган ПСВ футболчилари бу голдан кейин тушкунликка тушиб қолишди ва кўп ўтмай иккинчи голни ҳам ўтказиб юборишди — Нико Гонсалес уюштирган ҳужумни Маккенни тўпга бир тегинишда якунлади. Бу вазиятда тўп йўл-йўлакай ҳимоячи орқали рикошет бўлиб боргани учун аргентиналикка пас ёзилмади, аммо унинг ўзи танаффусдан кейин «Юве» сафидаги илк голини урди. Бу ҳужумни жамоанинг бошқа бир янги футболчиси — Копмайнерс бошлаб берди. А сериядаги икки голсиз дурангдан кейин «Кекса синиоралар» яна учта гол уришди. Ягона минус — бу мавсумда илк бор гол ўтказиб юборилиши бўлди.
41 йиллик кутиш
«Янг Бойз» — «Астон Вилла» 0:3
Голлар: Тилеманс (27), Рэмзи (38), Онана (86).
«Янг Бойз» – фон Баллмос, Ҳажам (Конте, 63), Бани-Зукру, Камара, Атекаме, Лаупер, Няссе (Элиа, 46), Угринич, Колли (Виржиниюс, 63), Алмада Монтейру (Малес, 83), Ганвула (Иттен, 83).
«Астон Вилла» – Мартинес, Дин (Баркли, 88), Пау Торрес, Конса, Богарде (Диего Карлос, 46), Тилеманс (Матсен, 87), Онана, Рэмзи (Буэндиа, 88), Макгинн, Рожерс, Уоткинс (Дуран, 60).
Огоҳлантиришлар: Няссе (33), Лаупер (46), Элиа (53), Алмада Монтейру (78), Дуран (79).
«Астон Вилла» асосий еврокубокда ўйнамаганига кўп вақт бўлганди, лекин 1982 йилда, ислоҳотдан олдинги Европа чемпионлари кубоги номи остидаги турнирда бирмингҳэмликлар «қулоқли» кубокни боши узра кўтарганди. Ва Унаи Эмери жамоаси рақибнинг ўйин стартидаги ҳужумларига дош беришига ҳамда Берндаги сунъий қопламали газонга мослашишига тўғри келди. Маълум вақт ўтганидан кейин савия ўзини кўрсатди. Швейцарияликлар бурчак зарбаси амалга оширилганида хатога йўл қўйишди ва Тилеманс жарима майдони марказида ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан тўпни қабул қилиб олди ва уни бурчакка михлади. Буни қайсидир маънода тарихий воқеа дейиш мумкин, чунки «Вилла» 41 йилдан буён бу даражадаги ўйинда гол урмаганди.
Белгиялик футболчи ҳам бундай гол урмаганига етти йил бўлганди — у ўшанда «Монако» шарафини ҳимоя қиларди. Кейин эса меҳмонлар «қон иси»ни олишди, «Янг Бойз» мудофааси эса хато қилишда давом этди. Камара ўз жамоаси жарима майдони ичида тўпга эгалик қилган ҳолатда уни шунчаки узоқлаштириш ўрнига дарвозабон томон пас узатди, Жейкоб Рэмси эса Уоткинснинг ёрдамида бўш бурчакни ишғол этди. Бўлим охирида эса Уоткинснинг ўзи урган гол аралашуви билан бекор қилинди, бу вазиятда ҳужумчи тўпни қўли билан ўйнагани маълум бўлди. Лекин бу Швейцария чемпионларини йирик ҳисобдаги мағлубиятдан қутқариб қола олмади, ўйин охирида Онана узоқдан йўллаган зарбаси билан якуний ҳисобни ўрнатди. Энди «Вилла» — «Ференцварош» ва «Лестер»дан кейин гуруҳ босқичидаги илк ўйинида 3 та гол фарқи билан ғалаба қозонган учинчи жамоа бўлди.
Вундеркинд ва мерган
«Спортинг» — «Лилл» 2:0
Голлар: Докереш (38), Дебас (65).
«Спортинг» – Исраэл, Инасиу (Рейс, 13), Диоманде, Дебаст, Педру Гонсалвеш, Тринкау, Морита (Даниэл Браганса, 46), Юлманд, Катаму, Кенда (Араухо, 73), Докереш.
«Лилл» – Шевале, Баккер (Гудмундссон, 82) Менье (Сантуш, 64), Алессандро, Манди (Буадди, 64), Диаките, Гомес, Андре, Жегрова, Саҳрауи (Кабелла, 71), Дэвид (Фернандес Пардо, 64).
Огоҳлантиришлар: Гомес (21), Дэвид (40), Морита (45+1), Андре (56), Буадди (72), Дебаст (86).
Четлатиш: Гомес (40).
Бошланғич таркиблар эълон қилинганидаёқ португаллар орасида янги рекорд маълум бўлди — Жеовани Кендагача ушбу мамлакатнинг ҳеч бир вакили ЕЧЛда бу қадар ёшлигида ўйнамаганди (17 йил-у 140 кун). Ва унинг бу натижаси узоқ сақланиб қолиши факт эмас, чунки «шерлар» қайдномасида икки нафар 16 ёшли футболчилар ҳам бор эди. «Лилл» сафида эса уларнинг тенгдоши ўйнади.
Майдондаги асосий юлдуз эса кутилганидек Диекереш бўлди, у мавсумдаги 12-голини уришга улгурди (миллий жамоа ўйинлари ҳам қўшилганда). Швециялик мерган қаторасига саккиз ўйинда рақиблар дарвозаларини ишғол этмоқда. У бу мавсумда фақат Португалия Суперкубогида гол урмаган, лекин икки голга узатма берганди.
ЕЧЛ ўйинида меҳмонлар сафида Гомес икки бор сариқ карточка олгач, ўйин тақдири амалда ҳал бўлди. Иккинчи бўлимда ҳимоячи Дебаст 30 метрдан ортиқроқ масофадан туриб «тўққизлик» томон шу қадар кучли зарба йўлладики, «Лилл» дарвозабони жойидан қимирлай олмади.
Кун статистикаси
- «Ювентус» форварди Кенан Йилдиз 3-марта бирор турнирда бошланғич таркибда дебют қилган ўйинида гол урмоқда. Туркиялик футболчи бунгача А серия ва Италия Кубогидаги илк ўйинларида гол урганди.
- «Ювентус» яримҳимоячиси Маккенни Чемпионлар Лигасидаги голлари сонини 5 тага етказди. У америкалик футболчилар орасида фақат «Милан» ҳужумчиси Пулишичдан (9) ортда.
- Сешанба куни ўйин ўтказган ўн икки жамоадан 11 тасида бошланғич таркибда франциялик футболчи бор эди. Франция бу борада етакчи.
- «Ливерпул» ҳимоячиси Александер-Арнолд турнирдаги голли узатмалари сонини 11 тага етказди, англиялик футболчи бу борада фақат Эшли Коулдан (12) ортда.
- «Ювентус» вингери Гонсалес ЕЧЛдаги дебютида гол урган 24-аргентиналикка айланди.
- «Бавария» форварди Ҳарри Кейнга ЕЧЛда 30 гол уриш учун 45 ўйин етарли бўлди. Бу Месси (48 ўйин)никидан тезроқ, аммо Ҳоланд (25), ван Нистелрой (34) ва Левандовски (36) ундан яхшироқ натижа қайд этган.
- «Ливерпул» ҳимоячиси ван Дейк асосий еврокубокда 50-ўйинини ўтказди.
- «Астон Вилла» яримҳимоячиси Тилеманс ЕЧЛда гол урган 200-белгияликка айланди. Бундай кўрсаткич 11 мамлакат вакиллари томонидан қайд этилган.
Мавзуга оид
12:33 / 23.12.2024
Ҳусановнинг «ўғирланган» голи ва Лондонда теннисча ҳисоб. Кун ўйинлари
12:02 / 22.12.2024
«Барса»да инқироз, «Сити»да антирекорд. Кун ўйинлари
11:12 / 19.12.2024
«Реал»да янги соврин, «Арсенал»га ҳакамлар ёрдам берди, Шомуродов гол урди
12:24 / 16.12.2024