19 сентябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Бойсундаги конда вазият юзасидан ўтказилган брифинг, Тошкент метрополитенидан аҳолига мурожаат, ғорат қилинган Омонқўтон боғи учун очилган жиноий иш — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Бойсундаги брифинг
Бойсундаги 17 сентябр куни “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конидан яна олтингугурт гази чиқа бошлаши билан боғлиқ аварияда 4 киши ҳалок бўлган, 11 киши жароҳатланган, улардан 10 нафарига шу куни шифохонадан уйига жавоб берилган.
Бу ҳақда фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев ва энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иштирокида 18 сентябр куни Бойсундаги кон яқинида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Брифинг форматидаги анжуманда масъуллар журналистлар саволларига жавоб бермади.
Расмийларга кўра, 17 сентябр куни соат 16:00 ларда кондаги 604-сонли қудуқнинг ён тарафидан юқори босимли водород сулфид гази чиқаётгани қайд этилган.
1 сентябр кунги техноген офат ҳам ушбу қудуқда рўй берган, натижада бир неча қишлоқлар аҳолиси уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлганди. Икки ҳафта Бойсун шаҳрида яшаган аҳоли 15 сентябр куни заҳарли газ чиқиши тўхтатилгани эълон қилинганидан кейин, яна уйларига қайта бошлаганди.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бугунги брифингда коннинг тарихи, бугуни, техник тавсифи ва уни ўзлаштириш нақадар мураккаблиги ҳақидаги бир неча саҳифалик маълумотномани ўқиб эшиттирди. Журналистлар саволларига эса жавоб берилмади.Начало формы
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича Бойсундаги конда содир бўлган аварияда ҳалок бўлган мутахассисларнинг оилаларига белгиланган компенсациялардан ташқари пудратчи ташкилот томонидан ҳам ёрдам кўрсатилади. Пудратчи ташкилот уларнинг фарзандларини ўқитиб, иш билан таъминлашгача зиммасига олмоқда.
«Тошкент метрополитени»нинг аҳолига мурожаати
Метрополитен маъмурияти метродан фойдаланиш қоидаларига амал қилишни сўраб, Тошкент шаҳри аҳолисига ва меҳмонларига мурожаат қилди.
«Ҳаракатланиш вақтида ўзаро ҳурматни сақлаш, поезд ичидаги йўловчилар чиқиб кетгунига қадар кириш учун вагон эшиклари олдида турмаслик, манзилга келгач поезддан чиқиш учун имкон қадар тезроқ ҳаракат қилиш, вагон эшикларига суянмаслик, шахсий буюмларни вагон ва метро ҳудудида қолдирмаслик талаб этилади», дейилади мурожаатда.
Қайд қилинишича, буларнинг барчаси оралиқ интервалларининг режа асосида амалга оширилишини таъминлашга «ижобий таъсир кўрсатади».
«Тошкент метрополитени»га кўра, 2024 йил якунигача 48 та ва 2025 йил давомида яна қўшимча 56 дона замонавий метро вагонини харид қилиш кўзда тутилган. Янги вагонлар Чилонзор, Ўзбекистон, Юнусобод ва Ер усти ҳалқа йўналишида ҳаракатланади ва бунинг ҳисобига оралиқ интервал камайтирилади.
“Омонқўтон”даги воқеа учун жиноят иши қўзғатилди
Самарқанд вилояти Ургут туманидаги “Омонқўтон” миллий табиат боғида номаълум шахслар томонидан очилган ноқоқонуний йўл бўйича жиноят иши қўзғатилди.
“Омонқўтон” миллий табиат боғида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 2,5 мингдан ошиқ ўсимлик ва дарахтлар нобуд қилиниб, табиатга 1 млрд сўмдан ортиқ миқдорда зарар етказилган. Жиноят иши тергови устидан Бош прокуратура назорат ўрнатган.
Ҳолат юзасидан прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 204-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва иш тергови устидан Бош прокуратура назорати ўрнатилган.
“Омонқўтон” миллий табиат боғида ноқонуний йўл очилиб, 869 квадрат метр майдондаги тупроқлар сурилиб, 1427 метр квадрат майдон тупроқ билан кўмилган.
Оқибатида, жами 2 693,9 квадрат метр муҳофаза этиладиган ҳудудда ўсувчи Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 7 турдаги 1112 туп, ноёб ва йўқолиб бораётган 5 турдаги 1479 туп ўсимлик нобуд қилинган. 8 турдаги 64 туп дарахт ва буталар кесилган, нобуд қилинган ва шикастлантирилган. Шу тариқа, табиатга 1 млрд 115 млн 907 минг сўмлик зарар етказилган.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг режимини бузишни англатувчи 204-моддаси 2-қисмида кўзда тутилган жиноятларни содир этган шахсларга БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини бериш назарда тутилган.
Тадбиркорлик билан шуғулланган банкирлар
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги учта банкдаги 148 нафар ходим 155 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик қилаётганини аниқлади.
«Микрокредитбанк», «Бизнесни ривожлантириш банки» ҳамда «Туронбанк» ва уларнинг тизим ташкилотлари ўрганилганда уларнинг 148 нафар бошқарув ходими 155 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётгани аниқланди.
«Микрокредитбанк»нинг 94 нафар бошқарув ходими 96 та тадбиркорлик субъектида, «Бизнесни ривожлантириш банки»нинг 41 нафар бошқарув ходими 46 та тадбиркорлик субъектида, «Туронбанк»нинг 13 нафар бошқарув ходими 13 та тадбиркорлик субъектида таъсисчи сифатида рўйхатдан ўтган.
Юқоридаги ҳолатлар бўйича агентлик томонидан мазкур банкларга тақдимномалар киритилди. Банклар тақдимномаларни танқидий муҳокама қилиб, тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик қилаётган ходимларга нисбатан огоҳлантириш хатлари бермоқда.
Мавзуга оид
21:21 / 25.12.2024
25 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:11 / 24.12.2024
24 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:14 / 23.12.2024
23 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:16 / 20.12.2024