20 сентябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Депутатликка номзодларни тўлиқ кўрсатган беш партия, болага нисбатан оилавий зўравонлик учун жавобгарлик ва экологик ҳуқуқбузарлик учун оширилаётган жарималар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Депутатликка номзодлар 100 фоиз кўрсатилди
Илк бора Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайлови учун барча депутатлик ўринларига 5 та партия томонидан 100 фоиз номзодлар кўрсатилди. Бундай натижа Ўзбекистон миллий сайлов тарихида биринчи маротаба қайд этилган.
Бу ҳақда бугун бўлиб ўтган Марказий сайлов комиссиясининг йиғилишида айтиб ўтилди.
Маълумотларга кўра, бу йилги сайловда 5 та сиёсий партия томонидан барча депутатлик ўринларига 100 фоиз номзодлар кўрсатилган.
Мазкур партиялар бир мандатли сайлов округлари бўйича 375 нафар, ягона сайлов округи бўйича эса 500 нафар номзодни рўйхатга олишга муваффақ бўлди. Қонунчилик палатасига жами 875 нафар номзод кўрсатилган.
Номзодлар таркибида инклюзивлик, яъни ногиронлиги бўлган шахслар сони ҳам кўпайган. Бу йил Қонунчилик палатасига 11 нафар, маҳаллий Кенгашларга эса 605 нафар ногиронлиги бор шахслар номзод сифатида кўрсатилди.
Сайловда иштирок этаётган номзодлар орасида 44,7 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Номзодларнинг ўртача ёши эса 47,2 ёш бўлиб, уларнинг 44,2 фоизи 45 ёшгача бўлганлардир.
Сайловолди ташвиқоти 22 сентябрдан бошланиб, партиялар оммавий ахборот воситаларида чиқишлари учун тегишли тартибда вақт ажратилади.
Болага нисбатан оилавий зўравонлик учун жавобгарлик
Сенатнинг бугун бўлиб ўтган 57-ялпи мажлисида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси ва Жиноят кодексининг 126-1-моддаси болага нисбатан оилавий зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш нормаси билан тўлдирилмоқда.
Бунгача ушбу моддаларда хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан оилавий зўравонлик назарда тутилганди.
Шунингдек, оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар юзасидан ярашув тўғрисидаги аризани суриштирув ва дастлабки тергов босқичларида эмас, суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд маслаҳатхонага киришидан олдин бериш тартиби жорий қилинмоқда.
Сенат раиси таъзия изҳор этди
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Бойсундаги газ конида авария туфайли қурбон бўлган ходимларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.
«Вафот этган фуқароларимиз бор, яқинларига сабр тилаймиз. [Уларнинг] оилалари давлатимиз, президентимиз назоратида, буни ҳаммамиз эшитдик. Уларнинг таъминоти масаласида алоҳида топшириқ ҳам бўлган, ташлаб қўйилмайди. Шу масала бўйича биз ҳам ҳамдардлигимизни билдирамиз», – деди Танзила Норбоева Сенатнинг 20 сентябр кунги ялпи мажлисида.
М25 конида 17 сентябр куни рўй берган такрорий аварияда 4 киши ҳалок бўлгани, 11 киши жароҳатлангани маълум қилинган.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, марҳум ходимларнинг яқинларига компенсация тўлаб берилади, шунингдек, пудратчи ташкилот уларнинг фарзандларини моддий таъминлаб, ўқитиб, иш билан таъминлашгача ўз зиммасига олади. Пудратчи компания ҳали-ҳануз бу борада изоҳ бермади.
Сергелида ўқувчи қиз авария туфайли вафот этди
Тошкент шаҳрининг Сергели туманида автобусдан тушиб, йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтмоқчи бўлган ўқувчини юқори тезликда ҳаракатланиб келган BYD автомобили уриб юборган.
Воқеа 19 сентябр, пайшанба куни берган. Сергели йўли шоҳкўчасида автобус белгиланмаган жойда йўловчиларни тушириб қолдирган.
Ўз йўналишида ҳаракатланиб келган, BYD Song Plus автобус олдидан йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтаётган ўқувчи қизни уриб юборган.
Видеотасвирларда BYD’нинг тезлиги шаҳарда рухсат этилганидан юқори (тахминан, соатига 75-80 километр) эканлиги кўринади.
2015 йилда туғилган 9 ёшли қиз тан жароҳатлари сабабли касалхонага олиб борилган вақтда вафот этган.
Ҳолат юзасидан BYD ҳайдовчиси, 1983 йилда туғилган М.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Дарахтларни кесганлик учун жарималар оширилади
Дарахтларни кесиш ва қасддан қуритиш, дарё ўзанларидан ноқонуний қум-шағал қазиб олиш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш кабилар учун жарималарни ошириш ва қатъийлаштириш чоралари кўрилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 19 сентябр куни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва туризм соҳаларидаги таклифлар тақдимоти билан танишди.
Экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Фаол ва жонкуяр инсонларни рағбатлантириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвонини таъсис этиш таклифи билдирилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик бўйича модда киритиш мақсадга мувофиқлиги айтилди.
Мавзуга оид
21:11
24 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:14 / 23.12.2024
23 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:16 / 20.12.2024
20 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20:30 / 19.12.2024