Кондаги такрорий авария, мажбурий панел кампанияси ва “персона нон грата” қонуни — ҳафта дайжести
Бойсундаги конда такрорий авария: бу сафарги офат қурбонларга олиб келди. Пахта мавсуми фермерлар учун нохуш бошланди: кластерлар келишилган нархда пул тўламаяпти. Сенат бир қатор қонунларни маъқуллади: Ўзбекистон суверенитетига тил теккизганлар қора рўйхатга тушади. Ортда қолаётган ҳафтанинг муҳим мавзулари – Kun.uz дайжестида.
Расмийлар: “Бойсунда аҳоли учун ҳеч қандай хавф юзага келмаган”
Бойсундаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида газ чиқиши тўлиқ тўхтатилгани айтилганидан икки кун ўтиб, яна авария рўй берди. Техноген офат бу сафар қурбонларга олиб келди; яқин атрофдаги қишлоқлар аҳолисининг бир қисми яна яшаш жойини тарк этишга мажбур бўлган.
1 сентябрдан бошланган газ чиқиши тўхтатилгани ҳақида 15 сентябр куни Eriell компанияси, Энергетика вазирлиги ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги икки томчи сувдек ўхшаш баёнотлар тарқатган эди. Бу баёнотларда кондаги қудуқ герметиклангани, Россия ва АҚШдан экспертлар жалб этилгани, ҳудуддаги ҳаво сифати меъёрий даражада экани айтилади.
“Таъкидлаш керакки, ҳодиса оқибатларини бартараф қилиш давомида аҳоли учун ҳеч қандай хавф юзага келмаган”, дейилади расмий ахборотларда. Бу жумла билан, минглаб одамлар айнан заҳарланиш хавфи борлиги учун уйини ташлаб чиққани, боғча ва мактаблар ёпилгани, одамларнинг соғлиғи ёмонлашгани очиқ-ойдин рад этилган.
Бу гаплардан икки кун ўтиб, 17 сентябр куни кондаги ўша қудуқда такрорий авария рўй берди. Воқеа натижасида пудратчи компаниянинг тўрт ходими ҳалок бўлган. Улардан икки нафари конга энг яқин Кофрун қишлоғидан бўлгани, икки нафари эса қашқадарёлик йигитлар экани маълум. Шунингдек, 11 киши жабрланган, улардан 10 нафарига шу куннинг ўзида шифохонадан уйига жавоб берилган.
Офат такрорлангани ва қурбонлар борлигини расмийлар бир кундан кейин тасдиқлади. Бошқа бир мавзудаги матбуот анжуманида Бойсун ҳақидаги саволга жавоб беришига тўғри келган Бош прокуратура ва Экология вазирлиги расмийлари ўлим ҳолатлари бўйича терговга қадар текширув ўтказилаётгани, Бойсун экологиясига зарар етказилганми-йўқми, буни аниқлаш устида ўрганишлар олиб борилаётганини айтди.
Чоршанба куни фавқулодда вазиятлар вазири, энергетика вазири ва Eriell компанияси вакили брифинг ўтказган бўлса-да, жамоатчиликни қизиқтираётган деярли ҳамма саволлар очиқ қолди. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўз изоҳида асосан коннинг техник хусусиятларига тўхталди. Унинг сўзларига кўра, М25 кони – газ таркибида олтингугурт улушининг бошқа конларга нисбатан бир неча баробарга юқорилиги, 650 атмосферали аномал юқори қатлам босими ва бошқа омиллар сабаб жуда мураккаб конлар тоифасига киради.
Вазир ҳалок бўлганларнинг оилаларига компенсация тўланиши, бундан ташқари пудратчи компания уларнинг фарзандларини ўз қарамоғига олишини айтди. “Пудратчи ташкилот уларнинг фарзандларини вояга етказиб, ўқитиб, компанияда кафолатланган иш билан таъминлашгача зиммасига олган”, деди у.
Пудратчи компания Жўрабек Мирзамаҳмудов айтаётган мажбуриятни олганини ҳозирча очиқ-ойдин тасдиқламади. Компания ҳалок бўлган ходимларининг оилаларига ҳамдардлик изҳор қилинган расмий релиз тарқатгани йўқ. Брифингда қатнашган Eriell раисининг маслаҳатчиси Азизбек Назаров ҳам масаланинг бу жиҳатлари ҳақида гап очмади. Қолаверса, пудратчи ҳақиқатан айтилган мажбуриятни олган тақдирда ҳам, уни тўлиқ бажаришига жамоатчилик вакилларида шубҳа бор. Чунки компанияда ҳатто ходимларнинг ўз вақтида маош олиши борасида ҳам муаммолар бўлиб туради. Буни Kun.uz билан суҳбатда марҳумлардан бирининг отаси ҳам тасдиқлади.
“4 фарзанди бор, мен қандай боқаман уларни? Энг кичиги энди юряпти. Мана, уй-жойни ўзимиз қилганмиз амаллаб, лекин ойлигини 5 ойдан бери олгани йўқ. Нафақат менинг фарзандим, ҳаммаси. Бугун учинчи кун, қандай турганимни ўзим биламан”, – деди тўнғич фарзандидан айрилган кофрунлик Холтўра Алмарданов.
Пахта терими пайтида: Фермер-кластер шартномалари фермерларнинг зарарига ўзгартирилмоқда
Пахтачиликда фермерлар ва кластерлар ўртасидаги муносабатларни бозор релсларига ўтказиш бўйича ўтган йили эълон қилинган ислоҳот биринчи жиддий синовдан ўта олмади. Амалда бу йил ҳам пахта нархини давлат белгилаб беряпти. Белгиланган нарх фермерлардан кўра кўпроқ кластерлар фойдасига хизмат қилади.
Ҳукумат қарори билан, йил бошида тузилган фючерс шартномаларининг пахта нархига оид бандлари ўзгартирилиб, нарх пасайтириляпти. Kun.uz'га мурожаат қилган фермерлар кластерлар томонидан қўшимча шартнома тузиш учун босим бўлаётганини айтишмоқда.
Гап шундаки, феврал ойида фючерс битимларини тузиш бўйича илк марта ўтказилган биржа савдоларида бошланғич нарх тоннасига 7 млн 800 минг сўм деб белгиланган эди. Бу нарх ўша вақт ҳолатига жаҳон бозоридаги охирги 12 ойлик ўртача котировкалардан келиб чиқиб белгиланганди. Лекин шундан кейин ўтган вақт давомида жаҳон бозорида пахта хомашёси арзонлашди. Пахта-тўқимачилик кластерлари шу важ билан фермерларга йил бошида тузилган шартномалардаги нархда тўлов қилишни истамаяпти. Ҳукумат эса уларнинг истакларини бажо келтирди.
16 сентябр куни имзоланган қарорда келтирилишича, ҳозирда жаҳон бозорида пахта хомашёсининг бошланғич фючерс нархлари тоннасига 6 млн 800 минг сўм атрофида шаклланяпти. Қарор билан шу миқдор янги бошланғич нарх деб олиниб, йил бошида тузилган фючерс битимлари ўзгартириладиган бўлди. Бунга муносабат билдирган фаоллар бир саволни ўртага ташламоқда: агар жаҳон бозорида пахта нарх арзонлашмасдан, аксинча қимматлашиб кетганида, давлат худди ҳозиргидек шартномавий муносабатларга аралашиб, кластерлар олдига фермерлардан пахтани қимматроқ нархда сотиб олиш талабини қўйган бўлармиди? Албатта, йўқ.
Ҳукумат қарорига кўра, фючерс битимларидан ташқари биржага чиқариладиган пахта учун ҳам бошланғич 6 млн 800 минг сўм нарх белгиланди. Фермерлар ҳосилни биржада сотса, ҳар бир тонна учун 1 млн сўмдан субсидия тўланадиган бўлди. Лекин бу субсидия тўлиғича фермернинг ҳисобига ўтказилмай, биринчи навбатда кредитлар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни қоплашга йўналтирилади. Қарор асосида, кластерларнинг харажатларини қисман ўз зиммасига олиш давлатга бюджетига 3,5 триллион сўмга тушмоқда.
Айни вазиятда, бир қатор фермерлар топширилган пахта учун кластерлар томонидан тўлов қилиниши кечикаётганини айтяпти. Натижада фермерлар теримчилар учун тўланадиган ҳақни пасайтиришга мажбур бўлган. Айрим ҳудудларда теримчиларга ўтган йилгидан ҳам камроқ – килосига 1300-1500 сўмдан тўланяпти. Яъни, 100 доллар ишлаб топиш учун 1 тонна пахта териш керак бўлади. Интернетда қишлоқлар аҳолиси бундай паст нархда пахта теришдан бош тортаётгани акс этган видеолар тарқалди. Бюджет ташкилотларида пахта терими учун пул йиғиш ҳолатлари бўлаётгани ҳақида ҳам хабарлар бор. Kun.uz'га келиб тушган аудиода Китоб туманидаги ёшлар етакчиларининг ойлигидан пахта терими учун пул ушлаб қолинаётгани ҳақида сўз боради.
Сенат бир қатор қонунларни маъқуллади
“Радарлар” қайд этган қоидабузарлик 48 соат ичида тегишли органга юборилмаса, ҳайдовчи жавобгарликка тортилмайди. Бу янгиликни ўз ичига олган қонун жума куни Сенатда маъқулланди. Унга кўра, фото ва видеорадарлар орқали аниқланган йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар 48 соат ичида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига юборилиши керак, акс ҳолда ҳайдовчи жавобгарликка тортилмайди. Бу – фуқарони ўз вақтида хабардор қилиш ва ўз вақтида чора кўриш билан мақсади билан изоҳланди.
Шунингдек, ЙПХ ходимларининг хизмат ўташ вақтида йўл ҳаракати қоидабузарлигини аниқлаган тақдирда қоидабузарга шу жойнинг ўзида жарима қўллаш ваколати бекор қилинмоқда.
Янги қонун билан маъмурий кодексга янги жавобгарлик чоралари ҳам қўшилади. Хусусан, юк автомобилларига қоидага зид равишда йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатлангани учун жарима белгиланади. Велосипедлар, скутерлар, мопедлар каби индивидуал ҳаракатланиш воситаларининг ҳайдовчилари белгиланган қоидаларни бузиши ҳам жавобгарликка сабаб бўлади.
Бундан ташқари, Сенатда болаларга нисбатан яқин қариндошлари томонидан содир этилган зўравонлик учун алоҳида жавобгарлик белгилаш ҳақидаги қонун ҳам маъқулланди. Юқори палата тасдиғидан ўтган яна бир қонун – Ўзбекистон ҳақида номаъқул гап айтган чет элликларни “қора рўйхатга” киритиш ҳақида. Унга кўра, Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро ижтимоий, ирқий, диний ва миллий адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқи шаъни, қадр-қиммати ва тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишлар ва ҳаракатларни содир этган чет элликлар номақбул шахс деб топилади. Улар 5 йил давомида Ўзбекистонда қатор тақиқларга дучор бўлади ва мамлакатга киритилмайди, агар республика ичкарисида бўлса, депортация қилинади. Шу билан бирга, ҳар эҳтимолга қарши ўйлаб қўйилган чоралар ҳам йўқ эмас: агар номақбул шахс ўз қилмишини бартараф этса, муддатидан илгари рўйхатдан чиқарилиши мумкин.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Германия канцлери Олаф Шолц 15-16 сентябр кунлари Ўзбекистонда бўлди. Самарқандда кечган музокаралардан кейин томонлар ўнга яқин келишув, хусусан миграция тўғрисида битим имзолади. Битим асосида, малакали ўзбекистонликларнинг Германия меҳнат бозорига кириши осонлашиши кўзда тутилган. Хусусан, бу йил 800 дан ортиқ ўзбек ҳамширалари ушбу мамлакатга ишлашга жўнатилмоқда. Битим, шунингдек, Германиядаги ноқонуний ўзбек мигрантларининг ортга қайтарилишини соддалаштиришни ҳам назарда тутади. Олаф Шолц Ўзбекистондан кейин Қозоғистонга ҳам борди, Остонада Марказий Осиё – Германия форматидаги иккинчи саммит бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Яқин Шарқдаги вазият тез орада адолатли ечим топишининг қатъий тарафдори. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев бир қатор давлатлар, хусусан Исроил элчисидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олиш маросимида айтиб ўтди. Президентнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Исроил–Фаластин можаросининг умумэътироф этилган ҳужжатлар асосида узил-кесил ечим топиши ва барқарор тинчлик ўрнатилишини қатъий қўллаб-қувватлайди. Расмий Тошкент БМТ Бош ассамблеясининг чоршанба куни қабул қилинган, Исроилни Фаластин ҳудудини тарк этишга чорловчи резолюяциясини ёқлаб овоз берди.
Қурувчилар томонидан нотўғри котлован қазилиши билан боғлиқ яна бир ҳолат кузатилди. Тошкентнинг Чилонзор туманида котлован сабабли маҳаллага кириш йўлидаги асфалтнинг бир қисми ўпирилиб тушди. Шундан кейин Қурилиш вазирлиги қатор қоидабузарликларни аниқлаб, қурилишни тўхтатишни буюрди. Бошқа бир ҳолатда, Бухоронинг Ромитан туманида котлован қазиш пайтида туташ бинонинг бир қисми қулаб тушди. Вазирликка кўра, бино кўп қаватли уй қуриш ишлари доирасида белгиланган тартибда, мақсадли равишда қулатилган.
Тадбиркорларни қуёш панеллари ўрнатишга мажбурлаш кампанияси давом этмоқда. Республика бўйича ҲЭТКлар тадбиркорларга 10 кун муддатда қуёш панели ўрнатмаса, электрдан узилиши ҳақида огоҳлантиришлар юборяпти. Энергетика вазирлиги бундай ҳаракатларни ноқонуний дейиши билан, бу ноқонуний ҳаракатлар тўхтаб қолгани йўқ. Аввалроқ Олтинкўлда панел ўрнатмаган тадбиркорлар оммавий равишда электрдан узиб қўйилганди. Куни кеча Сирдарё туманида электрдан узилган тадбиркорлар ҳокимият биноси олдига йиғилди. Тадбиркорларга кўра, бу мажбурловнинг бошида ҳокимликлар ва прокуратура органлари турибди.
Мавзуга оид
22:57 / 21.12.2024
Фарғонадаги портлаш, Жиззахга янги ҳоким ва кадастрдан тадбиркорларга “қора хат” — ҳафта дайжести
20:10 / 14.12.2024
Энергетикларнинг об-ҳаво баҳонаси, электр токи дефицитининг тугаши ва МБда янги раис — ҳафта дайжести
21:00 / 07.12.2024
Парламентдаги сукунат, БААдаги ҳибслар ва Туркманистон билан келишув — ҳафта дайжести
23:15 / 30.11.2024