Ўзбекистон | 12:29
1077
3 дақиқада ўқилади

Табиблик лицензиясига эга бўлмаган шахслар даволаш хизматини кўрсатгани учун жавобгарлик жорий қилинмоқда

Сенаторлар маъқуллаган қонун билан, халқ табобати соҳасида шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан мулкий манфаатдор бўлиш эвазига кўрсатилган даволаш хизматлари учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек, бундай хизматларни омма олдида тарғиб қилиш ва рекламаси ҳам тақиқланмоқда.

21 сентябрь куни Олий мажлис Сенатининг 57-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилиб, сенаторлар томонидан маъқулланди.

Қонун билан аҳоли соғлиғини сақлаш, касалликларнинг олдини олиш ҳамда уларни даволаш, шунингдек одамларнинг соғлиғи ва фаровонлигини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган тадбирлар амалга оширилмоқда.

Фото: senat.uz

Хусусан, амалдаги қонунчиликда тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар ССВ ҳузуридаги Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссиянинг хулосасига асосан халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.

Бунда соғлиқни сақлаш амалиётида ташхис қўйиш ва даволашнинг фақатгина қўллашга рухсат этилган усулларидан фойдаланишга йўл қўйилади.

Шу билан бирга, қонунчиликда халқ табобати соҳасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини кўрсатганлик, шунингдек, хизматларни халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиш эвазига кўрсатганлик учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган.

“Бунинг натижасида фуқаролар сохта табибларнинг қурбонига айланмоқда, бундай хизматларнинг оқибатлари эса фуқароларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин”, — дейилади Сенат ахборотида.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини халқ табобати соҳасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатилганлик, шунингдек, хизматларни халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиш эвазига кўрсатганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Шунингдек, мазкур хизматларни омма олдида тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик ўрнатилмоқда. Шунингдек, “Реклама тўғрисида”ги қонун халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини реклама қилишни тақиқловчи норма билан тўлдирилмоқда.

Мавзуга оид