Жаҳон | 16:57
1968
2 дақиқада ўқилади

Эронда кўмир конида портлаш рўй берди. Ўнлаб кишилар ҳалок бўлган

Эрон шарқида жойлашган Жанубий Хуросон вилоятидаги Табас шаҳри яқинида кўмир конида газ портлаши камида 51 кишини ҳаётдан олиб кетди, 20 киши яраланган, деб хабар бермоқда маҳаллий давлат нашрлари.

Фото: Видеодан кадр

Ҳодиса 21 сентябр куни кечқурун Madanjo компаниясига тегишли конда рўй берган, авария қамраб олган B ва C блоклари 250 метр чуқурликда ва 700 метр узунликда жойлашган.

Қутқарув ишларига юздан ортиқ киши жалб этилган.

30 километр квадрат майдонни эгаллаган Табас кўмир ҳавзаси 75,2 млрд тонна кокс ва энергетик кўмир захираларига эга бўлиб, Эроннинг кўмирга энг бой ва йирик ҳудуди саналади.

«Мамлакатдаги кўмирнинг 76 фоизи шу ҳудудда қазиб олинади ва бу ҳудудда 10 га яқин компания, жумладан Madanjo ҳам иш олиб боради», деган якшанба куни Жанубий Хуросон вилояти губернатори Али Акбар Раҳимий.

B блокида қутқарув амалиёти якунланди. Бу ерда бўлган 47 ишчидан 30 нафари ҳалок бўлиб, 17 нафари яраланди, деганди аввалроқ губернатор.

C блокида амалиёт бошланди. Блокда метан зичлиги юқори ва амалиёт 3-4 соат вақт олади, дея қўшимча қилган у.

Портлаш вақтида блокларда жами 69 киши бўлган, дея хабар берган давлат телевидениеси.

«17 нафар ярадор шифохонага етказилди, 24 киши ҳамон бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда», дея хабар берганди аввалроқ Эрондаги Қизил хоч жамияти.

Президент Маъсуд Пизишкиён қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган. «Мен вазирлар билан гаплашдим ва биз масалага ойдинлик киритиш учун барча ишни қиламиз», деган у.

Мавзуга оид