Ўзбекистон | 19:47 / 23.09.2024
33579
15 дақиқада ўқилади

“Айрим фермерлар қаматиб юбориш билан қўрқитиляпти”. Мутахассислар – пахта нархи пасайиши ҳақида

Кластерлар истаги, ҳукуматнинг қўллови ва маъмурий босимлар остида пахтани фермерлардан сотиб олиш нархи пасайтирилмоқда. Агробизнес ассоциацияси раҳбари Камолиддин Икромовга кўра, кўплаб фермерлар қилган харажатларига куйиб қоляпти. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг айтишича, биргина нотўғри қарор аввалги даврни эслатувчи узун муаммолар занжирини яратмоқда.

Ижтимоий тармоқларда теримчилар пахта далаларида пахта теришдан бош тортаётгани ҳақида видеолар тарқаляпти. Бунга пахта нархи тушиб кетгани важи билан кластерлар фермерлар билан йил бошида тузилган шартномаларни фермерлар зарарига ўзгартиришни талаб қилаётгани сабаб бўляпти. Ҳукумат эса фермерларга эмас, кластерларга субсидия билан ёрдам беришга қарор қилди. Мутахассислар давлатнинг фермерлар ва кластерлар муносабатига аралашуви бошқа жиддий муаммоларни туғдираётганини айтяпти. Kun.uz масалани таҳлил қилиш учун иқтисодчи Отабек Бакиров ва Агробизнес ассоциацияси раҳбари Камолиддин Икромов билан суҳбатлашди.

Айни кунларда ижтимоий тармоқларда пахта далаларида теримчилар пахта теришдан бош тортаётгани акс этган видеолар тарқаляпти, чунки теримчиларга ўтган йилгидан ҳам камроқ пул – килограммига 1600 сўмдан тўланяпти. Масаланинг илдизи шундаки, фермерлар ва кластерлар ўртасида йил бошидан тузилган шартномаларда пахта нархлари 7 800-8 000 сўм атрофида шаклланган, пахта котировкалари 6 500-7 000 сўмгача пасайиб кетиши оқибатида эса кластерлар фермерларни қайта шартнома тузишга мажбурланяпти. Kun.uz’га мурожаат қилган фермерлар қайта шартнома тузишга мажбурланаётгани, босимлар бўлаётгани ва кластерлар пахта пулини вақтида тўламаётганидан шикоят қилмоқда.

Камолиддин ака, бир неча кун олдин жорий йилги пахта нархлари бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди. Аввало мана шу қарордаги асосий нуқталарга тўхталиб ўтсак.

– 574-сонли ҳукумат қарорида [жаҳон бозорида] пахта нархлари тушиб кетгани учун минимал нархлар [7800 сўмдан] 6800 сўмга ўзгартирилди. Лекин у қўшимча келишув учун нарх бўлди. Аслида бу февралда тузилган фючерс шартномалари ўзгартирилиши керак дегани эмас. Ҳужжатда бунақа нарса ёзилмаган. Август ойида айрим кластерлар босим билан фермерлардан қўшимча келишув қилиб, 6000 сўмдан, ҳатто ундан ҳам арзон шартномалар қилган. Бизга шунинг олдини олиш учун 6800 сўм деб белгиланди, деган маълумот келди.

Жойларда фермерларга босимлар бўляпти. Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида кўп фермерлар билан ўртача 9000-9500 сўмдан фючерс савдоси бўлган. 6,8 млн сўмдан қайта шартнома қилмасанг, субсидия берилмайди, терим пули учун кредитлар ажратилмайди деб босим қилиняпти. Фермерлар аввалги нархга ишониб, тижорий кредитлар олган, максимал фойда кўришни ўйлаб, шунга яраша харажат қилган, ҳозир улар куйиб қоляпти.

Иккинчи масала, ўз маблағига пахта етиштирган фермерлар бор, уларда субсидия масаласи бироз осилиб қолган. 205-сонли президент фармонида ўз маблағига етиштирган фермерлар ўзи қайта ишлаб сотиши мумкинлиги белгиланган, лекин ВМнинг 574-сонли қароридан шундай хулоса келиб чиқяптики, фақат биржа орқали сотгандагина субсидия бериляпти. Қайта ишлаб сотганларга субсидия кўзда тутилмаяпти. Бундай фермерлар жуда кўп, 4 мингдан ортиқ фермерлар ўз маблағига пахта етиштирди. 29 мингдан зиёд фермер бўлса, бу уларнинг 10-15 фоизини ташкил қилади. Улар 200 млн доллардан зиёд бу соҳага инвестиция киритди. Буларнинг ҳам ўзининг рағбатлари кўзда тутилган бўлиши керак эди.

Отабек ака, ҳукумат қарорига пахта хомашёси етиштирувчилар, яъни фермерларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида деб ном берилган. Лекин сиз бу ҳужжат кластерларни қўллашга қаратилганини айтдингиз. Шу фикрингизни батафсил тушунтириб бера оласизми?

– Давлатнинг қишлоқ хўжалигидаги товар ишлаб чиқарувчилар – кластер ва фермерлар ўртасидаги ўзаро муносабатларга аралашуви ҳамиша зарар билан якун топади. Маъмурий ва сиёсий ресурслари кам бўлган томон, айни ҳолатда фермерлар зарар кўради. Биринчи навбатда айтишим керак бўлган нарса, шу қарор гарчи аввалига эзгу мақсадларни кўзлаган бўлса ҳам – бунга менда тўла ишонч йўқ – фермерларнинг зиёнига ишлаяпти. Агар фермерларни қўллаб-қувватлаш мақсад қилинганида эди, фермерларга тўғридан-тўғри ёрдам кўрсатилган бўларди. Фермерларнинг ўзининг ҳақидан олиш ҳисобига эмас.

Мисол учун, фермер ва кластер ўртасидаги шартномада 1000 сўмлик субсидия бу – кластер фермерга тўлаши керак бўлган сумма. Гарчи тўловни фермер олаётган бўлса ҳам, пул унинг ҳисобварағига тушаётгани билан бу кластернинг фермер олдидаги тўлов суммасини камайтиряпти. Бу дегани, ушбу қарор ортидан келадиган бенефициарлик кластерларда дегани.

Бирор бир фермер менга шу тарзда қўллаб-қувватлов керак деб ҳукуматга мурожаат қилдими? Менда бундай хабар йўқ. Мен охирги 10 кунда нечта фермер билан гаплашган бўлсам, сизлардан кимдир ҳукуматга чиқдими, бизга шунақа қўллаб-қувватлов керак деган мурожаат бўлдими десам, йўқ дейишяпти. Тасаввур қилинг, қандай қилиб, фермерлар ўзи мурожаат қилмаган бўлса, фермерларга ёрдам бериш мақсадида буни қабул қилдик, деб ҳисоблаш мумкин? Бундай “ёрдам” фермерларга керак эмасди. Фермерларга энг катта ёрдам – февралда тузилган фючерс шартномаларга қатъий амал қилишга ёрдами бўлган бўларди. Агар ҳукумат фермерларга ёрдам бермоқчи бўлса, кластерларга қараб айтиши керак эди: “Ўртоқ кластерлар, шартнома бу ҳар қандай нарсадан, сенинг репутациянгдан ҳам юқори туради. Февралда шартномани туздингми, бажаришинг керак, унинг ҳар бир бандига амал қилишинг керак”, деган нарса бўлиши керак эди. Мана шу давлатнинг қўллови бўлган бўларди.

Амалда мингта важ билан аслида биз фермерни қўллаб-қувватлашни истагандик, дейиш билан амалда ресурслар кластерлар тарафида. Кластерларнинг орқасида ҳокимият турибди. Кластерларнинг жуда катта қисми собиқ ёки амалдаги давлат органлари раҳбарлари ва амалдорлари билан чатишиб кетган. Бегона кластер йўқ. Табиийки, сиёсий, маъмурий, молиявий ресурслар кластерлар томонда турибди. Тарозининг палласида оғирлик кластер томонида.

Шунинг учун ҳам бугунги кунда маъмурий ресурслар фермерларни мажбурий тарзда имзолашга қаратилган, босим ўтказиляпти. Агар шартнома тузмайдиган бўлсанг, терим пулини ололмайсан, терган пахтанинг ўзинг сақлашга ҳаққинг йўқ деб туриб босим қилиняпти. Кўрганим йўқки, бирорта ҳоким, унинг ёнида сектор раҳбарлари, ички ишлар юриб туриб: “Эй кластер, сен фермерга зуғум ўтказяпсан, фермер қўшимча шартнома имзолашга мажбур эмас, хоҳласа имзолайди, хоҳламаса имзоламайди”, деб тушунтириш берганини кўрганим йўқ. Бирор бир фермердан ҳам эшитганим йўқ бунақа ҳолатни. Мана шунақа вазият.

Бусиз ҳам жуда қийинчилик билан шаклланиб келаётган муносабатларга давлат аралашиб, фермерларнинг оғир вазиятини янада оғирлаштирди. Охирги айтадиган гапим, агар ҳақиқатан давлат субсидия билан ёрдам бермоқчи бўлса (ўзи бюджетимизнинг аҳоли шундоғам ғир), шу субсидияни пахта теримчиларига бериши керак эди.

Ҳозир субсидиялар тўғридан тўғри фермерга бормайди демоқчимисиз?

– Йўқ, субсидия фермернинг ҳисобварағига тушади, бу махсус ҳисобварақ. Фермер ундан эркин фойдалана олмайди. Бу пул кредит бўйича тўлов, солиқ бўйича тўловларга кетади.

Ҳукумат ёрдам бермоқчи бўлганида, энг катта ёрдам, пахта теримига 1500 сўмдан тўлаётган фермерларга шунинг ёнига яна 1000 сўм қўшиб берганида, пахта 20 кунга қолмай териб тугатилган бўларди. Сифатлироқ пахта терилган бўларди. Ҳозир ҳеч қанақа рағбат йўқ, 1300 сўмдан 1500 сўмгача амалга ошириляпти.

Камолиддин Икромов: Терим пули учун кредит ажратиш деган нарса ўзи йўқ эди. Шартнома бўйича, топширилган пахтанинг пули 3 кунда тушиши керак эди, шу пулнинг 20 фоизини фермер теримчиларга бериши керак эди. Ҳисоботларда ҳозиргача 700 минг тонна пахта терилди дейиляпти, лекин негадир фермерлар ҳали қўлига пул ушлагани йўқ. Устига устак кредитни ёпишни сўрашяпти. Аслида, ўзининг пули кластерда бор.

Биринчи 119-сонли қарор чиқди, ўзи пахта эккан кластерларга терим пули учун кредит берилсин дейилди, кейин 574-сонли қарор билан терим учун кредит фермерларга ҳам берилсин дейилди. Терим пули, пахтани сақлаш ва бошқалар сиёсий ричагга ҳам айланиб қолди, ихтиёрий-мажбурий равишда 6800 сўмдан шартнома қилишга мажбурланяпти. Жуда кўп фермерлар куйиб қоляпти.

Отабек Бакиров: Бугун эрталаб (суҳбат 20 сентябр куни бўлиб ўтган – таҳр.) кўзим тушди, республика бўйича 22 фоиз териб топширилган. Бу дегани фермерлар шартномада кўзда тутилган маблағларнинг 16 фоизини олган бўлиши керак эди. Жанубий вилоятларда 55-60 фоиз пахта топширилган деган ҳисобот топширилган. Битта вилоят бор номини айтмайман, 150 минг тоннадан зиёд пахта топширган, бу дегани 150 минг тонна пахта учун фермерлар пулини олиши керак эди. Бирортаси ҳали пулини олгани йўқ. Яна қайтариб айтаман, агар биз фермерга ёрдам бермоқчи бўлсак, амалдаги қонун-қоидаларга, шартномавий мажбуриятларга амал қилинишини назорат қилайлик, шунинг ўзи кифоя. Энг катта ёрдам шу бўлади.

Пахта теримининг бориши ва топширилаётган пахтанинг кунлик ҳисоботига қарайдиган бўлсак, республика бўйлаб 22 фоиз пахта териб топширилди. Агар буни “приписка” эмас, тўғри ахборот деб ҳисобласак, республика бўйича 16 фоиз, жанубий вилоятларда 40-45 фоиз фермерлар маблағини тушириб олган бўлиши керак эди.

Яъни кластерлар қўшимча шартнома қилмаганинг учун пахта пулини ҳам бермайман деяпти, шундайми?

Отабек Бакиров: Худди шунақа. Фермерларни бюрократик тарзда фермерлар кенгаши жамлаб туради. Бирор марта фермерлар кенгаши чиқиб туриб, фермерлар устидан шунақа зуғум бўляпти, босим бўляпти, мана бу жойда қонун-қоидалар бузиляпти, шартномавий муносабатлар бузиляпти деб чиқиш қилгани йўқ. Ваҳоланки, Фермерлар кенгаши раиси ЎзЛиДеПнинг раиси ҳам. Ҳозир [сайловда] партиянинг биринчи рақамли номзоди.

Камолиддин Икромов: Айрим жойларда фермерлар кенгаши фермерларни чақириб, қўшимча шартномалар имзолашга мажбурлашяпти. Бу ундан ҳам даҳшатли нарса.

Отабек Бакиров: Яъни ҳимоя қилиши керак бўлган кенгаш фермерларни мажбурлаяпти.

Бир нарсани яна аниқлаштирайлик: фермерларнинг ҳисобварағига субсидия тушади дейлик, у барибир мажбурий тўловларга кетиб қолади, деяпсиз. Буларни фермерлар тўлаши керак эди-ку?

Отабек Бакиров: Тўғри тўлаши керак, лекин тасаввур қилинг, агар шуни давлат бермаганида, кластер тўлаши керак эди. Кластер тўлаши керак бўлган 3,5 трлн сўмни давлат биз солиқ тўловчилар ҳисобидан бюджетдан олиб тўлаб беряпти.

Нарх тушиши – бу томонларнинг риски. Томонларнинг – сотиб олувчини ҳам, сотувчининг ҳам риски. Йил бошида олтин нархи 1800 доллар эди, ҳозир 2600 доллар. 9500 сўмдан фючерс шартномасини тузган фермер шу нархдан келиб чиқиб фойда маржасини ҳисоблаб, иш ҳақларини ҳисобга олиб харажат қилган. Ҳосилим яхши бўлсин деб туриб, ишчига яхши ойлик тўлаган, яхши ўғит ишлатган, яхши дефолиант ишлатган, механизацияни вақтида қилган. Пахтани тоннасини 9,5 млн сўмдан сотаман деб ҳисоблаб, шунга қараб харажат қилган. Фермернинг ҳам ҳисоб-китоби бор. Кластерлар нарх 9500 сўмлигини кеча эмас, февралда билишган. Бу кластерларнинг доимий баҳонаси – нарх тушиб кетиши. Аммо бу ўзларининг нўноқликларини доимий равишда пахта нархига ва фермерлар зиммасига юклашади. Ваҳоланки, бирор бир кластер пахта экспорт қилмайди. Пахтани биз экспорт қилганимизда ҳам жаҳон бозорида нарх тушиб кетди, кластерлар банкрот бўлди, десак бўларди. Кластерлар ҳеч бўлмаса калава ёки мато экспорт қилиши керак.

Охирги 3 йилда кластерлар томонидан кредит маблағлари самарасиз ишлатилгани, суиистеъмол қилингани... Нечта кластер қамалди, қочиб юрибди? Давлат берган имтиёзли кредитларни техника олишга, фермерлар билан ҳисоб-китоб қилишга ишлатмай, домлар, офислар қурилгани ҳисобига. Ўрганиш керак, кластерларнинг молиявий аҳволи ёмонлашганига нархлар сабаб бўлдими, фермерлар сабаб бўлдими ёки ўзларининг молиявий нўноқлиги сабабми?

Бу билан ҳамма кластер шунақа демоқчи эмасман, бор шундай кластерлар, ўз ҳисоб-китобини жойига қўйган, тийинигача тўғри ҳисоб-китоб қиладиган, молиявий самарадорлик устида ишлайдиганлар бор. Буларнинг бирортаси пахта нархи тушиб кетди, шунинг учун иқтисодий аҳволим ёмон дегани йўқ.

Камолиддин Икромов: Қарорда ҳам пахта нархи тушиб кетди дейилган, лекин биз бунга қўшилмаймиз. Чунки пахта нархини оладиган бўлсак, жаҳон бозори эмас, Ўзбекистон биржасини қарасак, пахта толасининг нархи 21 минг сўм, чигит нархи 5 минг сўм. Вазирлар Маҳкамаси чиқарган формулага қўядиган бўлсак, ҳозирги нарх қайта ишлаш харажати билан, биз айтаётган реал қайта ишлаш нархи пахтанинг килосига 700 сўм бўладиган бўлса, демак, пахта нархи 9000 сўмга боради.

Бошқа томондан оладиган бўлсак, ўрганиб чиқдим, минимал нарх ўрнатиш дунёда шу нарса 4 та давлатда бор экан – Хитой, Ҳиндистон, Покистон ва Ўзбекистонда. Энг паст минимал нарх Ўзбекистонда бўлиб турибди. Ўзбек сўмига ўгирганда Покистонда 10 700 сўм, Ҳиндистонда 11 500 сўм (ҚҚС билан, у ерда қишлоқ хўжалиги соҳасидагиларга ҚҚС имтиёзлар бор). Хитойда 12 минг сўмдан баланд. Ўзбекистонда эса 6800 сўм бўлиб турибди.

Камолиддин ака, ҳозир фермерлар олдида арзон нархда қўшимча шартнома тузмасликдан бошқа йўл ҳам борми?

– Аслида йўл бор, қонуний олса, тузмасликка ҳаққи бор. Агроплатформада шундай жойи бор: фермер пахтани ўз маблағи ҳисобидан етиштирган бўлса ёки фючерсдан ошиқча пахта етиштирган бўлса, ўзи омбор ташкил қилиб ёки кластернинг омборида сақлаб туриши мумкин. Лекин фючерс шартномаси бўйича, белгиланган ҳажмда пахта топшириши керак ва нархи аслида ўзгармаслиги керак эди. Лекин ҳозир босимлар бўляпти. Гуруҳларга кириб ўқиган бўлсангиз, айрим фермерлар “имзоламасам ички ишлардан келиб олиб кетди, қаматаман деб босим қиляпти”, деб айтишяпти. Орган ходимлари орқали босим қилиняпти. Шунақа тасаввур борки, бирданига ўрта асрларга қайтиб қолдик, босимлар қилиш бу ақлга сиғмайдиган нарса.

Тўлиқ интервюни Kun.uz'нинг YouTube саҳифасида томоша қилинг.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид