Иқтисодиёт | 16:02 / 23.09.2024
6070
5 дақиқада ўқилади

Газ импорти 5,7 баробарга ошди, олтин сотиш қайта тикланди – Ўзбекистон ташқи савдоси шарҳи

2024 йилнинг 8 ойида Ўзбекистон 1,15 млрд долларлик газ сотиб олди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 5,7 баробарга кўп. Газ импортининг ошиб бораётгани фонида ташқи савдода Россияга боғлиқлик кучайиб боряпти. Хусусан, ҳисобот давридаги умумий ташқи савдо айланмасининг 18,6 фоизи Хитой, 18,2 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган. Бир неча ойлик танаффусдан кейин, август ойида олтин сотиш қайта тикланди. Ўтган ойдан қарийб 800 млн долларлик қимматбаҳо металл экспорт қилинган.

Фото: Getty Images

Статистика агентлиги Ўзбекистоннинг 2024 йил январ-август ойларидаги ташқи савдо айланмасига доир маълумотни тақдим этди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида республика ташқи савдо айланмаси 42,7 млрд долларга етган. Бунда экспорт ҳажми 17,34 млрд доллар, импорт ҳажми эса 25,36 млрд доллар. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда экспорт 5,5 фоизга, импорт 7,4 фоизга ошган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 8 млрд долларга етган.  

Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги сифатидаги ўрнини сақлаб қолган бўлса-да, бу борада Россиянинг улуши ҳам ошиб боряпти. Ҳисобот даврида Хитой билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 8 млрд долларга, Россия билан 7,7 млрд долларга етган. Бу республика умумий ташқи савдо айланмаси ҳажмининг мос равишда 18,8 ва 18,2 фоизини ташкил қилади. Шунингдек, ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми Қозоғистон (6,2 фоиз), Туркия (4,6 фоиз) ва Жанубий Корея (3,1 фоиз) билан қайд этилган.

2024 йилнинг дастлабки 8 ойида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида энг юқори улушга эга бўлган Топ-10 давлат:

  • Хитой – 8 млрд доллар;
  • Россия – 7,7 млрд доллар;
  • Қозоғистон – 2,6 млрд доллар;
  • Туркия – 1,9 млрд доллар;
  • Корея – 1,3 млрд доллар;
  • Туркманистон – 805 млн доллар;
  • Франция – 744 млн доллар;
  • Германия – 679 млн доллар;
  • Афғонистон – 668 млн доллар;
  • АҚШ – 614 млн доллар.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлатдан бешта мамлакат – Франция, Афғонистон, Қирғизистон, Покистон ва Тожикистон билан ижобий ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 15 та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолган.

Эътиборга молик жиҳати январ-август ойларида ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда, қуйидаги давлатларга экспорт ҳажми сезиларли даражада кўпайган: Россияга (1,97 млрд доллардан 2,46 млрд долларга), Францияга (261 млн доллардан 497 млн долларга), Афғонистонга (537 млн доллардан 646 млн долларга), АҚШга (90 млн доллардан 210 млн долларга). Марказий Осиё мамлакатларининг барчасига маҳсулот етказиб бериш қисқарган:

  • Қозоғистонга (950 млн доллардан 872 млн долларга);
  • Қирғизистонга (491 млн доллардан 365 млн долларга);
  • Тожикистонга (389 млн доллардан 329 млн долларга);
  • Туркманистонга (118 млн доллардан 78 млн долларга).

Экспорт

8 ой давомида олтинсиз экспорт 14,4 фоизга ўсиб, қарийб 12,35 млрд долларни ташкил этган. Мазкур даврда олтиннинг умумий экспортдаги улуши 28,8 фоиз ёки 4,9 млрд долларгача камайди. Июл ойида Ўзбекистон Марказий банки қарийб 791 млн доллар қийматидаги олтин экспорт қилган. 

Шунингдек, 2023 йилнинг мос даври билан таққослаганда, умумий экспорт таркибида саноат маҳсулотларининг улуши 16,8 фоиздан 16,3 фоизга камайган бўлса, озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши 7,1 фоиздан 7,3 фоизга, кимёвий воситаларнинг улуши 5,1 фоиздан 6,2 фоизга, минерал ёқилғиларнинг улуши 3,7 фоиздан 5,1 фоизга ошди.

Импорт

Импорт таркибида энг катта улуш, машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (35,5 фоиз), саноат товарлари (15,1 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (12,3 фоиз) ҳисобига тўғри келган.

Ёқилғи маҳсулотларининг экспорти ва импорти

Ҳисобот даврида Ўзбекистон 1,15 млрд долларлик газ импорт қилди, бу 2023 йилнинг мос даври билан таққослаганда 5,7 баробарга кўп. Ўз навбатида биргина июл ойида 168,3 млн долларлик газ сотиб олинган. Бу ўтган йилнинг июлига(0,8 млн доллар) нисбатан 210 баробарга кўп.

Ўз навбатида умумий давр учун газ экспорти 7,1 фоизга ёки 404,8 млн долларга ошган. Хусусан, июн-июл-август ойларида 344 млн долларлик газ экспорт қилинган.

Шунингдек, 8 ой давомида 106 млн долларлик кўмир импорт қилинган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,8 фоизга кам. 

Январ-август ойларида 88 млн долларлик электр токи сотиб олинган (ўсиш – 10,5 фоиз) ва 70,4 млн доллар қийматидаги электр энергияси (ўсиш – 45,8 фоиз) экспорт қилинган. 

Нефт ва нефт маҳсулотларининг экспорти 2,3 баробарга ошиб, 409 млн долларни, импорти эса 29,5 фоизга кўпайиб, 1 млрд 422 млн долларни ташкил қилган. 

Мавзуга оид