OSINT-таҳлилчи: «Сармат» қитъалараро баллистик ракетаси синов пайтида портлаб кетди
X ижтимоий тармоғида сунъий йўлдошдан олинган суратлар пайдо бўлди, уларда Плесецкдаги полигонда «Сармат» ракетаси портлаши натижасида пайдо бўлган чуқур ўра тасвирланган.
Архангелск вилоятидаги «Плесецк» космодромида, афтидан, РС-28 «Сармат» қитъалараро баллистик ракетасини синовдан ўтказиш амалга оширилган ва у муваффақиятсиз якунланган. Бу ҳақда бир қатор оммавий ахборот воситалари OSINT-таҳлилчиси, яъни очиқ манбалардан маълумот тўплайдиган ва разведка маълумотларини нашр этувчи MeNMyRC фойдаланувчиси деб атаган шахснинг X ижтимоий тармоғидаги хабарида айтилган.
Хулоса сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар асосида тузилган бўлиб, уларда ракета портлашидан чуқур ўра акс этган. «Ракета шахта ичида портлаб, улкан кратер қолдирган ва синов майдонини вайрон қилган. «Сармат» суюқ ёнилғида ишлайдиган ракета бўлгани учун бу авария учириш фаолияти билан боғланмаган ҳолда содир бўлган бўлиши мумкин», — дейилади постда.
MeNMyRC фойдаланувчиси маълумотларига кўра, полигон ҳудудидаги ёнғин NOAA-20 ва SUOMI NPP сунъий йўлдошлари томонидан қайд этилган.
«Сармат» қитъалараро баллистик ракетаси
«Агар бу (ракета портлаши) ёнилғи қуйиш жараёнида содир бўлган бўлса, буни воқеа содир бўлган куни Cobra Ball фаоллиги кузатилмагани билан изоҳлаш мумкин», — дейди таҳлилчи. «Агентство» интернет нашри тушунтирганидек, гап FlightRadar24 порталига кўра, «Сармат» ракетаси синовини кузатиш учун АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Аляскадаги базасидан учган Американинг Boeing RC-135S Cobra Ball разведка самолёти ҳақида бормоқда.
Аниқлик киритилишича, «Сармат» ракетасининг «биринчи ва охирги» муваффақиятли учирилиши 2022 йилнинг 20 апрелида Россияда амалга оширилган. Агар жорий муваффақиятсиз синов ҳақидаги маълумотлар тасдиқланса, у кетма-кет тўртинчи бўлади, деб эслатади MeNMyRC.
Ўз навбатида, Россия Мудофаа вазирлиги апрел ойида Астрахан областидаги Капустин Яр полигонида қитъалараро баллистик ракета муваффақиятли синовдан ўтказилгани ҳақида эълон қилганди. Бироқ, ракетанинг номи кўрсатилмаган.
2023 йил сентябр ойида Россиянинг «Роскосмос» давлат корпорацияси «Сармат» стратегик ракета тизими «жанговар навбатчиликка» қўйилганини эълон қилди.
Владимир Путин 2018 йилда Федерал мажлисга қилган чиқишида «Сармат» ракетаси нафақат Шимолий қутб орқали, балки Жанубий қутб орқали ҳам нишонларга ҳужум қила олиши, ракетага қарши мудофаа тизимини енгиб ўтиши ва юқори қувватга эга ядровий воситалар, шу жумладан гипертовушли қуролларни олиб юришини таъкидлаган эди.
Мавзуга оид
12:00 / 30.10.2024
АҚШ Давлат департаменти Данияга "ҳаво-ҳаво" ракеталарини сотишни маъқуллади
09:20 / 08.10.2024
Одессада РФ ракетаси фуқаролик кемасига бориб урилди
09:10 / 24.09.2024
G7 БМТда Киевга узоқ масофали ракеталарга рухсат бериш масаласини муҳокама қилади
23:20 / 23.09.2024