Жаҳон | 15:41 / 23.09.2024
21608
7 дақиқада ўқилади

Россия қўмондонлиги Украина Курскда юриш қилишини билган. Амалиёт бошланганида эса кўп аскарлар қочиб кетган

The Guardian журналистларига украин ҳарбийлари қўлга киритган ҳужжатлар келиб тушган.

Kostiantyn Liberov / Libkos / Getty Images

Украина қуролли кучларининг Курск областидаги ҳужуми бошланишидан бир неча ой олдин Россия қўмондонлиги бундай амалиёт эҳтимолини сезганди. The Guardian нашри ёзишича, украин ҳарбийлари Россия ҳудудидаги амалиёт чоғида қўлга киритган ИИВ, ФХХ ва Россия қуролли кучларининг ҳужжатларидан шундай хулосага келиш мумкин.

Ҳужжатлар август ойи охирида Украина махсус амалиётлар кучлари вакиллари томонидан журналистларга тақдим этилган. Британ журналистлари ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлай олмайди, аммо улар ҳақиқийга ўхшаётганини қайд этишган.

Гап турли бўлинмаларга юборилган босма шаклдаги буйруқлар, шунингдек қўлда юритилган журналлар ҳақида кетмоқда, дея ёзади нашр. Ҳужжатларнинг энг эскиси 2023 йил охирига мансуб, энг сўнгги ёзувлар эса Украина 6 август куни Курск областида амалиёт бошлашидан олти ҳафта олдин ёзилган. Ҳужжатлар асосан РФ қуролли кучлари 488-гвардия мотоўқчилар полки, жумладан, 17-баталённинг иккинчи ротаси позицияларидан топилган.

Украина қуролли кучларининг Курск областидаги амалиёти «Киевнинг ғарбдаги иттифоқчилари ҳамда Украина элитасининг кўплаб вакилларини ғафлатда қолдирди, чунки уни режалаштиришда иштирок этган одамлар доираси жуда тор эди», дея ёзади The Guardian. Аммо, нашрнинг қайд этишича, россиялик ҳарбийлардан олиб қўйилган ҳужжатлар шундан дарак бермоқдаки, Украина қуролли кучларининг эҳтимолий юриши ҳамда Суджани оккупация қилишга уриниш тўғрисидаги огоҳлантириш амалиёт бошланишидан олдинги ойлар давомида келиб турган.

Хусусан, 4 январ кунги ҳужжатда украин бўлинмалари Курск областида «давлат чегарасини ёриб ўтиши мумкинлиги» қайд этилган. Унда ҳужумнинг олдини олишга тайёргарликни кучайтириш лозимлиги кўрсатилган.

19 февралга оид бошқа бир ҳужжатда айтилишича, бўлинмалар командирлари Украина «украин армиясининг асосий бўлинмалари зирҳли техникаларда кириб келишидан олдин тўрт кунлик „йўлак“ ҳосил қилиш учун Суми областидан Россия ҳудудига 80 километр масофада илгарилаш»ни режалаштираётгани тўғрисида огоҳлантирилган.

Март ойи ўрталарида чегарадаги ҳарбийларга мудофаа чизиқларини кучайтириш ва украин қўшини чегарадан ўтиши эҳтимолига тайёргарлик доирасида «мудофаани тўғри ташкил этиш учун бўлинмалар ва мустаҳкамланган пунктларни бошқариш бўйича қўшимча машғулотлар ташкил этиш» буйруғи берилган.

Июн ойи ўрталарида Украинанинг «Суджани назорат остига олиш мақсадида Юнаковка — Суджа йўналишида» ҳужум қилиш режалари бўйича аниқроқ огоҳлантириш эълон қилинган. Шунингдек, ҳужжатлардан маълум бўлишича, Россия қўмондонлиги украин қўшинлари Россиянинг ҳудуддаги таъминот линияларини бузиш учун Сейм устидан ўтган кўприкларни портлатишга уринишини прогноз қилган.

Россия қўмондонлиги Украина қуролли кучлари Курск областида юриш қилишини олдиндан кўрганига қарамай, ҳарбийлар кучлар етишмовчилиги ва тайёргарлик лозим даражада эмаслигидан шикоят қилишган. Хусусан, июн ойига оид ҳужжатлардан бирида чегара ҳудудларга жойлаштирилган бўлинмалар «ўртача ҳисобда фақат 60–70 фоизга тўлдирилган ва асосан тайёргарлиги кучсиз бўлган захира кучлардан иборат эди».

Курск областида юриш бошланганидан кейин, ҳужжатларни The Guardian’га топширган украин ҳарбийсининг эслатишича, россиялик кўплаб аскарлар ўз позицияларини ташлаб кетишган. Украина қуролли кучлари бўлинмалари чегара ҳудудидаги аҳоли яшаш манзиллари, жумладан Суджани ҳам тезда эгаллашган. «Улар ҳатто ҳужжатларни йўқ қилмасдан қочиб кетишган», — дея қайд этган нашр манбаси.

«Разбор» бўлими шарҳи

The Guardian маълумотларидан билиш мумкинки, Украина махсус амалиётлар кучлари чегарани қўриқлаш учун жойлаштирилган полкнинг энг қуйи даражасидаги командирларининг ҳужжатларини қўлга киритган. Бу бўлинмаларнинг вазифаси украин гуруҳларининг 2023 ва 2024 йилларда Белгород областига чегара орқали уюштирилган рейдлари каби ҳужумларига йўл қўймаслик бўлган. Бу вазифа ижроси учун «чегара ёриб ўтилиши» эҳтимолига қарши чоралар кўрсатилган буйруқлар чиқарилган.

The Guardian Украина қуролли кучлари биринчи эшелонда бир неча механизациялашган бригадалар билан Суджага юриш қилиши режасини тавсифловчи бирорта ҳужжат келтирмаган. Бу вақтда эса Россия қўшинлари ва чегара хизматларидаги асосий муаммо украинларнинг йирик ҳужумини қайтариш учун етарли бўлган кучларга эга эмаслигида эди. Бўлинмалари чегара бўйлаб ўнлаб километрларга ёйилган 488-мотоўқчилар полки, амалда бу вазифани бажаришга қодир эмасди.

Курск областида қўлга киритилган ҳужжатлардан яна нималар маълум бўлади?

Россия ҳудудида Украина қуролли кучлари қўлига тушган ҳужжатлардан маълум бўлишича, РФ қуролли кучлари қўмондонлиги ҳарбийлардаги жанговар руҳият юқори эмаслигини ҳисобга олишига тўғри келган. Хусусан, ички ҳужжатларда «Россия армиясидаги хизмат туфайли узоқ муддатли депрессия»да бўлган аскарлардан бири ўз жонига қасд қилгани туфайли россиялик ҳарбийларнинг руҳий ҳолатидаги оқибатлар ҳақида сўз боради. Ҳарбий 2024 йил январида ўз жонига қасд қилган.

Суиқасддан кейин командирларга «ўз хизмат вазифаларини бажаришга руҳий жиҳатдан тайёр бўлмаган ёки девиант хулқ-атворга мойил аскарларни аниқлаш ҳамда уларни қайта тақсимлаш ва ҳарбий тиббиёт муассасаларига ўтказишни ташкиллаштириш» топшириқ қилинган.

Керакли «руҳий ҳолат»ни ушлаб туриш учун командирлар ўз қўли остидагилар ҳар куни Россия давлат нашрларини кузатиши ва тинглашини, ҳафтада бир марта уларга «шахсий таркибнинг сиёсий, маънавий ва руҳий ҳолатини яхшилашга қаратилган» бир марта уларга сиёсий ахборот дарси ўтилишини таъминлаши керак бўлган.

Украин ҳарбийлари Курск областида қўлга киритган ҳужжатлар Россия тактикасининг айрим тафсилотларини ҳам очиб беради. Хусусан, улардан бирида «танклар, зирҳли техникалар ва артиллерия отиш мосламалари моделлари, шунингдек, аскарлар манекенлари»ни ўрнатиш ва вақти-вақти билан бир жойдан бошқа жойга кўчириш орқали украин разведка дронларини чалғитишга уринишлар ҳақида гап боради. Бундан ташқари, The Guardian иқтибос келтирган буйруқлардан бирида, ҳарбийлар «тузоқ позициялар»га юборилиши ва у ерда тунда гулхан ёқиши, шунингдек, радиоэфирларда бундай позициялар ҳақида ёлғон маълумот тарқатиш режалари тўғрисида айтилган.

Бу режалар қанчалик амалга оширилгани номаълум, дея қайд этади газета. Украинларнинг мазкур ҳудудда ишловчи дрон операторлари Россия қўмондонлиги буйруқларида келтирилган бу каби нарсаларга тўқнаш келишмаганини билдиришган.

The Guardian журналистлари танишиб чиққан ҳужжатлар Украина тактикасининг ҳам айрим деталлари ҳақида маълумот беради. Буйруқлардан бирида россиялик ҳарбийларнинг идентификациясини (таниш белгиларини) яхшилаш зарурлиги айтилган, чунки украин диверсия гуруҳлари Россия ҳудудидаги амалиётларда РФ қуролли кучлари униформасидан фойдаланган. Буйруқда командирларга «кўзга кўринмас лента ёрдамида бириктириладиган 8 см кенгликдаги материаллардан тайёрланган n6 идентификация маркери вариантидан фойдаланиш» бўйича кўрсатма берилган.

Мавзуга оид