Жаҳон | 23:35 / 23.09.2024
6324
11 дақиқада ўқилади

Швециянинг муваффақият тарихи: CО2 чиқиндиларини камайтирган ҳолда қандай қилиб ЯИМни икки бараварга ошириш мумкин?

1990 йилдан бери Швеция иссиқхона газлари ажралиб чиқишини 80 фоизга камайтирди ва шу билан бирга иқтисодиётнинг кутилган ўсишига эришди. Бунинг сири нимада? Бу борада шведлардан ўрнак олса бўладими?

Фото: Getty Images

Швеция бир вақтнинг ўзида ҳам иқтисодиётини ривожлантириш, ҳам иқлимни ҳимоя қилиш йўлини топганга ўхшайди, деб ёзмоқда DW нашри.

“Фаровонлик даражасини туширмасдан туриб, экологияга салбий таъсирларни камайтириш мумкин”, — деди Швециянинг Котибият-2030 ташкилоти асосчиси Маттиас Голдман.

Ташкилотнинг мақсади — мамлакат транспорт соҳасидаги CО2 чиқиндиларини 2010 йилдан 2030 йилгача бўлган даврда 70 фоизга камайтириш.

Европа атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги (European Environment Agency, EЕА) маълумотларига кўра, Швеция иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш бўйича бошқа Европа давлатларидан олдинда. 1990 йилдаёқ Швецияда CО2 ажралиб чиқиши аҳоли жон бошига ҳисоблаганда Европадаги ўртача кўрсаткичдан беш баравар кам эди. Шундан бери шведлар иссиқхона газлари эмиссиясини яна 80 фоизга камайтирди, ҳолбуки бутун Европа Иттифоқи бўйлаб ўртача камайиш бор-йўғи 30 фоизни ташкил этди.

Аммо шуниси ажабланарлики, саноати ривожланган, пўлат, цемент ва автомобиллар ишлаб чиқарадиган Швеция айни пайтда ўз ялпи ички маҳсулотини икки баравар оширишга муваффақ бўлди. Иқтисодиётни карбонсизлаштириш ва шу билан бирга унинг ўсишини сақлаб қолиш учун нима қилиш керак?

Қайта тикланувчи энергия манбаларига инвестициялар

Швеция бир қатор табиий устунликларга эга. Ҳудудининг 70 фоизини ўрмонлар эгаллайди, улар эса иссиқхона газларига қарши курашда ниҳоятда фойдали, чунки дарахтлар атмосферадан CО2 ни сўриб олади. Бундан ташқари, мамлакатда тез-тез кучли шамоллар эсади, шунингдек, кўплаб тоғлар, сойлар ва кўллар мавжуд — бу қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга идеал шароит дегани.

Фото: Dalibor Brlek/picture alliance

Аммо Стокҳолмнинг иқлимни ҳимоя қилиш масаласидаги ютуқлари фақатгина қулай ташқи муҳит ҳисобидан эмас. Шведлар ўз табиий бойликларининг аҳамиятини аллақачон англаб етган ва қайта тикланадиган энергия манбаларига анча олдин сармоя киритишни бошлаган.

“Швецияда гидроэнергетика асрдан кўпроқ вақтдан бери мавжуд”, — деб тушунтирди Голдман.

Швеция ҳукумати 1970 йилларда, глобал нефт инқирози пайтида қазиб олинадиган ёнилғини энергия балансидан чиқариб ташлаган. Европа давлатлари бошқа энергия манбаларини қидираётган пайтда, Стокҳолм атом энергетикасини фаол ривожлантирди.

Бугунги кунда Швецияда электр энергиясининг деярли 70 фоизи қайта тикланадиган энергия манбалари, айниқса гидро ва шамол энергияси ҳисобига ишлаб чиқарилади. Эҳтиёжларнинг қолган қисми АЭС ҳисобидан қондирилмоқда. Бу шуни англатадики, мамлакатда электр энергиясини ишлаб чиқаришда иссиқхона газлари эмиссияси ҳозир деярли нолга тенг.

“Шведлар электр энергиясини ишлаб чиқариш учун қазиб олинадиган ёқилғидан деярли фойдаланмайди. Бошқа давлатлар билан таққослаганда, бу бутунлай бошқа дунё”, — дейди EЕА энергетика бўйича эксперти Йорре де Шрайвер.

Иссиқлик ишлаб чиқаришни карбонсизлаштириш

Швецияда ҳозир нафақат электр энергияси ишлаб чиқаришда, балки иситиш ва энергия талаб қиладиган саноатда ҳам қазилма ёқилғидан фойдаланилмаяпти.

Фото: Stockholm Exergi

Бу йўлдаги дастлабки қадам марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимларига сармоя киритиш бўлди. Бу усул ниҳоятда самарали ҳисобланади. Тизимга кўра, ҳар бир уйга алоҳида иситиш қурилмаларини ўрнатиш шарт эмас, аксинча изоляцияланган қувурлар ва ер ости инфратузилмаси ёрдамида кўплаб уйлар ва саноат ҳудудларини таъминлайдиган йирик марказлаштирилган иситиш тизимларини қуриш мақсадга мувофиқ бўлади.

“Бундай инфратузилмани яратиш учун ҳукумат ва хусусий сектор ҳамкорлиги зарур. Қолаверса, бу анча қиммат, бутун бошли кварталлардан қанча қувур ўтказиш кераклигини бир ўйлаб кўринг”, — дейди Швеция ҳукуматига иқлим сиёсати бўйича маслаҳат берувчи ва унинг самарадорлигини баҳоловчи Эсса Перссон.

Шунга қарамай, ҳокимият вакиллари дастлабки босқичдаёқ марказлаштирилган иссиқлик таъминотини танлади ва шу йўлдан борди.

“Улар бундай йирик тизимли ечимнинг афзалликларини олдиндан кўра олди. Иқлими совуқ мамлакат сифатида Швеция ўз аҳолиси учун энергияни тежайдиган ва оқилона иситиш тизимини яратиши керак эди” — деб қўшимча қилди Перссон.

Марказлаштирилган иссиқлик таъминотининг афзаллиги шундаки, унда фойдаланиладиган ёқилғини бошқасига алмаштириш мумкин. Илгари Швеция нефт ва кўмир каби қазиб олинадиган ёқилғи турларига таянарди. Бироқ 1990 йиллардан бошлаб, қайта тикланувчи энергия манбаларини ва айниқса энергия самарадорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратила бошлади, шунингдек ёғоч ёқилғисидан фойдаланиш технологиясига инвестиция киритиш йўлга қўйилди. Бугунги кунда Швецияда иссиқлик таъминотининг 97 фоизи биоёқилғи ва чиқиндиларни ёқиш ҳисобига амалга оширилмоқда.

“Сўнгги 30 йил ичида электр энергияси ишлаб чиқариш ва иссиқлик таъминоти тизимида иссиқхона газлари чиқиндиларини 70 фоизга камайтиришга эришдик. Бундан кўриниб турибдики, катта ва дадил ўзгаришларни амалга оширса бўлади”, — деб таъкидлайди Перссон.

Бундай ўзгаришлар ўзидан-ўзи рўй бергани йўқ. Стокҳолм 1990 йиллардан буён аниқ иқлим сиёсатини юритиб келмоқда. Мисол учун, шведлар биринчи бўлиб карбонат ангидрид чиқиндилари учун солиқ жорий этди. Бунда ҳам корхоналар, ҳам жисмоний шахслардан чиқинди учун тўлов ундирилади. Бу солиқ ҳатто бугунги кунда ҳам дунёдаги энг юқори солиқлардан бири саналади.

“Ҳаммаси жуда оддий: ё атроф-муҳитга зарар етказадиган бирор иш қилиб, бунинг учун солиқ тўлашга мажбур бўласиз; ёки ҳаракатларингиз экологик тоза бўлади ва сиздан солиқ ундирилмайди”, — дея сўзида давом этади Маттиас Голдман.

2019 йилда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, Швецияда карбонат ангидрид чиқиндиларига қўйиладиган солиқ уларнинг ҳажмига сезиларли таъсир кўрсатган: транспорт воситаларидан чиқаётган йиллик CО2 миқдори ўртача 6 фоизга камайди.

Бундан ташқари, ушбу солиқ энергия ва иссиқлик таъминоти соҳасидаги ўзгаришларни тезлаштирди, одамлар ва компаниялар қазиб олинадиган ёқилғи ўрнига қайта тикланадиган энергия манбаларига сармоя киритишни бошлади. Аксарият давлатларда жамоатчилик ҳар қандай янги солиққа қарши чиқса, Швецияда бу йиғим “ура-ура” билан қарши олинди.

“Бизда анчадан буён экология ва иқлим сиёсати қўллаб-қувватлаб келинмоқда, мамлакатимиз эса бу соҳада етакчи экани билан фахрланади”, — дея вазиятни таърифлайди Перссон.

Бу маҳаллий сиёсий доиранинг барча қисмларига мос келади. 2017 йилдаёқ саккизта етакчи партиядан еттитаси иқлим бўйича дунёдаги энг қатъий мақсадни келишиб олган: 2045 йилга келиб карбонат ангидрид чиқиндиларини нолга тушириш.

“Бундай мақсаднинг шакллантирилиши бизнес ва аҳоли орасида карбонсизлаштириш сиёсати бундан буён ҳам давом эттирилишига ҳамда иқлимни ҳимоя қилишга сармоя киритиш мумкинлигига қатъий ишончни оширади. Чунки ҳукумат ўзгарган тақдирда ҳам бу мақсад ўз кучини сақлаб қолиши аниқ”, — деб таъкидлайди Голдман.

Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан CO2 эмиссиясининг ўсиши

Стокҳолм CО2 чиқиндиларини камайтириш бўйича бир қатор самарали чоралар кўрган бўлса-да, Швеция иқтисодиётининг барча тармоқлари ҳали тўлиқ карбонсизлаштиришга ўтмаган. Ҳозирги кунда транспорт ва қишлоқ хўжалиги мамлакат бўйича карбонат ангидрид гази чиқиндиларининг энг йирик манбалари ҳисобланади. Айниқса, транспорт соҳаси энг катта ташвиш уйғотмоқда.

Фото: Adam Ihse/TT/picture alliance

Россиянинг Украинага босқини туфайли юзага келган энергетика инқирозидан сўнг, Швециянинг консерватив ҳукумати ушбу соҳада бир қатор муҳим чораларни бекор қилди. Жумладан, ҳукумат бензин ва дизел ёнилғисига солинадиган солиқларни тўртдан бирга камайтирди, натижада уларнинг нархи арзонлашди.

Ҳукумат, муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, автомобилдан фойдаланиш харажатларини камайтириш бўйича бир қатор чора-тадбирларни амалга оширди, шунингдек, электромобиллар харидига илгари берилган имтиёзлар бекор қилинди.

“Биз CО2 чиқиндиларини йилига тахминан 5 миллион тоннага кўпайтиряпмиз. Аслида, бу Швеция тарихида транспорт соҳасидаги чиқиндиларнинг энг катта ўсишидир” — дея афсус билдирди Маттиас Голдман.

Аммо унинг фикрича бу муваффақиятсизлик узоққа чўзилмайди, чунки ҳукумат ушбу чоралар вақтинчалик бўлишини, Швеция транспорт соҳасидаги мақсади — 2010 йилдан 2030 йилгача CО2 чиқиндиларини 70 фоизга камайтиришга эришиш йўлида фақат олдинга юришини ваъда қилган.

Швециянинг тажрибаси

Бошқа давлатлар Швециянинг муваффақият тарихидан қандай сабоқ олиши мумкин?

“Менимча, Швеция иссиқхона газларини умуман чиқармасдан электр энергиясини ишлаб чиқариш мумкинлигини кўрсатиб бермоқда. Бу эса жаҳондаги бошқа мамлакатлар учун намуна бўла олади”, — деб таъкидлайди Йорре де Шрайвер.

Швециянинг сиёсати бошқа давлатларга намуна бўла оладими? Бунга жавобан Голдман ҳаракатлар кетма-кетлигини санади:

“Иқлимга қаерда энг кўп таъсир кўрсатаётганингизни ва қайси соҳаларда энг катта ўзгаришларга эришиш мумкинлигини аниқланг. Мамлакатингизнинг ўзига хос устунлиги нимада? Кириш нуқтангиз қаерда жойлашган? Шундан келиб чиқиб иш кўринг”.

У кейинги истиқболларни қуйидагича тасвирлайди: “Бу сизга яшил корхоналар ва иш ўринларини яратиш имконини беради, шунингдек, миллиардлаб экспорт даромадларини келтиради. Бу маблағларни эса бошқа эҳтиёжларингизга, аҳолининг фаровонлигини оширишга, мактаб таълимини яхшилашга ва ҳоказоларга сарфлашингиз мумкин бўлади.

Ҳар бир мамлакатдаги вазият ўзига хос бўлса-да, ўтиш жараёнига барча манфаатдор томонларни жалб этиш жуда муҳим, деб таъкидлади Швециянинг Котибият-2030 ташкилоти асосчиси.

Эса Перссон ҳам бу фикрга қўшилади. “Энг муҳим сабоқ шундаки, ҳукумат, хусусий сектор ва маҳаллий ҳокимият органлари ўзаро ҳамкорликда ҳақиқий тизимли ечимларни ишлаб чиқиш, таваккал қилиш ва йирик узоқ муддатли сармояларни киритиш учун яқиндан алоқада бўлиши зарур. Бу Швецияда карбонатдан воз кечиш жараёнининг муваффақиятли омилларидан бири бўлди”, — дея сўзини якунлади у.

Мавзуга оид