Жамият | 11:30 / 24.09.2024
2299
1 дақиқада ўқилади

18 кгдан зиёд синтетик гиёҳвандлик моддасини олиб киришга уриниш фош қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Довут-ота” чегара божхона постида соф оғирлиги 18 кгдан зиёд синтетик гиёҳвандлик моддасини олиб киришга уриниш фош этилди.

Фото: Божхона қўмитаси

“Довут-ота” чегара божхона пости, бошқарманинг тезкор тузилмалари ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда аниқланган мазкур ҳолатда республикага кириб келган Lada Largus русумли автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Кўрик давомида автотранспорт юкхонасидаги 2 дона овоз кучайтиргич божхона ходимларининг диққатини тортди. Боиси қурилмаларнинг ичига ёт жисмлар жойланган экан. 

Холислар иштирокида ушбу колонкалар очиб кўрилганида, уларнинг ичида 36 дона полиэтилен ўрамлар моҳирлик билан яширилганлиги фош бўлди.

Ўрамлардаги оқ рангли, ўткир ҳидли, кукунсимон моддалар эса Марказий божхона лабораториясининг хулосасига кўра 18 кг 97 гр оғирликдаги "мефедрон" синтетик гиёҳвандлик моддаси бўлиб чиқди. 

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.

Мефедрон Ўзбекистонда муомалада бўлиши тақиқланган гиёҳванд моддалар рўйхатига киритилган.

Мавзуга оид