24 сентябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Баланд бинолар учун конструкторлик бюроси, қум-шағал қазиб олиш бўйича муқобил хомашё базаси, ошаётган алимент тўловлари ва Ўзбекистонда ўқиётган ҳиндистонлик талабалар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Баланд бинолар учун конструкторлик бюроси
Ўзбекистонда жорий йил якунига қадар 16 қаватдан юқори бинолар қуриш бўйича Тошкент архитектура-қурилиш университети қошида алоҳида Конструкторлик бюроси ташкил этиладиган бўлди.
Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг 38 таси рўйхатдан ўтмаган, яна 13 таси янгиланмагани таъкидланди.
Шу боис қурувчилар замонавий объект қуришда лойиҳага махсус техник шарт олиш учун қўшимча вақт ва маблағ сарфламоқда, бу эса таннархга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Қурилишдаги ўзгаришлардан орқада қолиб кетмаслик учун Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини мунтазам янгилаб бориш кераклиги таъкидланди.
Шу муносабат билан Қурилиш ва Адлия вазирликларига бир ойда 38 та Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини рўйхатдан ўтказиб, амалиётга жорий қилиш, 1 мартга қадар 16 қаватдан юқори бинолар, савдо комплекси ва паркинглар бўйича миллий нормаларни ҳамда яна 13 та Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқиш топширилди.
Қум-шағал бўйича муқобил хомашё базаси
Экологик мувозанатни тиклаш мақсадида дарё ўзанларини қазишга мораторий жорий этилган. Шу муносабат билан республика бўйича муқобил қум-шағал участкалари аниқланиб, аукционга чиқарилмоқда.
Жумладан Олмалиқ кон металлургия комбинатида йиғилган уюмлар муқобил қум-шағалга айлантирилади.
Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган қурилиш индустрияси ва қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида айтилди.
Республика бўйича 135 та қум-шағал участкалари аниқланиб, ҳозиргача улардан 40 таси аукционга чиқарилди. Қолган 95 та участкаларни аукционга чиқариш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш топширилди.
Йиғилишда қайд этилишича, сўнгги 7 йилда қурилиш материаллари соҳасига 9 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 5 мингга яқин янги корхона ишга тушди, 94 мингта доимий иш ўрни яратилган.
Камбағал оилалар реестри
2024 йил 1 декабрдан «маҳалла еттилиги» томонидан камбағал оилаларнинг ижтимоий шароити ва камбағалликка тушиш сабабларини ўрганиш натижасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Камбағал оилалар реестри шакллантирилади.
Бу ҳақда президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан:
- кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам олаётган оилаларнинг расмий банд бўлмаган аъзолари ишга жойлашганда, ўзини ўзи банд қилганда ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганда ушбу нафақа ва моддий ёрдамни уларнинг муддати тугагунга қадар, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўлаш давом эттирилади;
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 бараваридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи тўланган ҳолда ишга жойлашган Камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзоси учун ижтимоий солиқ уч йил давомида 1 фоиз ставкада тўланади;
- камбағал оилаларга кўмак чоралари ижтимоий шартнома асосида меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, ўз томорқасидан самарали фойдаланиш, оила аъзолари, шу жумладан, фарзандларининг билим олиши, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиши ҳамда соғлиғини назоратга олиши, уй-жойини озода тутиши каби шартлар инобатга олинган ҳолда кўрсатилади.
Алимент тўловлари ошади
Ўзбекистонда алимент тўловлари ошади.
2024 йил 1 сентябрдан бошлаб, қарздорнинг нафақасига қаратилган ижро ҳужжатлари бўйича тўланадиган алимент миқдори 15 фоизга, 1 октябрдан бошлаб, қарздор педагог ходимларнинг иш ҳақига қаратилган ижро ҳужжатлари бўйича тўланадиган алимент миқдори 15 фоизга, хусусий сектор ва бюджет ташкилотларида фаолият юритувчи қарздорларнинг иш ҳақига қаратилган ижро ҳужжатлари бўйича тўланадиган алимент миқдори эса 10 фоизга ошади.
2024 йил 1 октябрдан ишсиз алимент тўловчилар томонидан тўланадиган алимент миқдори ҳам ўртача 10 фоизга ошади.
Агар алимент тўловчи шахс ишламайдиган бўлса ёки унинг иш ҳақи ва даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, алимент қарзи ундирилаётган вақтда Ўзбекистондаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади.
Ҳиндистонлик талабалар
Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида бўлиб ўтган маданиятлар туташуви ва таълим уйғунлигига бағишланган халқаро анжуманда иштирок этди.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида 5 мингдан ортиқ ҳиндистонлик ёшлар таҳсил олаётгани, ўзбекистонлик йигит-қизлар ҳам Ҳиндистонда ахборот технологиялари, тиббиёт, фармацевтика, тилшунослик ва бошқа рақобатбардош йўналишларда мутахассисликка эга бўлаётгани урғуланди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳам кенг тарғиб қилинди. Жумладан, айни пайтда икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 15 га яқин авиарейслар йўлга қўйилгани қайд этилди.
Мавзуга оид
21:11 / 24.12.2024
24 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:14 / 23.12.2024
23 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:16 / 20.12.2024
20 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20:30 / 19.12.2024