«Биз урушнинг янги босқичидамиз». Ливанда Исроил зарбалари қурбонлари сони 500 га яқинлашди
Исроил мудофаа армияси 23 сентябр куни Ливанда «олдини олувчи ҳарбий амалиёт» бошланганини маълум қилган. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ливанликларни уйларини тарк этишга чақирган. Ливаннинг катталиги бўйича учинчи шаҳри бўлган Сидонда ҳам аҳоли хавфсиз жойларга кета бошлади.
Исроил душанба куни «Ҳизбуллоҳ»нинг Ливандаги юзлаб объектлари бўйлаб авиазарбалар йўллади, натижада, маҳаллий расмийларга кўра, камида 492 киши ҳалок бўлган, шундан 35 нафари болалар. 1600 дан ортиқ киши яраланган.
Reuters агентлиги ёзишича, ливанлик мулозимлардан бири буни 1975–1990 йиллардаги фуқаролик уруши давридан буён бир ҳужум давомида энг кўп қурбон берилиши бўлди.
Душанба куни исроиллик ҳарбийлар Ливан жанубида, Бекаа водийси шарқида ва Сурия яқинидаги шимолий ҳудудлар бўйлаб «Ҳизбуллоҳ»га алоқадор объектларга кескинлик бошланганидан буён энг йирик зарбаларни йўллади.
Исроил ҳарбийлари сўнгги 24 соат давомида Ливанда «Ҳизбуллоҳ»нинг 1300 объекти нишонга олингани ҳақида маълум қилган.
Исроил мудофаа армияси тасдиқлашича, «қишлоқлар марказига, тинч аҳоли уйларига жойлаштирилган» қанотли ракеталар, реактив снарядлар ва зарбдор дронлар исроиллик ҳарбийлар нишонига айланган. ЦАҲАЛ «Ҳизбуллоҳ» уларни Исроил томонга учиришни режалаштиргани, «шу билан бир вақтда Ливан аҳолисини хавф остига қўйгани»ни билдирган.
Исроил мудофаа армияси бош штаби бошлиғи Герци Ҳалеви исроиллик ҳарбийлар Ливандаги амалиётининг кейинги босқичига тайёргарлик кўраётганини маълум қилган.
«Моҳиятан, биз „Ҳизбуллоҳ“ сўнгги 20 йил мобайнида қурган ҳарбий инфратузилмага зарба беряпмиз. Бу жуда муҳим. Биз нишонлар бўйлаб зарбалар йўллаймиз ва кейинги босқичга тайёрланамиз», — деган у.
Исроиллик ҳарбийлар душанба куни кечқурун Байрут бўйлаб мақсадли зарбалар йўлланганини айтишган. Reuters агентлиги хабар қилишича, Исроил мудофаа армияси нишони «Ҳизбуллоҳ» қўмондони Али Каракий бўлган.
Аммо «Ҳизбуллоҳ» Каракий «соғ ва омон экани, хавфсиз жойга кўчиб ўтгани»ни маълум қилган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ливан аҳолисига мурожаат қилган ва «хавфли ҳудудлар»ни тарк этишга чақирган. Унинг тасдиқлашича, исроилликлар амалиёти якунланганидан кейин одамлар ўз уйларига қайтиши мумкин бўлади.
Ливан соғлиқни сақлаш вазири Фирасс Абиад «бу ҳужумлардан асосий мақсад тинч аҳолини ҳужум қилинаётган ҳудудлардан чиқариб юбориш» эканини айтган.
«Кўриниб турибдики, Исроил ҳукуматининг мақсади эскалация ва провокация, — деган у BBC Radio 4 радиостанциясига берган интервюсида. — Биз урушнинг янги босқичида турибмиз. Аввалига бу мақсадли ҳужумлар эди, эндиликда — танлаб ўтирмасдан зарба беришмоқда».
Унинг сўзларига кўра, аҳолининг аксар қисми уруш хоҳламайди. «Эскалация зарурати бўйича қарор хорижда қабул қилинган», — дея қўшимча қилган Абиад.
Франция душанба куни Ливандаги ҳолатни муҳокама қилиш учун БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақиришни талаб қилди.
AFP агентлиги хабар беришича, бу ҳақда душанба куни БМТ Бош ассамблеяси сессиясида Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро маълум қилган. У барча томонларни "барча учун вайронкор оқибатларга эга бўладиган минтақавий можаронинг олдини олиш"га чақирган.
Исроилнинг огоҳлантиришлари
BBC’нинг Байрутдаги мухбири Нафиса Коннаварднинг сўзларига кўра, душанба куни тонгда Ливан жанубида яшовчи аҳолига «Ҳизбуллоҳ» қуролларини сақлашда фойдаланадиган бинолардан узоқроқ бўлиш чақирилган матнли ва овозли хабарлар юборилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеороликлардан бирида овозли хабар олган ливанликлардан бири акс этган, унга юборилган хабарда Исроил амалиёти давом этаётгани ва «янги босқичга ўтгани» айтилади. «Агар сиз „Ҳизбуллоҳ“ фойдаланадган қишлоқда бўлсангиз, ўз хавфсизлигингиз учун зудлик билан у жойни тарк этинг», — дейилган овозли хабарда.
Ливан ахборот вазири Зиёд Макарий унинг офисига ҳам шундай огоҳлантириш билан қўнғироқ қилинганини айтиб, буни Исроил олиб бораётган психологик урушнинг бир қисми деб атаган.
«Байрутда ва унинг атрофидаги ҳудудларда яшовчилар стационар телефонлар орқали огоҳлантиришлар олишган, уларнинг манбаси тезда эвакуация бўлишни буюраётган исроиллик душманлардир», — дейилади Ливандаги Миллий янгиликлар агентлиги (NNA) хабарида.
Ogero давлат телекоммуникация компаняси раҳбари Имад Крейдие AFP агентлиги билан суҳбатда «Ливандаги стационар алоқа тизими Исроилдан келадиган ҳар қандай хабарга блок қўйгани», аммо Исроил «дўст мамлакатининг халқаро телефон кодидан фойдаланиб алоқа тизимини айланиб ўтаётгани»ни айтган. Ogero маълумотига кўра, исроилликлар 80 мингдан ортиқ рақамга огоҳлантириш қўнғироқлари амалга оширган.
BBC’нинг Байрутда бўлиб турган мухбири Орла Гериннинг хабар беришича, эвакуация тўғрисидаги огоҳлантиришдан кейин пойтахт кўчаларида улкан тирбандликлар юзага келган. Гериннинг маълумотига кўра, Бейрутнинг қатор туманлари, жумладан Ҳамре тумани аҳолиси эвакуация зарурати тўғрисида огоҳлантириш олган. Гериннинг сўзларига кўра, бу туманда «Ҳизбуллоҳ»га алоқаси бўлмаган Ахборот вазирлиги, банклар, университетлар бор, унинг ўзи ҳам шу ерда яшайди.
Ливан ҳукумати мамлакатнинг турли қисмларидаги мактаблар жанубдан эвакуация бўлган одамлар учун очилади. Давлат мактабларида ўқув йили ҳали бошланмаган, мамлакатнинг турли чеккаларидаги хусусий мактаблар эса машғулотларни вақтинча тўхтатган.
Бу каби огоҳлантиришлар исроиллик ҳарбийлар томонидан Ливан аҳолисига йўлланган биринчиси бўлмоқда, бунгача Исроил мудофаа армияси Ғазо секторидаги одамлар учун ҳам шундай амалиёт қўллаган.
Авиазарбаларнинг йирик тўлқини
Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган «Ҳизбуллоҳ»га қарши авиазарбаларнинг янги серияси — можаро бошланганидан буён ўтган қарийб бир йил ичидаги энг кенг кўламлиси бўлди. Исроил Ливан жануби, Бекаа водийсининг шарқий қисми, Сурия яқинидаги шимолий ҳудудлар бўйлаб зарбалар бермоқда.
Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатдаги барча шифохоналардан шошилинч бўлмаган жарроҳлик амалиётларини кейинга қолдиришни талаб қилган. Шифокорларга шошилинч тиббий ёрдам бўлимларига олиб келиниши мумкин бўлган ярадорларни қабул қилишга тайёрланиш буюрилган.
Аввалроқ Исроил мудофаа армияси ҳарбийлар «Ливан жанубида „Ҳизбуллоҳ“ террорчилик ташкилотига тегишли бўлган террорчилик объектлари бўйлаб зарбалар йўлланаётгани»ни маълум қилганди.
Дам олиш кунлари ҳам Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида авиазарбалар алмашинуви кузатилганди.
Якшанбага ўтар кечаси «Ҳизбуллоҳ» Ливандан ўнлаб ракеталар билан Исроил шимолига ҳужум қилганди. Исроил армиясига кўра, учирилган 105 та ракетанинг аксар қисми тутиб қолинган, аммо айрим уйлар шикастланган.
«Ҳизбуллоҳ» ҳафта аввалида гуруҳ аъзоларининг пейжерлари ва рация воситалари портлатилиши учун жавоб сифатида саноат ва ҳарбий объектлар бўйлаб зарбалар йўлланганини маълум қилган.
Исроилнинг жума куни Байрутга йўлланган авиазарбаси оқибатида, Исроил мудофаа армиясига кўра, «Ҳизбуллоҳ»нинг 16 нафар командири ҳалок бўлган. Ливан ҳукумати 45 киши ўлими тўғрисида хабар берган.
Шанба куни Исроилнинг ўнлаб ҳарбий самолётлари Ливан жануби бўйлаб зарбалар йўллади. Исроил армияси матбуот котиби Даниэл Ҳагари бу ҳудудда «Ҳизбуллоҳ»нинг Исроилга зарба бериш учун ўрнатилган қуроллари жойлаштирилгани аниқланганини айтган.
Ўтган ҳафтада Ливанда «Ҳизбуллоҳ» аъзолари мобил телефонлар ўрнига фойдаланадиган пейжерлар ва рация воситалари масофадан туриб портлатилиши оқибатида уч мингдан ошиқ киши яраланиб, камида 37 киши ҳалок бўлганди. «Ҳизбуллоҳ» бу ҳужумда Исроилни айблаган, исроиллик расмийлар эса ҳодисага алоқадорликни рад этган. Бундай кенг кўламли амалиёт қандай уюштирилгани ҳозиргача аниқ эмас.
Мавзуга оид
00:02 / 22.12.2024
Владимир Путин: «Суриядаги воқеалар бенефициари — Исроил»
16:40 / 20.12.2024
Ғазода ҳарбий базалар қурилмоқда. Исроил мустаҳкам ўрнашиб олмоқчи
18:08 / 19.12.2024
Исроил илк бор Яман пойтахтига зарба берди
14:47 / 18.12.2024