Жаҳон | 13:00 / 24.09.2024
5794
8 дақиқада ўқилади

Ливанга ёпирилма зарбалар, АҚШга йўл олган Зеленский ва таслим бўлган Дуров — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

 

Ғазодаги вазият

Исроил армияси Ғазонинг марказий қисмида жойлашган мактабга қарата ўт очди. «Нусайрат» қочқинлар лагеридаги Холиб ибн Волид мактабида мажбуран ўз уй-жойларидан кўчирилган фаластинликлар жон сақлаётган эди.

Мактабнинг юқори қаватига қарата ўт очилиши натижасида 3 киши ўлдирилган. Ҳужум натижаси кўплаб инсонлар ярадор қилингани ҳам хабар қилинмоқда.

Аввалроқ Исроил армияси «Аш-Шатий» қочқинлар лагеридаги «Кафр Қосим» мактабига ҳужум қилиб, 6 кишини ўлдирган.

Ғазодаги уйлар ҳам Исроил нишонига айланмоқда. Даур-ул-Балаҳ шаҳридаги «Ал-Ақсо шаҳидлари» касалхонаси яқинида жойлашган Абу-Самак оиласининг уйига авиазарба берилиши натижасида аёл ва унинг 4 нафар боласи ҳалок бўлган.

Исроил вертолётлари шунингдек, Аз-Зайтун туманидаги уйларга қарата ўт очган. Артиллерия эса шаҳарнинг жанубий ғарбий қисмидаги уйларни нишонга олган.

Исроилнинг Ливанга ҳужуми

23 сентябр куни Исроилнинг «Ҳизбуллоҳ» нишонларига берган кенг кўламли зарбалари натижасида, Байрутга кўра, 492 киши, жумладан, 35 бола ва 58 аёл ҳалок бўлган. Ливан давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, ҳалок бўлганлар орасида фавқулодда хизматлар ходимлари ҳам бор. Яна 1645 киши жароҳатланган.

Исроилнинг ёпирилма зарбалари нишонига айланган жанубдаги ливанликлар шимолга кўчишга мажбур бўлишмоқда. Шу боис йўлларда улкан тирбандликлар ҳосил бўлган.

23 сентябр тонгидан бошлаб Исроил Ливанда 300 дан ортиқ нишонга зарбалар йўллаган. Ҳужум Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» нисбатан устун мавқега эга бўлган жанубий қисмидаги ўнлаб шаҳарлар бўйлаб берилган.

Исроил қирувчи самолётлари ва учувчисиз учоқлари 1400 дан ортиқ ўқ-дорилардан фойдаланган ҳолда Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати билан боғлиқ 1100 дан ортиқ нишонга зарба берди.

Ҳужум олдидан Ливан аҳолиси телефонларига қўнғироқ бўлиб, «Ҳизбуллоҳ» фойдаланадиган ҳар қандай объектдан камида бир километр масофага узоқлашиш талаб қилинган.

Ливан аҳолисига смс кўринишида ҳам эвакуация бўйича огоҳлантиришлар юборилган.

ЦАҲАЛнинг ҳаракатларига жавобан «Ҳизбуллоҳ» Исроилнинг шимолий қисмидаги ҳарбий базалар бўйлаб юзлаб ракеталар учирган. Бироқ Исроилнинг «Темир қубба» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими бу ракеталарнинг аксариятини уриб туширган.

Зеленский АҚШда

Украина президенти Володимир Зеленский Ню-Йоркка БМТ Бош ассамблеясида иштирок этиш учун келди. Америкада у амалдаги президент Жо Байден, шунингдек, президентликка номзодлар Доналд Трамп ва Камала Ҳаррис билан учрашади, Конгрессда чиқиш қилади.

Америкага ташрифини Зеленский мамлакат учун ўқдори чиқарадиган заводдан бошлади.

«Асосий мақсад — Украинани мустаҳкамлаш ва бутун халқимизни ҳимоя қилиш, бу урушни фақат глобал саъй-ҳаракатлар орқали адолатли тинчлик билан тугатиш мумкин», деб ёзган Украина раҳбари.

У, шунингдек, «Украинанинг Россия Федерациясига қарши мудофаа урушида ғалаба қозониш режасини» эълон қилади, у «барча иттифоқчилар столида бўлади». Аввалроқ, Зеленский унинг «ғалаба режаси» хавфсизлик, Украинанинг геосиёсий ўрни, кучли ҳарбий ва иқтисодий ёрдам бўйича қарорлар ҳақида эканини айтган.

26 сентябр куни эса Оқ уйда у АҚШ президенти Жо Байден билан учрашиши режалаштирилган. Зеленский бу учрашувида Байденга тақдим этадиган «ғалаба режаси»нинг бандларидан бири АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан ҳануз рад этилаётган ғарбнинг узоқ масофали қуроллари билан Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба йўллашга рухсат бўлиши кутилмоқда.

Bloomberg агентлигига кўра, режага кўра, Украина йил охиригача НАТОга аъзо бўлиш учун расмий таклифнома олиши ҳам кўзда тутилган.

Россиянинг урушдаги харажатлари

Россияда армия харажатлари рекорд даражада ошади: мамлакат 2025 йилда урушга 142 млрд доллар сарфлайди

РФ бюджетидаги ҳар уч рублдан бири — 12,9 триллион рубл махфий қарорлар орқали сарфланади. Умумий ҳисобда бундай харажатлар ўтган йилга нисбатан 16 фоизга ошмоқда.

Россия ҳукумати Украинага қарши давом этаётган уруш харажатларини қоплаш учун армия бюджетини яна кескин оширишга тайёргарлик кўрмоқда. Ҳозирга қадар урушга кетган маблағлар россиялик солиқ тўловчиларга 22 триллион сўмга тушган.

Bloombergʼнинг ёзишича, 2025 йилда Россия федерал ғазнаси «миллий мудофаа» учун 13,2 триллион рубл (142 миллиард доллар) ажратади. 2024 йил билан таққослаганда ҳарбий харажатлар 22 фоизга, 2023 йилга нисбатан икки баробарга, 2021 йил билан солиштирганда эса қарийб тўрт баробарга ошмоқда.

Мамлакатда ҳарбий бюджет ялпи ички маҳсулотнинг 6,2 фоизини ташкил этади. Бундан ташқари, ҳукумат яна 3,5 триллион рублни полиция, «Росгвардия», Тергов қўмитаси, махсус хизматлар ва бошқа куч тузилмалари бюджетини ҳимоя қилувчи «миллий хавфсизлик» банди орқали сарфлайди.

Ҳарбий бюджетни барқарорлаштириш учун ҳукумат солиқларни оширишга мажбур бўлади: 2025 йилдан бошлаб Россияда жисмоний шахслар даромади учун прогрессив солиқ шкаласи ишга туширилади. Шунингдек, бизнес даромадидан олинадиган солиқ миқдори ошади. Бу ғазнага қўшимча 2,6 триллион рубл олиб келади.

Россияда кадрлар етишмовчилиги

Украинада уруш очганидан буён Россия меҳнат бозори 19 ёшдан 40 ёшгача бўлган 2 млн ишчидан айрилди.

Мамлакат меҳнат бозорида талаб юқори бўлган бу гуруҳга мансуб инсонлар сони жуда тез қисқармоқда. Таъкидланишича, яқин келажакда Россияда кадрлар билан боғлиқ вазият яхшиланмайди.

Қайд этилишича, охирги икки йилда Россияда ишчи кучи сони тахминан 1 млн кишига камайган ва ҳозирда 76,3 млн кишини ташкил этмоқда. Россия иқтисодиётидаги паст меҳнат унумдорлигининг давом этаётгани вазиятни оғирлаштирувчи омиллар ҳисобланади. «Деярли барча секторларда у ривожланган давлатлар иқтисодиётига нисбатан икки баробарга кам», — деган HeadHunter бош директори Дмитрий Сергиенков.

Унинг огоҳлантиришича, яқин келажакда Россияда кадрлар билан боғлиқ вазият яхшиланмайди. «Агарда ҳозир меҳнат бозорига тахминан 2 млн мутахассис етишмаётган бўлса, 2030 йилга бориб, ушбу рақамлар икки баробарга ошади ва бу бирор бир сезиларли иқтисодий ўсишларсиз ҳам содир бўлади», — дейди у.

Мамлакат Марказий банки томонидан апрел ойида ўтказилган сўровлар корхоналарнинг 70 фоизга яқинида кадрлар етишмовчилиги юзага келганини кўрсатган эди. Таъкидланишича, нафақат малакали мутахассислар, балки оддий ишчилар ҳам етишмовчилиги кузатилмоқда. Ҳукумат ҳисоб-китобига кўра, 2030 йилгача Россия иқтисодиётига 2,4 млн янги ишчи талаб этилади.

Дуров таслим бўлди

Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров қоидаларни бузаётган фойдаланувчиларнинг IP-манзиллари ва телефон рақамлари ошкор қилиниб, ҳуқуқ-тартибот органларининг асослантирилган сўровларига жавобан уларга берилиши мумкинлигини хабар қилди.

Дуровнинг қайд этишича, модераторлар жамоаси сўнгги ҳафталарда мессенжердаги қидирув хавфсизлиги даражасини бир неча баробар оширган ва ноқонуний контентларни излаб топиш йўлларини ёпган.

«Жиноятчиларни келгусида Telegramʼдаги қидирув сервисини суиистеъмол қилишининг олдини олиш учун биз хизмат кўрсатиш шартлари ва конфиденциаллик сиёсатини янгиладик ва уни бутун дунё учун бир хил кўринишга келтирдик», — дейилади Дуров баёнотида.

Дуровнинг бу баёноти Telegram наркотик моддалар савдо-сотиғи ва болалар порнографияси тарқатилишида ишлатилмоқда дея иддао қилаётган Франция ҳуқуқ-тартибот органларининг айблови ортидан эълон қилинди. Дуров яқинда Парижда ҳибсга олингач ва гаров эвазига чекланган озодликка чиқарилгач, ҳукумат билан ҳамкорлик қилишга ваъда берган ва миллиардга яқин виждонли фойдаланувчиларнинг хавфсизлигини жиноятчилардан ҳимоя қилиш заруриятини таъкидлаган.

Мавзуга оид