РФ АҚШ сайловларига таъсир қилиш учун кўплаб СИ-контентни ишлаб чиққани айтилди
Reuters агентлиги таянган АҚШ разведка хизмати ходимининг сўзларига кўра, Россия АҚШдаги президентлик сайловларига таъсир кўрсатиш учун сунъий интеллект контентини дунёдаги бошқа мамлакатларга қараганда кўпроқ яратган.
23 сентябр, душанба куни Россия республикачи номзод Доналд Трампни тарғиб қилиш ва Демократлар партиясидан номзод Камала Ҳаррисни қоралашга қаратилган саъй-ҳаракатлари доирасида АҚШ бўлажак президентлик сайловларига таъсир кўрсатиш учун бошқа хорижий давлатларга қараганда кўпроқ сунъий интеллект (СИ) контентини ишлаб чиқарди, деди Миллий разведка директори идораси ходими (ODNI). У ушбу СИ-контент ҳажмини аниқлаштирмади.
Reuters хабарига кўра, АҚШ разведка хизмати ходими 5 ноябр куни АҚШда бўлиб ўтадиган овоз бериш натижаларига таъсир кўрсатиш учун Россия ва бошқа мамлакатлар сунъий интеллектдан фойдаланаётгани ҳақида журналистлар учун ўтказилган брифинг чоғида анонимлик шарти билан чиқиш қилган. Москва томонидан ишлаб чиқарилган сунъий интеллект контенти ҳажми Россиянинг Трампни тарғиб қилиш ва Ҳаррисни қоралаш, хусусан, фитна нарративлари орқали кенгроқ саъй-ҳаракатларига мос келади, деди разведка ходими.
Сунъий интеллектнинг бошқа турлари сингари, генератив СИ ҳам илгари ўрганилган маълумотларга асосланган ҳолда «ҳаракат қилишни ўрганади». У матн, расм ва видеолар каби янги контентни яратишга қодир, улар одам томонидан яратилгандек туюлиши мумкин, дея қайд этади Reuters.
ODNI: Россия - энг мураккаб ўйинчи
ODNI расмийсига кўра, Россия анча мураккаб ўйинчи бўлиб, Америка сайловлари қандай ўтиши ва уларнинг мақсадлари нима эканлигини яхшироқ тушунади.
Россия сунъий интеллект мазмунини қандай тарқатаётгани ҳақидаги саволга амалдор 9 июл куни АҚШ Адлия вазирлигининг Москва томонидан қўллаб-қувватланган, АҚШ ва бошқа мамлакатларда кремлпараст хабарларни тарқатиш учун сунъий интеллект ёрдамида бошқариладиган ижтимоий тармоқ аккаунтлари операцияси бостирилгани ҳақидаги баёнотига ишора қилди.
«Россиянинг таъсир агентлари» видеони кенг тарқатди, унда бир аёл ўзини Ҳарриснинг уриб кетиши қурбони бўлганини айтган, деди разведка ходими. Бироқ унинг айтишича, видео саҳналаштирилган, сунъий интеллект томонидан яратилмаган. Ўтган ҳафта Microsoft ўзининг ички тадқиқотлари видео Россиянинг яширин дезинформацион операциясининг бир қисми эканлигини кўрсатганини айтди, деб ёзади Reuters.
Хитой ва Эрон ҳам СИ-контент бозорининг фаол иштирокчилари
Расмийнинг сўзларига кўра, Хитой сунъий интеллект контентидан АҚШдаги сайловлар натижасига бевосита таъсир ўтказиш учун эмас, балки дунёнинг мамлакат ҳақидаги тасаввурига таъсир ўтказиш воситаси сифатида фойдаланмоқда. «Хитой ХХР ҳақидаги глобал тасаввурларни шакллантириш ва Америка сиёсатидаги бўлинишларни кучайтириш мақсадида кенгроқ таъсир қилиш операцияларида сунъий интеллектдан фойдаланмоқда», деди у ва ODNI ХХРнинг СИ технологиясидан «қандайдир махсус операциялар учун» фойдаланиши тасдиқланган далилларга эга эмаслигини қўшимча қилди.
Ўз навбатида, Эроннинг таъсир агентлари, разведка ходимига кўра, аллақачон СИдан ижтимоий тармоқларда постлар яратиш ва «ҳақиқий янгиликлар сайтлари сифатида тақдим этилган сайтлар учун ҳақиқий бўлмаган янгиликларни ёзиш» учун фойдаланган. Эрон агентлари томонидан яратилган контент инглиз ва испан тилларида эди. Бу «сиёсий спектрдаги» америкалик сайловчиларга қаратилган бўлиб, Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёти ва АҚШ президентлигига номзодлар каби қутбли масалаларга тўхталиб ўтилган, деди расмий.
Мавзуга оид
09:51
РФ давлат компанияларида СССР давридаги сиёсий ахборот дарслари қайта тикланади
19:00 / 25.12.2024
“Матрица”нинг бузилиши ва тарихий ордер
18:52 / 25.12.2024
Трамп ўлим жазосини қўллашда қатъият билан давом этишини айтди
14:59 / 25.12.2024