Жаҳон | 10:30 / 24.09.2024
10530
3 дақиқада ўқилади

Россия самолёти бир кунда Япония ҳаво чегараларини уч марта бузди

Япон қирувчилари 60 йилдан ортиқ вақтдан бери биринчи марта Ил-38 самолётига сигнал ракеталари билан огоҳлантириш берди, деб ёзади WSJ. Токио Москвага кескин норозилик билдирди.

Фото: USAF/Planet Pix/ZUMA/picture alliance

23 сентябр, душанба куни Япониянинг F-15 ва F-35 қирувчи самолётлари Япония ҳаво ҳудудини бузган Россия ҳарбий разведка самолётига огоҳлантирувчи ракеталар учирди, деб ёзади The Wall Street Journal (WSJ). Таъкидланишича, бу воқеа 1958 йилдан бери япон мудофаа кучларининг огоҳлантирувчи ракеталари учирилган биринчи шундай ҳодисага айланди.

Япония вазирлар маҳкамаси бош котиби Ёшимаса Хаяшининг сўзларига кўра, Россиянинг Ил-38 патрул самолёти 23 сентябр куни маҳаллий вақт билан соат 13:00 дан 16:00 гача Япония шимолидаги Ребунна ороли сувлари устидан учиб уч марта Япония ҳаво ҳудудига кирган.

Ёшимаса Хаяши қўшимча қилишича, Япония ушбу қоидабузарлик юзасидан Россияга «ўта кучли норозилик» билдирди. WSJ таъкидлаганидек, Япония ҳарбий-ҳаво кучлари икки марта Россия самолётига ҳаво ҳудудини тарк этиш тўғрисида огоҳлантириш ва талаблар юборган, учинчи огоҳлантиришдан сўнггина сигнал ракеталарини учирган. Россия Мудофаа вазирлиги нашрнинг вазиятга изоҳ бериш сўровига жавоб қайтармади.

Япония чегараларини бузиш ҳолатлари кўпайди

Сўнгги йилларда Россия ҳарбийлари Хитой ҳарбийлари билан қўшма машғулотларда қатнашиб, Япония ҳудудида тобора кўпроқ ҳаракат қилмоқда, шу билан бирга, ҳар икки давлат Ғарб ва унинг иттифоқчиларига қарши алоқаларни мустаҳкамламоқда, дея қайд этади WSJ.

Шундай қилиб, ўтган дам олиш кунлари «Шимол — Ўзаро ҳамкорлик 2024» рус-хитой ўқув машғулотларининг навбатдаги босқичи Охотск денгизи ва Япон денгизида ҳарбий кемалар иштирокида бўлиб ўтди. «Унда шартли душманнинг ҳаводан, сувдан ва сувостидан ҳужумини қайтариш машқлари ишлаб чиқилди», дея хабар беради «РИА Новости» нашри. Сентябр ойи бошида иккала ҳарбий-денгиз кучлари ҳам шунга ўхшаш машқларни ўтказган эди, уларни Россия президенти Владимир Путин «Тинч океанида АҚШга қарши туриш учун зарур» деб атади.

Япония ҳукумати маълумотларига кўра, СССР давридан бери Япония ҳаво ҳудудини Россия ҳарбий самолётлари энг кўп бузган — 48 та ҳаво ҳудудининг бузилишининг 44 га яқини Совет Иттифоқи ёки Россия томонидан содир этилган.

Мавзуга оид