Россия хавфсизлик кучлари Украинага қарши урушдан бош тортган ҳарбийни Қозоғистондан ўғирлаб кетди
Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган Камил Касимов таътилда Остонага қочиб келган ва у ерда қонуний ишга жойлашган. Аммо Россия ва Қозоғистон полицияси уни қўлга олиб, ноқонуний йўллар билан мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетган.
Май ойида қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари Украинага қарши урушда иштирок этишни хоҳламай, Остонага қочиб келган Россия фуқароси 23 ёшли Камил Касимов қўлга олинганини маълум қилганди. Август ўрталарида Омск ҳарбий суди уни уруш даврида дезертирлик иши бўйича айбдор деб топган. «Медиазона»нинг аниқлашича, йигит Бурятия жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан Қозоғистон ҳудудида ушланган ва қонуний депорация ёки экстрадиция қоидаларига бўйсунмай, Россияга олиб чиқиб кетган.
Тюменлик Камил Касимовнинг отаси 2014 йилда, бола 13 ёшлигида вафот этган, акаси Шамил эса бу вақтда 17 ёшда бўлган. Болаларнинг онаси Зулфия кийим-кечак тикиш устахонасида тикувчи бўлиб ишлаган ва оила мудом қийинчиликда яшаган. Мактабни тамомлаган Камил график дизайнерлик бўйича техникумга ўқишга кирган, бироқ иш топа олмаган. 2021 йил ёзида у Мудофаа вазирлиги билан икки йиллик шартнома имзолаган. Унга 30 минг рублга яқин пул тўлашни ваъда қилишган.
«Биз камбағал, ўта қашшоқ оиламиз, мен доим кам пул топганман. 30 минг ҳам катта пул эмас, албатта, ўйлашимча, у дўстлари сабаб шартнома имзолаган. Дўстларидан бири унга «юр, хизмат қиламиз, нимадир бўлар», деган гумонимча. Шунчаки дўстлари билан хизмат қилишни хоҳлаган, улар узоқроққа, Узоқ Шарқ ёки бошқа жойга кетишни истаган», — дейди йигитнинг онаси Зулфия.
Орадан ярим йил ўтгач Россия Украинага қарши уруш бошлашини на Зулфия ва на унинг ўғли билган — улар сиёсатга қизиқмаган. Касимовни Улан-Удэга, қуролланишида «Искандер» ракета мажмуалари мавжуд 103-ракета бригадасига юборишган.
Ушбу бригада ҳарбийларини ғарбий чегараларга биринчилардан бўлиб, уруш бошланишидан бир ой олдин жойлаштириш бошланган. Май ойига келиб, Беларус ҳудудидан Украина томон учирилган ракеталар сони 600 тага етган. Афтидан, Касимов Беларусда хизмат қилган. Камил онасига ҳеч нарса айтмаган, аммо у рядовойдан ефрейторга қадар кўтарилган ва унга жанговар ҳаракатлар ветерани мақоми берилган.
Зулфиянинг сўзларига кўра, уруш бошланганидан кейин унинг ўғлини иккинчи шартномани имзолашга мажбурлашган — бу сафар уч йил муддатга.
2023 йил 15 май куни Касимов таътилга чиққан. Уйига йўл олган йигит, ҳарбий қисмга қайтмасликка қарор қилган. «Она, мен у ерга қайтмайман», деди. У ерда нималар бўлганини айтмаган, ўғлим Украина ҳудудида бўлган-бўлмаганини ҳам билмайман. Менимча, у қўрққан, яшашни хоҳлагани учун шундай қарорга келган. Аввалига у Тюмендаги бирор жойга яшириниш таклифини берди. Унга барибир топишларини айтдим… Барибир ўз билганидан қолмади», — дейди аскарнинг онаси.
Камил таътили якунлангунга қадар мамлакат бўйлаб бемалол ҳаракатлана оларди. У россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари билан мулоқотга киришмай, 11 июн куни Минскка келади ва Беларус пойтахти орқали Остонага учиб кетади.
Касимов Қозоғистонда қонуний ишлашга қарор қилади: шахсий идентификация рақамини расмийлаштиради, вақтинча яшаш рухсатномасини олади ва типографияга ишга жойлашади.
Барчаси 2024 йил 23 апрел куни ўзгариб кетади. Камил Касимов бундан тахминан бир ой олдин янги ишга жойлашади — Остонадаги қурилиш материаллари фабрикасига. Унинг иш жойи ҳамма кириб-чиқадиган бинода бўлгани учун Камил номаълум эркаклар пайдо бўлганига эътибор қаратмайди.
«Биз билан юринг, йигитча, деб қўлидан ушлашган ва олиб кетишган», — дейди Камилнинг онаси. У иш жойидан Олмаота полиция бошқармасига олиб келинган ва Приозерскдаги ҳарбий комендатура ҳудудига юборилган.
13 август куни 40-гарнизон ҳарбий суди Камил Касимовга ҳукм чиқарган. Суд ҳукми билан у уруш даврида дезертирликда айбдор деб топилган ва 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Мавзуга оид
11:00
РФда Украинага қарши уруш қатнашчилари имтиёзли ипотекани ололмайди
08:43
Украина МВ демобилизация тўғрисидаги қонунни тайёрлашни кечиктиришни сўради
22:34 / 24.12.2024
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22 / 24.12.2024