Жамият | 20:34 / 24.09.2024
3788
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда фуқароларни Исроил давлатига юборишини айтиб пул олган шахсларга жиноят иши қўзғатилди

Муқаддам судланган икки нафар шахс уч нафар фуқарони Исроилга юбориш учун 52 700 доллар олгани айтилмоқда.

Фото: Ruslan Paul

Самарқанд шаҳрида фуқароларни Исроилга юборишини айтиб пул олган шахслар аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган У.В. ва Ф.Ф. уч нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни Исроилга ишга юборишлари эвазига жами 52 700 долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.

У.В. ва Ф.Ф. ўз айбига иқрор бўлиб, фуқаролардан қўлга киритган пуллари ҳисобидан 7 000 долларнинг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Бошқа бир ҳолатда, Самарқанд шаҳридаги “E.L.” нодавлат таълим муассасаси иш юритувчиси У.Ҳ. фуқаролар З.З. ва Б.А.ни ушбу ўқув марказида ўқитиб, кейин Исроилга ишга юбориши эвазига 6 700 долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.

Қайд этилишича, ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид