Жаҳон | 16:30 / 25.09.2024
3836
3 дақиқада ўқилади

Киев: ХХР - РФ армияси учун эҳтиёт қисмлар етказиб беришнинг асосий канали

Россия қуроллари учун барча хорижий компонентларнинг 60 фоизи Хитой орқали келади, деди Зеленскийнинг маслаҳатчиси.

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги

Украинага қарши урушда қўлланган Россия қуроллари учун хорижий компонентларнинг қарийб 60 фоизи Хитой орқали Россия Федерациясига келади, деди Украина президенти девони маслаҳатчиси Владислав Власюк 24 сентябр, сешанба куни Брюсселда журналистларга. «Агар сиз барча оддий қуролларни олиб, хорижий қисмларни ҳисобласангиз, уларнинг 60 фоизга яқини Хитойдан келади. Бу борада баъзи ишлаб чиқарувчилар билан узоқ муҳокамалар ўтказдик. Мен Хитойни энг катта муаммо деб айтган бўлардим», деди у.

Украинада санкциялар сиёсати бўйича ваколатли вакил лавозимини эгаллаб турган Власюкнинг сўзларига кўра, разведка ускуналари, учувчисиз учоқлар ва ракеталарда қўлланадиган муҳим компонентлар АҚШ, Япония, Нидерландия, Швейцария ва бошқа Ғарб мамлакатларида ҳам жўнатиш пунктларига эга.

Пекин, Россия билан кенг савдо алоқаларига қарамай, урушда бирон бир томонни қурол билан таъминлашини доимо рад этиб, Хитойнинг Украина инқирозига алоқаси йўқлигини таъкидлаб келади. Россия 2022 йилнинг февралида Украинага бостириб кирди ва Ғарбнинг катта санкцияларига қарамай, ўз уруш машинасини Ғарб микрочиплари ва яримўтказгичлари билан муваффақиятли таъминлади.

Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга чақириқ

Владислав Власюк Европа Иттифоқи Ғарб маҳсулотларининг Россияга кириб келишини тўхтатиш учун кўпроқ иш қила олишига ишоняпти. Вариантлардан бири сифатида у Росатомга қарши санкциялар жорий этишни таклиф қилди. «Биз Россия бу компаниядан Россия армиясини таъминлаш учун фойдаланган деб ҳисоблаймиз, бироқ Европа пойтахтлари Россиянинг атом электр станцияларини етказиб беришдаги устун мавқейи туфайли унга қарши ҳеч қандай чора кўришни истамаяпти», деди украиналик расмий.

Власюкнинг сўзларига кўра, яна бир нишон Россия логистикаси – ҳаво ва денгиз портлари, шунингдек, Россияга таъминотни осонлаштирадиган молиявий институтлар бўлиши мумкин. Шу муносабат билан, амалдор Россия IT соҳасига қарши Америка санкциялар пакетини эслатиб ўтди, унинг сўзларига кўра, у сентябр ойида кучга кирганидан бери жуда юқори самарадорликни намойиш этди.

Мавзуга оид