Шавкат Мирзиёев: “Камбағалликни қисқартириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини яратдик”
“Энг қуйи бўғин – маҳалла даражасига тушган ҳолда камбағалликни қисқартириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини яратдик”, – деди Шавкат Мирзиёев ОИИБ Бошқарувчилари кенгашининг Самарқанд саммитида. Унинг сўзларига кўра, 4 йил ичида мамлакатдаги камбағаллик даражаси 23 фоиздан 11 фоизга туширишга эришилган.
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтаётган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилари кенгашининг тўққизинчи йиллик йиғилишида нутқ сўзлади. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давлат раҳбари ОИИБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши минтақамизда илк бор ўтказилаётганини таъкидлади. “Бу нуфузли анжуманнинг навбатдаги, тўққизинчи мажлиси учун айнан Ўзбекистон танланганини биз ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳамкорлигимизнинг юксак намунаси, деб биламиз”, деди Шавкат Мирзиёев.
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон муҳим глобал ва минтақавий масалаларни муҳокама қилиш, уларга самарали ечимлар топиш учун халқаро мулоқот майдонига айланиб бораётгани қайд этилди. ОБИИнинг йиллик йиғилишида ҳам дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларидан 2 мингга яқин вакил қатнашмоқда.
Шавкат Мирзиёев “дунёдаги таҳликали вазият” шароитида “молиявий ресурслар қарийб 2 баробар қимматлашгани”ни таъкидлаб, бундай шароитда халқаро молия ташкилотларининг роли янада ошиб бораётганини қайд этди.
“Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки қисқа давр ичида 55 миллиард долларлик лойиҳалар портфели билан нафақат минтақа, балки жаҳон миқёсидаги энг нуфузли молия ташкилотларидан бирига айланганини алоҳида эътироф этиш лозим”, – таъкидлади президент.
Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, “сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар ва туб ўзгаришлар жадал амалга оширилмоқда”. Тўрт йил ичида мамлакатдаги камбағаллик даражасини 23 фоиздан 11 фоизга туширишга эришилган. Жорий йил бу кўрсаткични 9 фоизгача, 2030 йилга қадар эса 2 баробар пасайтириш мақсад қилинган.
“Бизнинг ислоҳотларимиз туб негизида тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, одамларимиз учун барча соҳаларда янги иш ўринларини ва даромад манбаларини кўпайтиришдек устувор вазифа мужассам.
Шу билан бирга, аҳолининг сифатли таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, уй-жой шароитларини яхшилаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, энг оғир ҳудудларда инфратузилма тармоқларини барпо этишни қамраб олган “кўп ўлчовли” камбағалликни қисқартириш дастурини амалга оширяпмиз.
Шу боис илғор хорижий ёндашувлар асосида энг қуйи бўғин – маҳалла даражасига тушган ҳолда камбағалликни қисқартириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини яратдик. Яқинда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори жаноб Абхижит Банержи “Ўзбекистондаги маҳалла тизими ҳар бир муҳтож оилани камбағалликдан олиб чиқиш бўйича ўзининг ноёб рецептига эга”, деб таъкидлагани ҳам бежиз эмас”, – деди президент.
Давлат раҳбари таълим тизимидаги ўзгаришларга тўхталиб, сўнгги 8 йилда мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 74 фоизга, олий таълим қамрови 9 фоиздан 38 фоизга оширилгани, янги мактаблар қурилиб, қўшимча 800 мингта ўқувчи ўрни яратилганини айтди. Келгуси 3-4 йилда мактабгача таълим қамровини камида 80 фоизга етказиш, 2025 йилдан бошлаб давлат-хусусий шериклик асосида ҳар йили 100 тадан янги мактабларни ишга тушириш режа қилинган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартиришни умуммиллий ҳаракат деб эълон қилганди.
Мавзуга оид
10:55 / 13.12.2024
Камбағал оилаларга бириктирилган раҳбарларнинг 1 минг нафари натижа кўрсата олмади
16:14 / 27.11.2024
Маҳалланинг фаол кексаларига ҳар ой 577 минг сўмдан тўланади
11:19 / 20.11.2024
2025 йилда 1 млн аҳолини камбағалликдан чиқариш ҳукумат иқтисодий комплекси асосий вазифаси бўлади
10:48 / 20.11.2024