Хитой 44 йил ичида илк бор Тинч океанида қитъалараро ракетани синовдан ўтказди
Маълумотларга кўра, Хитойда 15 минг километр масофага уча оладиган қитъалараро баллистик ракеталар мавжуд.
Хитой 25 сентябрга ўтар кечаси моделлаштирилган жанговар каллакли қитъалараро баллистик ракета (ҚБР) синовларини ўтказди, у Тинч океанидаги “аниқ белгиланган денгиз ҳудудига” тушди, дея хабар берди Хитой Мудофаа вазирлиги.
“Ушбу синов парвози йиллик машғулот режамизнинг одатий қисми ҳисобланади. У халқаро ҳуқуқ ва халқаро амалиётга мос келади ҳамда бирон-бир давлат ёки нишонга қарши йўналтирилмаган”, — дея таъкидланди вазирлик баёнотида.
Сингапурдаги Нанянг технология университети (NTU) доценти Жеймс Чар Bloomberg агентлигига берган шарҳида, Хитой тез-тез ракета синовларини ўтказиши, аммо аввал уларнинг аксарияти мамлакат ичкарисида амалга оширилганини қайд этди. У бундай турдаги қитъалараро балистик ракеталарнинг сўнгги расмий синови 1980 йилларда ўтказилганини қўшимча қилди.
Bloomberg Хитой Тинч океанида иккита ҚБР синовини ўтказгани ҳақида охирги марта 1980 йил май ойида маълумот берганини эслатди.
“Ракеталарни океанга учириш учун минтақа мамлакатлари билан олдиндан ҳамкорлик қилиш керак, шунинг учун бу унчалик кенг тарқалмаган амалиёт”, — деди Чар.
“Бу анча дадил ва провокацион ҳаракат”, — деди NTU’нинг С.Ражаратнам номидаги халқаро тадқиқотлар мактаби катта илмий ходими Дрю Томпсон нашрга. Унинг сўзларига кўра, синов БМТ Бош Ассамблеяси ўтказилиши фонида амалга оширилгани сабабли бундай ҳаракатлар “дунёга хавф туғдиради”.
Сайёрада бешта расмий ядро давлати мавжуд бўлиб, улар БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари ҳисобланади: Буюк Британия, Хитой, Россия, АҚШ ва Франция. Ҳиндистон, Покистон ва КХДР ҳам ядро синовларини ўтказган. Шунингдек, Исроил ўз ядро қуролларига эга, бироқ унинг синов ўтказган санаси номаълум.
Дунёдаги барча ядровий қуролларнинг қарийб 90 фоизи АҚШ ва Россия ҳиссасига тўғри келади. Стокҳолм халқаро тинчлик муаммоларини ўрганиш институти маълумотларига кўра, 2023 йил ноябр ойи охирида Хитойда 410 та ядровий каллак бўлган (Россия ва АҚШда — мос равишда 4489 ва 3708 дона).
Июн ойида институт ушбу каллаклар сони ортгани тўғрисида ҳисобот берди ва ядро қуролига эга давлатлар ядровий тийиб туриш концепциясига тобора кўпроқ таянаётганини таъкидлади. Мутахассисларнинг фикрича, сўнгги бир йил ичида барча ядровий давлатлар янги ядровий қуролларни ишга туширган.
2023 йилда Пентагон май ойи ҳолатига кўра, Хитой 500 дан ортиқ ядровий зарядга эга эканини маълум қилди; идора маълумотларига кўра, 2030 йилга келиб Пекиндаги жанговар каллаклар сони 1000 дан ошади.
Мавзуга оид
23:24 / 23.12.2024
Хитойда мураккаб вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилди
22:10 / 23.12.2024
АҚШ Хитойнинг эски чипларига нисбатан тергов бошлади
11:25 / 23.12.2024
Хитойда 2024 йилнинг энг яхши автомобиллари эълон қилинди
21:44 / 22.12.2024