Жаҳон | 23:26 / 26.09.2024
10692
3 дақиқада ўқилади

Трамп урушни тўхтатиш учун «ҳар қандай битим»га бормаётган Зеленскийга қарши ҳужумга ўтди

АҚШ собиқ президенти кундан кунга Украина президентига ҳужумларини кучайтирмоқда, унинг сайлов натижаларига таъсир кўрсатувчи Пенсилвания штатидаги ҳарбий заводга ташрифи эса республикачиларнинг ғазабини қўзғатди.

Фото: AFP

Володимир Зеленский АҚШ президентлигига ҳар иккала номзоднинг ҳам қўллаб-қувватловини ололмади. Доналд Трамп кундан кунга Украина президентига ҳужумларини кучайтирмоқда, унинг сайлов натижаларига таъсир кўрсатувчи Пенсилвания штатидаги ҳарбий заводга ташрифи эса республикачиларнинг ғазабини қўзғатди.

«Украина энди йўқ. Бу эндиликда Украина эмас. Ушбу шаҳар ва қишлоқлар, марҳум инсонлар, бундай кўламдаги ўликларни алмаштириб бўлмайди. Ҳар қандай битим, ҳатто энг ёмони ҳам ҳозирда бизда мавжудидан яхшироқ бўлади» — дейди Трамп Россия билан урушни тўхтатиш ҳақидаги келишувни назарда тутиб.

Зеленский ўзининг ғалаба режаси билан таништириш учун ҳар иккала номзоднинг штаблари билан учрашишни хоҳлаган эди. Жо Байден ва Камала Ҳаррис билан учрашув 26 сентябр куни бўлиб ўтади. Трамп штабининг вакилига кўра, собиқ президентнинг жадвалига Зеленксий билан учрашув киритилмаган.

«Ғалаба режаси»га хабардор ғарб амалдорларига кўра, Киев ҳарбий қўллаб-қувватловни оширишга ва тақдим этилган қурол-яроғларни қўллашда чекловлар қўймасликка чақирмоқда. Режанинг асосий қисмини АҚШ Украинага қуроллардан ўз манфаатидан келиб чиқиб қўллашга рухсат бериши ташкил этади. Финляндия президенти Александр Стуббнинг айтишича, бундай рухсатсиз Украинанинг қолган таклифлари «у қадар долзарб эмас» бўлиб қолади, чунки у Россиянинг давом этаётган босқинига қарши туриши мушкул кечади.

Трамп 23 сентябр куни Зеленскийни «тарихдаги энг буюк савдогар» деб атаганди: «Ҳар сафар у мамлакатга келганида 60 миллиард доллар билан қайтиб кетади». 25 сентябр куни ўтказилган митингда Трамп Зеленскийга яна шу саволлар билан ҳужумини давом эттирди: «Биз битим тузишдан бош тортган инсон — Зеленскийга миллиардлаб доллар беришни давом этяпмиз. У тузиши мумкин бўлган ҳар қандай битим, ҳозирги вазиятдан яхшироқ бўларди. Ҳозирда эса яксон қилинган давлат бор».

Шу билан бирга, Трамп Оқ уйга қайтиши билан урушни дарҳол тўхтатишга қодирлигини таъкидлаб келмоқда. «Мен президент бўлмасам, шу урушда қолиб кетамиз. Мен буни амалга ошираман, тинчлик бўйича келишиб оламан. Мен ундан чиқиб кетаман. Биз чиқиб кетишимиз керак», — деган эди Трамп.

Афтидан, Трамп Зеленскийнинг АҚШга ташрифи олдидан унинг Украинадаги вазиятни тушуниш имкониятига шубҳа билдиргани жаҳлини чиқарган. Украина президенти New Yorker’га интервюсида АҚШнинг собиқ президенти можаронинг бутун мураккаблигини тушунмасигини айтганди.

Айрим республикачилар ҳам Зеленскийга қарши. Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон унга мактуб йўллаб, Пенсилваниядаги қурол заводига ташрифини «демократларга ёрдам бериш ва сайловларга аралашишга қаратилган партиявий кампания тадбири», деб атади. Жонсон Зеленскийни ушбу ташрифни ташкиллаштирган Украинанинг АҚШдаги элчиси Оксана Маркаровани истеъфога юборишга чақирди.

Мавзуга оид