Ўзбекистон | 10:17 / 27.09.2024
57406
3 дақиқада ўқилади

Камола Маҳмудова вафот этди

Унинг вафотига саратон хасталиги сабаб бўлгани айтилмоқда.

Фото: Kun.uz

Асли ўзбекистонлик, кўп йиллар Европа Тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) тизимида ишлаган жамоат арбоби Камола Маҳмудова узоқ давом этган хасталикдан сўнг 48 ёшида Лондонда вафот этди.

У ЕТТБнинг минтақадаги йирик лойиҳаларига раҳбарлик қилган, охирги пайтлар Озарбойжондаги ваколатхона директори лавозимида ишлаб келаётганди

Маҳмудова Ўзбекистонда кўплаб ижтимоий лойиҳаларни амалга оширган, жумладан, Khan Academy таълим платформасини ўзбек тилида ишлаб чиқишга кўмаклашиш, саратон касаллигига чалинган болаларга ёрдам бериш ва Бухорода кўчат экиш ишлари Камоланинг саъй-ҳаракатлари билан амалга ошган.

2020 йилда Шавкат Мирзиёев уни «Дўстлик» ордени билан тақдирлаганди.

Президентнинг собиқ давлат маслаҳатчиси, ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари ва ўринбосари, Ўзбекистоннинг Бельгия, Буюк Британия ва бошқа мамлакатлардаги элчиси, профессор Алишер Файзуллаев шундай таъкидлади: «Ишониш қийин, бу шок, бу бутун ўзбеклар ва ўзбекистонликлар учун катта йўқотиш. У ўзининг қисқа умри давомида жуда кўп ютуқларга эришди, Ўзбекистон учун, ўзбек маданиятининг Буюк Британия ва бутун дунёда кенг тарғиб қилиниши учун кўп ишлар қилди».

«Европа тикланиш ва тараққиёт банкида катта лавозимларда ишлади ва доим Ўзбекистонга ва ўзбекистонликларга ёрдам берди. Лондонда Ўзбекистон маданияти кунларини уюштирган асосий шахлардан бири эди… У жуда ёрқин, кўп қиррали, ғайратли, кўнгли очиқ ва камтарин шахс эди. Узоқ масофага югуриш, йога ва қадимги Шарқ фалсафасига қизиқарди. Унда ҳар доим қизиқ ғоялар, режалар ва лойиҳалар кўп бўларди. У ҳаётимда учратган энг ёрқин шахслардан бири эди», — деб ёзади Алишер Файзуллаев.

Камола Маҳмудованинг дафн маросими 27 сентябр куни Лондон шаҳрида бўлиб ўтади.