Жаҳон | 11:20 / 27.09.2024
2577
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Россия Қатар иштирокида тўққиз нафар болани Украинага топширди

Россия Федерацияси ҳудудига олиб кетилган яна тўққиз украиналик бола ўз оилалари бағрига жўнатилди, дея хабар беради Россия ОАВ болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Лвова-Беловага таяниб. Киев бу маълумотни тасдиқламади.

Фото: Telegram / malvovabelova

Украинага қарши тажовузкор уруш пайтида ноқонуний равишда Россия ҳудудига олиб кетилган тўққиз украиналик бола уйларига, оилаларига жўнатилди. Бу ҳақда 26 сентябр, пайшанба куни Россия давлат ОАВга президентнинг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Мария Лвова-Белова маълум қилди.

«Бугун биз Россия президенти Владимир Путиннинг топшириғи билан Россияда бўлган бир гуруҳ болаларни ота-оналари ва Украинада яшовчи бошқа қариндошлари билан бирлаштирмоқдамиз. Бу 12 ёшдан 17 ёшгача бўлган саккиз нафар ўғил ва 17 ёшли бир қиздан иборат гуруҳдир. 17 ёшли қиз Қримда бувиси билан яшаган, лекин Киевдаги онасига кўчиб ўтмоқчи», — дея Россия омбудсманининг ушбу ўсмирлар билан учрашувидан кейинги сўзларидан иқтибос келтиради нашрлар.

Хабар эълон қилинган вақтда Украина болаларнинг қайтарилиши ҳақида изоҳ бермади.

Учрашув Қатар элчихонасида бўлиб ўтди

Ўтган йили Халқаро жиноий суд томонидан ҳибсга олинишига ордер берилган расмий, шунингдек, элчихонасида учрашув бўлиб ўтган Қатарнинг бирлашиш жараёнига катта ёрдам бераётганига эътибор қаратди. «Мамлакат вакиллари Украина томони билан музокараларда қатнашяпти, болалар ва қариндошларига ҳамроҳлик қиляпти, транспорт ва бошқа харажатларни ўз зиммасига оляпти», — деди Лвова-Белова.

Унинг маълумотларига кўра, Россия уруши бошланганидан бери 62 оиладан 80 нафар украиналик бола Украина ва учинчи мамлакатлардаги қариндошлари, саккиз оиладан 13 нафар бола эса Россия Федерациясидаги қариндошлари бағрига қайтган.

Ўз навбатида, Украина Миллий ахборот бюроси маълумотларига кўра, 2023 йил охирига келиб Украина Россияга ноқонуний депортация қилинган 19 мингдан ортиқ болалардан 387 нафарини қайтаришга муваффақ бўлган. Украина Олий радасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец аввалроқ DW нашрига берган интервюсида украиналик болаларни Россия Федерациясига ноқонуний олиб кетиш 2014 йилдан бери содир бўлаётганини маълум қилганди. Ўшандан бери, айниқса, Россиянинг кенг кўламли ҳужуми бошланганидан кейин, депортация қилинган болаларнинг бир қисми рус оилаларига «жойлаштирилди».

Мавзуга оид