Ўзбекистон | 18:06 / 27.09.2024
30282
11 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги мактабда бошланиб вазирлар даражасига чиққан можаро – нималар бўлди?

Бир неча кун олдин Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирида «рус тили билан боғлиқ масала» юзасидан тортишув чиқиб, ўқитувчи ўқувчига қўл кўтарди. Воқеалар ривожи Россия ТИВ расмийси Ўзбекистон ички ишига аралашуви, жамоатчилик эътирозлари ва Ўзбекистон ТИВ «уйғониши» билан давом этди. Kun.uz воқеалар хронологиясини келтиради.

Муаммо қаердан бошланди?

25 сентябр куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 188-мактабда рус тили ўқитувчиси дарс вақтида ўқувчини калтаклагани акс этган видео тарқалди. Видеода ўқитувчи аввал ўқувчининг қулоғидан тортиб, юзига зарба туширгани акс этган. Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолатга расмий муносабат бериб, воқеа 23 сентябр куни иккинчи сменада ўқийдиган 6-V синфида рус тили фани дарсида рўй берганини билдирди.

Воқеа мактабга ҳали расман ишга қабул қилинмаган, синов муддатидаги рус тили фани ўқитувчисининг илк иш кунида содир бўлган.

Маълум қилинишича, ўқувчи устозига гап қайтарган ва тортишиб қолган. Сўнг ўқитувчи ўқувчининг қулоғидан чўзган, партасидан тортиб олиб чиққан ва ўқувчининг юзига тарсаки туширган. Расмийлар ўқувчига тан жароҳати етказилмаганини маълум қилди.

Ҳолатдан хабар топган ўқувчининг ота-онаси ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган, айни вақтда терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Ҳолатга болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳам муносабат билдириб, таълим муассасаларида болаларга нисбатан жисмоний зўравонликка йўл қўйганлар лавозимидан озод этилиши ва жавобгарликка тортилиши шартлигини таъкидлади.

Иш катталашди

25 сентябр куни «Осторожно, новости» телеграм-канали можаронинг янги тафсилотларини ошкор қилди. Унга кўра, барчасига ўқувчи ўқитувчидан дарсни рус тилида олиб боришни сўраши сабаб бўлган. Ўқувчининг ота-онаси ижтимоий тармоқда маълум қилишича, ўқитувчи улар билан суҳбатда ҳеч нарсадан афсусда эмаслиги, гўёки «Ўзбекистон ўзбеклар учун экани, қолганлар эса кетиши мумкинлиги»ни айтган.

Шундан кейин бу хабар Россиядаги аудиторияси катта бўлган ўнлаб телеграм-каналларда тарқалди.

Бунинг ортидан Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова брифингда Тошкентдаги мактабда юз берган ҳолат бўйича Ўзбекистон томонидан расмий тушунтириш сўралгани ҳақида айтди.

Фото: Россия ТИВ

«Ролик бола учун қайғуриш ва ҳамдардлик уйғотмай қолмайди. Биз Ўзбекистон томонидан расмий тушунтириш сўрадик. Икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган дўстона муносабатларда ҳеч қандай адоватга, айниқса, тил масаласида ўрин йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас…» — деган Захарова ҳамда масала диққат билан кузатиб борилаётганини қўшимча қилган.

Ўзбекистон томонидан жавоблар

Россиялик расмийнинг Ўзбекистоннинг ички ишлари аралашуви жамоатчиликнинг кескин эътирозларини келтириб чиқарди.

26 сентябр куни Миллий тикланиш партияси раиси, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров Россия ТИВ баёнотига муносабат билдириб, бола ҳуқуқи Ўзбекистондаги мактабда ва Ўзбекистон фуқаросининг боласига нисбатан бузилгани, шунингдек жазо чораси Ўзбекистон халқи номидан қабул қилинган қонунлар асосида кўрилишини эслатди.

Фото: Миллий тикланиш партияси матбуот хизмати

«Бизнинг ички ишларимиз ҳақида бош қотиргунча муаммоларга тўла ўзларининг ишлари билан шуғулланишса, тўғри бўлар эди. Текис жойда тўполондан фойда чиқмаслигини тушуниб етишди, деган хулосага эртароқ шекилли», — деб ёзган Қодиров.

Таълим соҳасидаги эксперт Комил Жалилов Мария Захарованинг сўзларини «сиёсий муаммолар яратиш бўйича мастер-класс» деб атаган.

«Балки шимолдаги айрим ҳали ҳам ўзини „катта оға“ ёки „катта опа“ санаётганларга Ўзбекистон — суверен давлат эканлиги, Ўзбекистон мактабларидаги тартиб-интизом масаласини ўзимиз ҳал қила олишимизни айтармиз?» — дея ёзган у.

Молиячи Отабек Бакиров расмийлар «Ўзбекистон мактабларида юз бераётган ёки юз берган ҳодиса Ўзбекистоннинг ички иши, ўзимиз ўз қонунларимиз асосида ҳал қиламиз, дея оладими?» дея савол қўйган.

Ўзбекистонда таниқли жамоат фаолларидан саналадиган бу икки муаллиф ҳам ўз постларини Алишер Қодировнинг баёнотидан олдинроқ ёзишганди.

Комил Жалилов Россия вакиллари олдин ҳам Ўзбекистон мактабларида тарих дарслари қандай ўтилаётганига қизиқиб қолгани ҳақида ёзганди.

Кейинроқ Миллий медиа бирлашмаси бошқаруви раиси, ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжа ҳам Россия ТИВ расмийси Мария Захарованинг баёнотига муносабат билдириб, бу давлатнинг ўзида ички ҳал қилинмаган муаммолари етарлича эканини таъкидлади.

«Бошқа юртнинг мамлакатимиз ички ишларига аралашуви мутлақо ва яна бир бор мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас. Бу шубҳасиз кўнгилсиз, тор доирадаги, яъни маҳаллий даражадаги воқеага миллатлараро ва тиллараро, қандайдир мақсадга хизмат қилувчи тус бериш мутлақо мумкин эмас.

Асло шубҳа йўқки, Ўзбекистон – мустақил суверен давлат. Ва ўзининг ички ишларига ташқаридан аралашувни қабул қилмайди. Бу менинг Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарованинг баёнотига муносабатимдир. Қолаверса, зикр этилган давлатнинг ўзида ички ҳал қилинмаган муаммолари етарлича», — деб ёзган Шерзодхон Қудратхўжа.

Минҳожиддин Мирзо / Фото: Ёзувчилар уюшмаси

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзонинг сўзларига кўра, Мария Захарова Ўзбекистондан кечирим сўраши керак.

“Мени ҳайрон қолдиргани, мактаб Ўзбекистонда, ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам Ўзбекистон фуқароси. Нега мустақил бир давлатда бўлган бир ҳолат учун Москвага тушунтириш берилиши керак?!

Нима, улар ҳалигача Ўзбекистонни ҳам ўзининг губернияси деб ҳисобламоқдами ё андишанинг отини қўрқоқ деб ўйлашяптими? Бир неча расмий, норасмий шахслари суверенитетимизни шубҳага олди, тарихимизни камситди, вазмин муносабат билдирдик. Мигрантларни билган кўйига соляпти. Индамаган сайин борган сари ҳаддидан ошишяпти.

Бу Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашиш ва халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши экани очиқ-ойдин кўриниб турибди-ку!

Мария Захарова бу гаплари учун Ўзбекистондан кечирим сўрасин! Россия Ташқи ишлар вазирлиги бундай ҳурматсизлик учун тушунтириш берсин!” – деган Минҳожиддин Мирзо Ёзувчилар уюшмасининг расмий каналида эълон қилинган муносабатида.

Ўзбекистон ТИВдан «кутилмаган» реакция

Одатда бундай ҳолатларда сукут сақлашни афзал кўрадиган Ўзбекистон ташқи вазирлиги ҳам бу сафар реакция билдирди.

Айни вақтда АҚШда бўлиб турган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 27 сентябр куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашган.

Фото: Ўзбекистон ТИВ

Расмий релизга кўра, учрашувда томонлар давлатлар бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилиш муҳимлигини қайд этган.

«Анъанага кўра, ҳамкорлигимиз кун тартиби кенг бўлиб, барча соҳаларни қамраб олади. Ўзаро ишончни мустаҳкамлаш йўлида давлатлар бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилиш муҳимлиги таъкидланди. Биз иттифоқчилик руҳидаги доимий мулоқотимизни давом эттиришга келишиб олдик»,дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.

Россияда ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарда эса томонлар муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликка содиқлик ҳамда миллатлараро муросасизлик кўринишларига қарши курашиш ҳақида гаплашган.

«Сергей Лавров ва Бахтиёр Саидов икки давлат раҳбарлари эришган келишувларга мувофиқ Россия ва Ўзбекистоннинг ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича изчил ҳамкорликка содиқлигини тасдиқлади. Миллатлараро муросасизлик кўринишларига қарши курашиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди»,дейилади Россия ТИВ ахборотида.

Муштумзўр ўқитувчи

Бу орада тил можароси ортидан ўқувчини урган аёл билан бошқа муаммо келиб чиқди. Маълум бўлишича, у 24 сентябр куни Яшнобод туманидаги, ўзининг 14 ёшли қизи ўқийдиган 204-мактабга бориб, мактаб раҳбарияти билан тортишиб қолган. Тортишув давомида мактаб директорининг ММИБ бўйича ўринбосарига нисбатан жисмоний куч ишлатган. Мактаб ҳудудида Миллий гвардия ва ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, уларга кескин қаршилик кўрсатган.

Фото: Видеодан кадр

25 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида мазкур иш кўриб чиқилиб, аёл МЖТКнинг 3 та моддаси бўйича айбдор деб топилди. Аёлга 7 сутка маъмурий қамоқ ва умумий 2,4 миллион сўм жарима жазолари тайинланди. Аёлнинг Чилонзордаги мактабда ўқувчини урган ҳолати эса алоҳида терговга қадар текширув жараёнида.

Бу Захаровадан биринчиси эмас

Бу Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг Ўзбекистонда рус тили билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан бошқа давлат ички ишларига аралашуви билан боғлиқ илк ҳолат эмас.

2020 йил май ойида у Ўзбекистонда давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгиловчи қонун лойиҳаси бўйича муносабат билдирган эди. Захарова «гўёки Ўзбекистонда рус тилини кўпчилик ўзбеклар хоҳлаётгани, бу қонун лойиҳаси тарафдорлари эса камчиликни ташкил қилиши» ҳақида гапирган. Унинг муносабати жамоатчиликда кескин эътирозларни келтириб чиқарган.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орадан 4 кун ўтиб «давлат тилини тартибга солувчи соҳага боғлиқ масалалар давлатнинг мутлақ ички сиёсатига дахлдор бўлиб, ҳар қандай аралашув асло мақбул эмаслиги» ҳақида баёнот берган эди.

2021 йил феврал ойида Захарова Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинган «Давлат тили тўғрисида»ги қонун ва ўзбек тили мавқейини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсати ҳақида ҳам фикр билдирганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 20 сентябр куни Олий Мажлис Сенати маъқуллаган қонун кучга кирса, Ўзбекистоннинг давлат суверенитети ва хавфсизлигига зид бўлган гаплар айтган чет эл фуқаролари Ўзбекистонга киритилмайди ёки улар Ўзбекистонда бўлса, депортация қилиниши кутилмоқда.

Мавзуга оид