Зеленскийнинг АҚШга ташрифи: Трамп «Украина энди йўқлиги»ни айтди, Байден Киевга 8 млрд долларлик пакет ажратилишини эълон қилди
Украина президенти Володимир Зеленский Оқ уйда Жо Байден билан музокаралар ўтказди, ундан олдинроқ эса Конгрессда Республикачилар ва Демократик партия вакиллари билан учрашди. У Америка сиёсатчилари унинг Россияга қарши урушдаги «Ғалаба режаси»ни қўллаб-қувватлашидан умид қилмоқда, аммо АҚШга ташрифи чоғида украинлар етакчиси республикачилар раҳбариятининг кескин танқидига учради.
АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп навбатдаги марта Украина ғалаба қозониши даргумонлигини айтди, Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон Зеленскийнинг Пенсилванияга ташрифи туфайли Украинанинг АҚШдаги элчисини ишдан олишни талаб қилди.
Зеленскийнинг ташрифининг биринчи аниқ натижаси президент Жо Байден Украинага 7,9 млрд доллар миқдоридаги янги ҳарбий ёрдам пакети ажратилишини эълон қилиши блди.
Бу Конгресс йил бошида маъқуллаган 61 млрд долларлик пакетнинг бир қисмидир. Украина унинг доирасида бошқа нарсалар қатори Joint Standoff Weapon русумли ўзи учиб борувчи авиабомбалар, яна битта Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими батареяси ҳамда унга қўшимча ракеталар олади; АҚШ украин учувчиларини F-16 қирувчиларида парвоз қилишга ўргатиш дастурини ҳам кенгайтиради.
Америка нашрлари ёзишича, АҚШ Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини маъқуллаган жорий йил баҳоридан буён бу маблағнинг катта қисми етказиш занжиридаги муаммолар туфайли ишлатилмай турибди. Шу билан бирга, Байден маъмурияти маблағларни АҚШдаги молиявий йил тугагунича, яъни сентябр ойи охиригача ишлатиб бўлиши керак.
Шу туфайли янги пакет доирасидаги қолган 5,5 млрд доллар 30 сентябрга қадар тақсимланиши лозим, яна 2,4 млрд долларни Киев «Ukraine Security Assistance Initiative» дастури доирасида олади, бу АҚШ ҳукуматига қуролларни Америка ҳарбий омборларидан ажратмасдан, ишлаб чиқарувчининг ўзидан сотиб олишга имкон беради.
Зеленский билан Оқ уйдаги учрашув чоғида Байден бу чоралар «келгуси музокараларда Украинанинг позициясини мустаҳкамлаш»га ёрдам беришини айтди.
Байден шунингдек Украинанинг муваффақияти учун иккита элемент лозимлигини таъкидлади: ғарб мамлакатлари ҳарбий ёрдами давом этиши ва узоқ муддатли хавфсизликни, жумладан Киевни ЕИ ва НАТО аъзолигига яқинлаштириш орқали таъминлаш учун халқаро қўллаб-қувватлов.
Кейинроқ Зеленский АҚШ вице-президенти, Оқ уй раҳбарлиги учун сайловда Демократик партиядан номзод сифатида қатнашаётган Камала Ҳаррис билан ҳам учрашув ўтказди.
Бу Украинада уруш бошланганидан буён Зеленскийнинг АҚШга тўртинчи сафари бўлди.
У ўзи билан Украина маъмурияти «Ғалаба режаси» деб атаётган ҳужжатни олиб келган, бу ҳужжатни Зеленский Байден ва Ҳаррис билан ўзаро учрашувларда, шунингдек, агар ўтказиладиган бўлса, республикачиларнинг президентликка номзоди Доналд Трамп билан учрашувда ҳам тақдим этилиши кўзда тутилганди.
Ҳужжат мазмуни ҳалигача ошкор этилмаган, фақат у тўрт банддан иборат экани маълум: Украинага ҳарбий ёрдам, иқтисодий қадамлар, тажовузкорга дипломатик босим ва «Россияни сиёсий йўллар билан мажбур қилиш».
Шу билан бир вақтда, Wall Street Journal нашри ёзишича, Байден маъмуриятидаги қатор юқори мартабали мулозимлар аллақачон «Ғалаба режаси» билан танишиб чиққан ва унинг мазмунидан қониқиш ҳосил қилмаган.
Оқ уй вакиллари режада кенг қамровли стратегия йўқлигидан хавотирда, таклифлар асосан кўпроқ қурол-яроғ билан таъминлаш ҳамда Американинг узоқ масофали ракеталари билан Россияга зарба беришга ўрнатилган чекловни олиб ташлаш билан чекланган.
«Мени ҳайратга солмади, унда янги гаплар кўп эмас», — деган WSJ суҳбатдошларидан бири.
Шунингдек, нашр суҳбатдошлари Зеленскийнинг таклифлари муросасизлиги, ҳужжатнинг дипломатия ва сиёсатга бағишланган бўлимлари қуроллар тақдим этиш бўйича бўлим каби батафсил баён қилинмаганини таъкидлаган.
Трамп Зеленскийни танқид қилди
АҚШ президентлигига республикачилар партиясидан номзод Доналд Трамп Зеленскийга ҳужумга ўтиб, уни яна бир бор киноя билан сайёрадаги энг устомон савдогар деб атаганди.
Унинг бу баёноти Зеленский аллақачон АҚШга ташрифини бошлаган паллада янгради.
«Украина мавжуд эмас. Бу энди Украина эмас, — деган Трамп Шимолий Каролинадаги митингда. — Уйлар яксон этилган, шаҳарлар йўқолган. Улар энди йўқ, биз эса келишувдан бош тортаётган одамга, Зеленскийга миллионлаб долларлар беришда давом этяпмиз. У мамлакатимизга келганида ҳар сафар 60 млрд доллар билан ортга қайтади».
Трамп олдин ҳам Украина «йўқ қилингани», урушда «миллионлаб ва миллионлаб» одамлар ҳалок бўлгани ҳақидаги ҳақиқатга мос келмайдиган баёнотлар берганди.
Бундан ташқари, Зеленскийнинг Вашингтондаги учрашувлари доим ҳам бу қадар катта миқдордаги ёрдам ажратилишига олиб келмаган. Ўтган йил декабрида, олдин ажратилган ишлатиб бўлингани ва Американинг ҳарбий етказмалари бир неча ойга тўхтаб қолганида, Зеленский Америка пойтахтидан бўш қўл билан қайтганди.
Трамп ўз чиқишида Россия армиясининг тарихий муваффақиятлари ҳақида ҳам эслатди. «Байден айтадики: „Биз ғалаба қозонмагунча кетмаймиз“. Аммо агар улар ғалаба қозонса нима бўлади? Улар мунтазам равишда шу билан машғул — уруш олиб бориш билан. Кимдир менга яқинда улар Ҳитлерни енггани, Наполеон устидан ғалаба қозонгани ҳақида айтганди. Улар жанг қилишади. Ва бу ёқимсиз».
Пайшанба куни Доналд Трамп жума куни Зеленский билан учрашмоқчилигини эълон қилди.
Зеленскийнинг АҚШга сафаридан олдин у демократлар Байден ва Ҳаррис билан ҳам, республикачи Трамп билан ҳам учрашишни режалаштиргани маълум қилинганди. Байден ва Ҳаррис билан учрашувлар ўтказилди, Трамп билан учрашув бўлиш-бўлмаслиги шу вақтгача номаълум қолаётганди.
Украин элчиси билан боғлиқ можаро
Зеленскийнинг АҚШга ташрифи чоғида унинг Республикачилар партияси раҳбарияти билан муносабатларини кескин ёмонлаштирадиган яна бир можаро рўй берди.
Вакиллар палатаси спикери, республикачи Майк Жонсон қатъий шаклда Зеленскийдан Украинанинг АҚШдаги элчиси Оксана Маркаровани лавозимидан олишни талаб қилди.
Жонсоннинг сўзларига кўра, у Зеленскийни Скрэнтондаги (Пенсилвания штати) снарядлар ишлаб чиқариладиган заводга таклиф этиши АҚШдаги сайловолди кампаниясига аралашув ҳисобланади.
«Мен сиз зудлик билан Украинанинг Қўшма Штатлардаги элчиси Оксана Маркаровани ишдан бўшатишингизни талаб қиламан», — дея ёзган спикер Украина президентига очиқ хатида.
Ҳафта бошида Зеленский Скрэнтондаги Украина армиясига ўта зарур бўлган 155 мм калибрли снарядлар учун металл корпус ишлаб чиқариладиган ҳарбий заводга борганди.
Скрэнтон — президент Жо Байден туғилиб ўсган шаҳар, Пенсилвания эса — ноябрда ўтказиладиган президентлик сайловлари тақдирини ҳал қиладиган муҳим штатлардан биридир.
Скрэнтонда Украина президентини штат губернатори Жош Шапиро, Пенсилваниядан сайланган сенатор Боб Кейси ҳамда конгрессмен Мэтт Картрайт жуда яхши кутиб олди. Уларнинг учаласи ҳам — демократлардир.
Кўплаб республикачилар Зеленскийнинг муҳим штатга ташрифини демократлар учун сайловолди тарғиботи ҳамда сайловларга аралашув сифатида кўришмоқда. Украина президентининг ўзи Украина учун ўта муҳим бўлган ўқ-дориларни ишлаб чиқараётган одамларга шахсан миннатдорчилик билдиришни истаганини айтган.
Майк Жонсон ўз мактубида Зеленскийни Скрэнтонда кутиб олиш учун пенсилваниялик республикачилардан бирортаси таклиф этилмаганига эътибор қаратган, унинг фикрича, бу тадбирнинг партиявий характерига яққол далилдир.
Украина ҳукумати ҳозирча Трампнинг баёнотига ҳамда АҚШдаги элчини чақириб олиш талабига муносабат билдирмади.
Украинанинг АҚШдаги собиқ элчиси Валерий Чалий фейсбукдаги саҳифасида бундай вазиятда Маркаровани ишдан олиш «умуман нотўғри бўлиши»ни айтган. «Ҳозирнинг ўзида истеъфога чиқариш — кучсиз позиция бўлади. Мураккаб шароитларда ўз вакилларингни ҳимоя қилишинг керак! Қолаверса, Маркарова хоним Украина президенти офиси билан қатъий мувофиқликда ишлайди».
Мавзуга оид
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
19:00 / 23.12.2024
Трамп: АҚШ ҳукумати расман фақат иккита жинсни - эркак ва аёлни тан олади
18:12 / 23.12.2024
Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
17:01 / 23.12.2024