Жаҳон | 12:55 / 28.09.2024
4795
3 дақиқада ўқилади

АҚШ разведкаси Украинанинг Россия ичкарисига зарба йўллашига рухсат берилишига қарши

Америка разведкасининг фикрича, агар Ғарб Киевга Россия Федерациясига узоқ масофали қуроллардан ўт очишга рухсат берса, Москва жиддий жавоб қайтаради. Бундан ташқари, АҚШ разведкачилари бу Украинага Россия билан курашишда ёрдам бермайди, деб ҳисоблайди, деб ёзади NYT.

Фото: DW

АҚШ разведкаси Украинага Россия ҳудудидаги нишонларга узоқ масофали қуроллардан ўт очишга рухсат беришга қарши. Разведка расмийларининг фикрича, Москва Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларига қарши жиддий жавоб чораларини кўриши мумкин, ҳалокатли ҳужумлар ҳам бундан мустасно эмас, деб ёзади The New York Times (NYT) 26 сентябр, пайшанба куни манбаларга таяниб.

Россиянинг эҳтимолий жавоблари орасига Европада ўт қўйиш, Европа ва Америка ҳарбий базаларига ҳужумлар каби диверсион ҳаракатларни кучайтириш киради. АҚШ разведкаси биринчи вариантни эҳтимоли юқорироқ деб ҳисоблайди.

Разведка: Россияга чуқур зарбалар йўллаш Украинага ёрдам бермайди

Бундан ташқари, АҚШ разведкасининг фикрича, Украина учун шундай ҳуқуқ беришнинг аҳамияти унчалик катта эмас, чунки унда бундай турдаги қуроллар жуда чекланган ва у янги партияни олиши ёки олмаслиги, номаълум.

Украина президенти Володимир Зеленский бир неча бор Ғарбдан Россия ҳудудига зарба йўллаш учун узоқ масофага учувчи қуроллардан фойдаланишга рухсат беришни ва Киевга бундай ракеталарни кўпроқ тақдим этишни сўраган. Киев аллақачон Американинг ATACMS, Британиянинг Storm Shadow ва Франциянинг Scalp'и билан таъминланган.

Ғарбда консенсуснинг йўқлиги

Украина учун бу масалада Ғарбдаги турли мамлакатлар ва сиёсий тузилмаларнинг позициялари ҳар хил. Масалан, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг бундай чекловларни бекор қилиш қизил чизиқдан ўтишни англатмаслигини айтди. Европарламент Европа Иттифоқи давлатларини Киевнинг Россияга қарши Ғарб узоқ масофали қуролларини қўллашига қўйилган барча чекловларни зудлик билан бекор қилишга чақирувчи резолюцияни маъқуллади.

Зеленский АҚШга ташрифи чоғида президент Жо Байден билан учрашган, бироқ узоқ масофали қуроллар ҳақида ҳеч қандай баёнот берилмаган. Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пернинг айтишича, икки етакчи ўртасидаги учрашувда Украинага Ғарб қуролларини Россия ичкарисини ўққа тутишда қўллаш учун рухсат бериш борасида «янги маълумот» кутилмаяпти.

Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Вершинин Вашингтон Киевга Ғарб қуроллари билан Россия ҳудудига чуқур зарба беришга розилик бермаслик учун «етарли разведка маълумотларига эга эканига» умид билдирди. У бунинг оқибатларини «очиқ-ойдин» деб атади.

Мавзуга оид