Ўзбекистон | 22:00 / 28.09.2024
24474
15 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга Украинанинг тақдирини эслатган Россия ва самарасиз ЙҲХХ — ҳафта дайжести

Россия яна Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашди: рус тили дарсидаги воқеага сиёсий тус берилмоқда. Солиқ тўловчилар ҳисобидан қурилган йўллар ҳам пулли деб эълон қилиниши мумкин: Тошкентдан Бўстонлиққа борадиган йўлнинг бир қисмини инвесторга беришмоқчи. Қурилиш соҳасида эскроу тизими: одамлар алданиб қолишдан ҳимояланиши айтилмоқда. Ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Йўқ жойдан ясалган сиёсий можаро

Тошкентдаги мактаблардан бирида рўй берган кичик бир ҳодиса ҳафтанинг бош сиёсий воқеасига айланди. Бу мавзуни юқори лавозимли сиёсатчилар Москвада, ҳатто Ню-Йоркда ҳам муҳокама қилишди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири россиялик ҳамкасби билан юзма-юз мулоқотда Ўзбекистоннинг ички ишларига бурун суқмасликни дипломатик оҳангда тушунтиришига тўғри келди.

Ҳаммаси 23 сентябр, душанба куни Чилонзор туманидаги 188-мактабдан бошланди. Мактабга синов муддати билан ишга таклиф этилган рус тили фани ўқитувчиси Озода Равшанова биринчи иш кунида дарс пайти ўзига гап қайтарган 6-синф ўқувчисига куч ишлатган. Бундан хабар топган ўқувчининг ота-онаси ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Кейинроқ синф раҳбари ҳам бу зўравонликни оқлаб, бутун синф олдида болани ўқитувчидан кечирим сўрашга мажбур қилгани айтилмоқда.

Ҳолатни Болалар омбудсмани назоратга олган, Чилонзор туман ИИБ терговга қадар текширув ўтказмоқда. Кўп ўтмай, бу муштумзўр ўқитувчи ҳамкасбига ҳам зўравонлик қилгани маълум бўлди. У юқоридаги воқеанинг эртасига ўзининг қизи ўқийдиган Яшнобод туманидаги 204-мактабга бориб, раҳбарият билан тортишиб қолган ва директор ўринбосарига қўл кўтарган. Жанжал давомида Миллий гвардия ва ички ишлар ходимларининг талабларига ҳам бўйсунмаган. Бу қилмиши учун педагог чоршанба куни 7 суткага қамалди. Чилонзордаги ҳолат бўйича, яъни ўқувчини ургани учун унга алоҳида жазо тайинланиши кутиляпти.

Бу воқеалар кенг жамоатчиликнинг зўравонликни қоралаши ва айбдорлар жазоланиши билан якун топиши мумкин эди, лекин масалага умуман алоқаси бўлмаган Россия сиёсатчилари ва медиаси воқеага халқаро сиёсий тус беришга қарор қилди. Facebook фойдаланувчиларидан бирининг ёзганлари улар учун айни муддао бўлди. Кейинроқ ўчириб юборилган постда айтилишича, ўқитувчи рус тили дарсини ўзбек тилида олиб борган, дарсни рус тилида ўтишни сўраган ўқувчини эса калтаклаган. Пост муаллифига кўра, боланинг ота-онаси ўқитувчи билан телефон орқали гаплашишганида, у ҳеч нарсадан афсусда эмаслигини билдириб, “Ўзбекистон ўзбеклар учун, қолганлар кетавериши мумкин”, деган мазмунда гапирган.

Бу гаплар тез орада кўплаб рус нашрларининг сарлавҳаларида пайдо бўлди. Қатор нашрлар воқеани бўрттириб, умуман бошқача талқинда ёритди. Масалан, Lenta.ru'нинг ёзишича, гўёки ўқитувчи ўқувчини русча гапиргани учун урган. Life нашри эса “Нега Ўзбекистонда русофобия гуллаб-яшнаяпти?” деган саволни ўртага ташлайди. RuNews24 ахборот агентлиги калтакланган боланинг миллати ҳақида маълумотга эга бўлмай туриб, “Ўзбекистонда рус болаларига қўл кўтариляпти” деб ёзиб чиқди. Агентлик Ўзбекистондаги мактабларда “русофобия” дарси ўтиляпти, деб даъво қилишгача борган. “Россотрудинчество” агентлиги раҳбари Евгений Примаков ҳолатни “болага нисбатан зўравонлик ва агрессия кўринишида” намоён бўлган “қабиҳ русофобия” деб атади.

Россия томонининг йўқ нарсани бор деб кўрсатиши, албатта, Мария Захарованинг иштирокисиз тўкис бўлмасди. РФ Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси баёнот бериб, Ўзбекистон томонидан расмий тушунтириш бериш сўралганини маълум қилди. Вазирлик Ўзбекистоннинг РФдаги элчисига тақдимнома киритган. Бу эса яна ўзбек жамоатчилигининг қонини қайнатди: Ўзбекистонда, Ўзбекистон фуқаролари иштирокида рўй бераётган ҳолат бўйича нега энди Россияга изоҳ беришимиз керак?

Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров Россия томонининг изоҳ сўраши суверен давлатнинг ички ишларига аралашиш эканини айтиб, уларга ўзларининг юртидаги “тўлиб ётган муаммолар билан шуғулланиш”ни тавсия қилди. Республика Маънавият ва марифат маркази директори Отабек Ҳасанов ҳолатни “миллий низо уйғотишга уриниш” деб баҳолади. Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзонинг сўзларига кўра, Мария Захарова Ўзбекистондан кечирим сўраши, Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса бундай ҳурматсизлик учун тушунтириш бериши керак.

“Нима, улар ҳалигача Ўзбекистонни ҳам ўзининг губернияси деб ҳисобламоқдами ё андишанинг отини қўрқоқ деб ўйлашяптими? Бир неча расмий, норасмий шахслари суверенитетимизни шубҳага олди, тарихимизни камситди, вазмин муносабат билдирдик. Мигрантларни билган кўйига соляпти. Индамаган сайин борган сари ҳаддидан ошишяпти”, – дея ёзди Минҳожиддин Мирзо.

Бу гапларга жавобан, Россия парламенти юқори палатасининг халқаро масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Андрей Климов Ўзбекистонга Украинанинг тақдирини эслатди. “Битта мамлакат бор эди, ўзини узоқ вақт давомида шунақа тутганди. Ҳозир бу мамлакат анча оғир аҳволда”, – деди россиялик сенатор. Унинг бу таҳдиди ҳам жавобсиз қолмади. “Украина мисолида қўрқитиш Кеосянда ранглироқ чиқаётганди, ҳамма ишни усталари қилгани маъқул”, дея Климовнинг гапларига муносабат билдирди Алишер Қодиров. “Климов Андрей, компас олиб, шаъмаларингиз билан тўрт томонга йўл олишингиз мумкин”, деб ёзди бошқа бир депутат Бобур Бекмуродов.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг сўзларига кўра, у жума куни Ню-Йоркда россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашувда давлатлар бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик тамойилиги амал қилиши муҳимлигини таъкидлаган.

Чорвоққа йўл пулли бўладими?

Янги қурилажак Тошкент–Самарқанд магистрал йўли Ўзбекистондаги биринчи пулли йўл бўлмаслиги мумкин. Чунки бу йўл то қуриб битказилгунча, расмийлар давлатга тегишли тап-тайёр йўллардан бирини хусусий компанияга бериб, ундан юришни пулли деб эълон қилишмоқчи. Уларнинг режаси амалга ошса, Тошкентдан Чорвоққа боришда солиқ тўловчилар ҳисобидан қурилган йўл учун пул тўлашга тўғри келади.

Гап Бектемир – Чирчиқ – Ғазалкент – Чорбоғ автомобил йўлининг 6−77-километрлар оралиғидаги қисми ҳақида кетяпти. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг хабар беришича, йўлни асфалт-бетон қоплама билан реконструкция қилиб, пулли йўлга ўтказиш лойиҳаси кўриб чиқиляпти. 20 сентябр куни бу масалада Туркиянинг Onur Group компанияси вакиллари билан музокара ўтказилган. Музокара якунида лойиҳани амалга ошириш бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлаш ва кейинги қадамларни белгилаб олиш юзасидан келишувга эришилган.

Ўзбекистонда пулли йўллар тўғрисида ҳали қонун қабул қилинмаган. Март ойида эълон қилинган қонун лойиҳасида, пулли йўллар бирор манзилга элтадиган бепул йўл мавжуд бўлган ҳолатдагина, унга муқобил тарзда қурилиши кўзда тутилган. Автомобил йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов эса Бўстонлиққа олиб борадиган йўлнинг пулли деб эълон қилинишини бу принципга зид эмас деб ҳисобламоқда. “Бугунги кунда Тошкент–Бўстонлиқ йўлида муқобиллик асосида бориладиган бир эмас, иккита йўл бор”, – деган Турсунов Gazeta.uz'га берган изоҳида.

Эслатиб ўтамиз, пойтахтдан Самарқанд ва Андижонга пулли йўллар қурилиши ҳақида 7 йилдан бери айтиб келинади. Бу борада берилган топшириқларнинг кўпи бажарилмаган, белгиланган муддатлар ўтиб кетган. Яқинда чиққан қарорга асосан, Тошкент–Самарқанд пулли йўлини қуриш бўйича пудратчилар ўртасида танлов сентябр ойи охиригача эълон қилиниши керак эди. Ой деярли тугаганидан келиб чиқсак, бу топшириқ ҳам вақтида бажарилмаслиги ҳақиқатга яқин.

Қурилиш соҳасида эскроу тизими жорий этилади

Ўзбекистонда ҳали қуриб битказилган кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб олиш бўйича кафолатли эскроу тизими жорий этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев қурилиш соҳаси бўйича ўтказилган селекторда айтиб ўтди.

Маълум қилинишича, эскроу тизимида қурувчи уйлар сотувини ташкил қилиш бўйича банклар билан шартнома тузади, бу уйларни олмоқчи бўлган одамлар пулини қурувчига эмас, тўғридан тўғри банкка топширади. Банклар эса қурувчи ва харидор ўртасида ишончли кўприк вазифасини бажариб, йиғилган пулни қурувчига ресурс сифатида беради. Янги тизим келаси йил Самарқанд шаҳрида ва Тошкентнинг Янгиҳаёт, Сергели туманларида тажрибадан ўтказилиши кутилмоқда.

Таклиф этилаётган тизим жаҳон тажрибасида бор. Эскроу ҳали битмаган уйдан квартира олаётган харидорларнинг пуллари ҳимоясини кафолатлайди. Лекин бу кафолат текин эмас: қурувчи учун қўшимча харажатлар юзага келиши қурилиш таннархини оширади. Бу эса уй-жойнинг ҳар бир метр квадрат нархига таъсир қилади. Қолаверса, қурувчи компанияга бирор кор-ҳол бўлганда, харидор ўз пулларини юз фоиз қайтариб олган тақдирда ҳам, бу пуллар инфляция ҳисобига энди аввалги қийматига тенг бўлмаслигини ҳам ёдда тутиш керак.

Албатта, бу каби нюанслар эскроу тизимининг заруратини камайтирмайди. Фирибгарлик қилган, уйни ўз вақтидан кечиктириб, сифатсиз топшираётган қурувчилар жуда кўп. Охирги мисолларга қарасак, ўтган ҳафта Kun.uz Олмазор туманидаги “Smart Houses” номли компания раҳбари одамлардан қочиб юргани, компаниянинг ўзи эса банкрот деб эълон қилингани ҳақида ёзганди. Бу ҳафта эса Чилонзорда “дом” қурмоқчи бўлган “Komgul” номли фирма раҳбарлари устидан тергов кетаётгани маълум бўлди. Улар фирибгарлик ва пора беришда гумонланмоқда.

Ҳукумат ҳаво ифлосланишига қарши қандай курашмоқчи?

Иситиш мавсуми бошланиши арафасида, ҳаво сифатини яхшилаш бўйича президент қарори имзоланди. Унга кўра, келгуси 1 йил ичида Тошкент шаҳрига туташ туманлардаги кўмирда ишлайдиган 1200 дан иссиқхоналарга чанг-газ филтрлари ўрнатилади. Бунинг учун иссиқхона хўжаликларига субсидия ажратилади. 2030 йилдан бошлаб эса, пойтахт ва унинг атрофида жойлашган иссиқлик марказлари ва электр станцияларида мазутдан фойдаланиш тақиқланади.

Ҳужжат билан, шунингдек, Аи-80 бензинидан фойдаланишни тақиқлаш кейинроққа қолдирилди. Йил бошида, ҳаво сифати тренддаги мавзу бўлиб турганида, бу масалани 2025 йилдан узил-кесил ҳал қилиш топшириғи берилганди. Янги қарорга кўра, “Евро-4” стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисидан фойдаланиш ва сотишни босқичма-босқич чеклаш 2028 йилдан бошланади.

Қарорда ёзилишича, келаси йили ҳаво ифлосланишини мониторинг қилиш учун республика бўйича 347 та кичик станция ўрнатилиши, 2026 йилда эса Тошкент кўчаларида ҳаво сифатини кўрсатиб турувчи монитор ва таблолар ишга туширилиши керак. 2030 йилгача Тошкент шаҳри ва унинг атрофида жами 441 гектарлик “яшил белбоғ” ва “яшил боғлар” ташкил қилиниши кутилмоқда. 2025-2028 йилларда қурилиш бўлаётган жойлардан чанг кўтарилишига барҳам бериш, кучли чанг бўронларини ҳозиргига нисбатан 50 фоизга камайтириш вазифаси қўйилди.

Бу мақсадларга эришиш учун 4 йил муддат етарли бўладими – буни вақт кўрсатади. Айни пайтда, келажак режаларни белгилаш билан бирга, шу пайтгача қилинган ишларни ревизия қилиш ҳам катта аҳамиятга эга. Биргина мисол – Kun.uz шу ҳафта Самарқанд туманидан эълон қилган репортаждаги ҳолат. Маълум бўлишича, охирги бир йил ичида халқаро ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган иккита боғ қаровсиз қолиб кетган, минглаб қимматбаҳо дарахт кўчатлари ҳашакдек қуриб ётибди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

25 сентябр ҳолатига, 90 фоиздан ортиқ фермер пахта нархининг маъмурий йўл билан пасайтирилишига рози бўлиб, қўшимча шартнома имзолаган. Бу ҳақда маълум қилган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўз баёнотида фермерларни бунга мажбурлаётган масъулларни мутлақо қораламагани эътиборга молик. Айни пайтда, расмийлар келаси йил ҳосили учун ҳам яна кластерлар манфаати ҳақида кўпроқ қайғуряпти. Хусусан, Қашқадарёда пахта хариди бўйича келаси йилги нархни ҳам 6800 сўмдан оширмаслик бўйича топшириқ берилган.

Kun.uz Бойсундан навбатдаги репортажини эълон қилди. У ерда ҳамон олтингугурт ҳидидан одамларнинг қон босими кўтариляпти, мактабдан қайтишда болаларнинг заҳарланиб, йиқилиб қолиши ҳолатлари кузатилмоқда. Аҳоли вакиллари М25 конини бурғулаётган Eriell компаниясидан компенсация беришни сўраяпти. Ҳафта давомида масъуллардан бирор янгилик бўлгани йўқ. Прокуратура ва экология органига ўхшаб “ўрганиш ўтказиляпти” деган ташкилотлар қаторига ўтган ҳафта охирида тоғ-кон инспекцияси ҳам қўшилди. Инспекциянинг Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, Бойсундаги конда меҳнат шароитлари ва хавфсизлик қоидаларига амал қилингани текширилмоқда.

Профессионал таълим тизими фақат техникумлардан иборат бўладиган бўлди. Президент ҳузуридаги йиғилишда маълум қилинишича, ҳозир республика бўйича 333 та касб-ҳунар мактаби, 227 та техникум ва 112 та коллеж бор. Уларнинг негизида 600 та техникум ташкил этилиб, қолган 71 та муассаса биноси умумтаълим мактабларига айлантирилади. Техникумларга қисман академик мустақиллик берилиши айтилмоқда. 14 та техникумда Англиянинг “BTEC” дастури жорий этилиб, битирувчиларга 70 та давлатда тан олинадиган диплом берилади. Натижага қараб, бу тажриба бошқа техникумларга ҳам татбиқ этилиши мумкин.

Қоидабузарлиги билан мақтаниб, жамоатчилик нафратига дучор бўлганлар қаторидан олимпиада чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев ҳам жой олди. Боксчи Тошкент марказидаги тор кўчаларнинг бирида президент совға қилган Tahoe машинасини 110 км/соат тезликкача олиб чиқиб, бунинг видеосини Instagram'ига жойлади. Масъуллар уни 3 млн сўм жаримага тортди холос. Ёшларга ёмон ўрнак бўлган Асадхўжа қилмиши учун чегирма билан ҳисоблаганда 1,5 млн сўм тўласа кифоя.

5 ва ундан ортиқ қўпол қоидабузарлик содир этган ҳайдовчилар билан “маҳалла еттилиги” шуғулланяпти. Бу ҳақда Сенат ялпи мажлисида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Шерзод Ибрагимов маълум қилди. У жарима баллари, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйиш, автомобилни мусодара қилиш каби нормал ва самарали институционал механизмлар ҳақида оғиз очмади, сенаторлар ҳам бу ҳақда сўрашгани йўқ. Шуниси аниқки, бундай чораларсиз, Ибрагимов айтаётган “маҳалла еттилиги”нинг шуғулланиши бефойда. Чунки қоидаларга тупуриб қўйганларнинг маҳалла идорасига ҳам, ундаги еттиликка ҳам тупуриб қўйган жойи бор.

Мавзуга оид