Жамият | 12:20 / 28.09.2024
14627
2 дақиқада ўқилади

“Тезлигим 80 да эди” – 19 ёшли қизни уриб юборган ҳайдовчи қамоққа олинди

18 сентябр куни Шайхонтоҳур туманида содир бўлган автоавария бўйича тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. Ҳайдовчи эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. 25 сентябр куни кўрсатувларни ҳодиса жойида текшириш тергов ҳаракати ўтказилди. Kun.uz ушбу тергов жараёнидан репортаж тайёрлади.

Бундан бир неча кун аввал Тошкентда катта тезликда ҳаракатланган Gentra пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган 19 ёшли қизни уриб юборгани оқибатида у воқеа жойида ҳалок бўлганди.

Маълум бўлишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси иккинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Gentra ҳайдовчиси эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

25 сентябр куни кўрсатувларни ҳодиса жойида текшириш тергов ҳаракати ўтказилди. Мазкур тергов ҳаракатларида Kun.uz мухбири ҳам иштирок этди.

Маълум бўлишича, ҳодиса содир бўлган йўлда автомобиллар учун чекланган ҳаракат тезлиги 30 км/соатни ташкил қилган. Ҳайдовчининг тан олишича, унинг ҳодиса пайтидаги тезлиги соатига 70-80 км атрофида бўлган, тезликни чекловчи йўл белгиларини кўрмаган.

Светофорга етганимда қарама-қарши томонидан Matiz чиқиб келди, ўшанда тезлигим 70 дан ошган, 80 лар атрофида эди, Matiz мени ўтказиб юбормади, тормозни босдим, битта ғилдирагим трамвай релсига тегиб, машина бир силкинди ва ўнг томонга тортиб кетди, кўзим Matiz'да эди, одам ўтаётганини кўрмай қолдим, рулни ҳам бурганим йўқ. Matiz қочиб кетди”, дейди ҳайдовчи терговчининг саволларига жавоб берар экан.

Қизнинг отаси ҳайдовчининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлганини, у қизини шифохонага олиб бормай ноинсонийлигини кўрсатганини айтди:

“Ҳайдовчи қизимни 10 минут вақтда 16-сонли шифохонага олиб бориши мумкин эди. Балки қизим ногирон ҳолда бўлса ҳам тирик қолармиди?” деган у.

Мавзуга оид