Жаҳон | 16:02 / 29.09.2024
29947
16 дақиқада ўқилади

Исроилнинг асосий душманларидан бири: Ҳасан Насруллоҳ ҳақида нималар маълум?

У бутун умрининг ярми давомида — 30 йилдан ортиқ «Ҳизбуллоҳ»ни бошқарди. Ва уни сиёсий партиядан хавфли жангари гуруҳга айлантирди. 

Фото: Reuters

Ливандаги шиалар ҳаракати «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Шайх Ҳасан Насруллоҳ Яқин Шарқдаги энг машҳур ва нуфузли шахслардан бири эди. У 64 йиллик умридан 32 йилида ушбу ҳаракатга раҳбарлик қилган. Бу даврда гуруҳ Ливандаги энг катта таъсирга эга сиёсий кучга айланди. У Исроил томонидан ўлдирилишидан қўрқиб, кўп йиллардан буён омма қаршисида кўриниш бермай келарди. Аммо 2024 йил 27 сентябр куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг Ливан пойтахти Байрут шаҳрига зарбаси оқибатида ҳалок бўлди. «Медуза» «Ҳизбуллоҳ»нинг марҳум етакчиси тўғрисидаги маълумотларни тўплади.

Сирли етакчи

Ҳасан Насруллоҳ — кўп жиҳатдан сирли шахс эди. У Эрон билан яқин алоқаларга эга эди ва «Ҳизбуллоҳ» жиддий сиёсий ва ҳарбий кучга айланишида муҳим рол ўйнаганди.

Ҳасан Насруллоҳнинг болалиги 1960-йилларга — замонавий Ливан тарихидаги энг фаровон даврларга тўғри келган, бу вақтда мамлакатни «Яқин Шарқ Швейцарияси», Байрутни — «Яқин Шарқдаги Париж» деб аташарди. 

Аммо кўп ўтмай вазият ўзгарди. 1970 йилда Иорданиядаги фуқаролик урушидан кейин Ливанга Ёсир Арофат бошчилигидаги Фаластин озодлик ташкилоти раҳбарияти кўчиб ўтди. Мамлакатнинг жанубий қисми «Фатҳленд»га айланди — бу амалда мамлакат ҳукумати томонидан бошқарилмайдиган ҳудуд ҳамда Исроилга қарши террорчилик амалиётлари тайёрланадиган базага айланди. 1975 йилда Ливанда фуқаролик уруши бошланди, унда фаластинлик жангарилар фаол иштирок этди. 1976 йилда Ливан Сурия қўшинлари томонидан оккупация қилинди. 1982 йилда эса «Фатҳленд»ни тугатиш учун мамлакатга Исроил қўшини бостириб кирди. 

Ҳасан Насруллоҳ 1960 йилда Байрут шарқидаги Бурж Ҳаммуд туманида туғилган, бу ерда унинг отаси Абдул Карим кичик сабзавот дўконига эгалик қиларди. У оиладаги тўққиз фарзанднинг тўнғичи бўлган.

У ўсмирлигида шиаларнинг нуфузли Садрлар оиласи раҳбарлигидаги «Амал» сиёсий ҳаракатига аъзо бўлади, бу тузилма 1975 йилда Ливан фуқаролик уруши ичида қолганида машҳурлашган. 1970-йиллар охирида Насруллоҳ Ироқдаги шиалар маркази ҳисобланган Нажаф шаҳридаги мадрасада ўқийди, бу вақтда эронликларнинг қувғиндаги оятуллоҳи Руҳуллоҳ Хоминаий ҳам шу шаҳарда истиқомат қиларди. 1978 йилда Ироқ вице-президенти Саддам Ҳусайн шиаларга қарши кампания бошлайди. Хоминаий Парижга кетади, бир йил ўтиб у ердан ислом инқилоби етакчиси сифатида Эронга қайтади. Насруллоҳ ҳам шу даврда Ливанга қайтиб, яна «Амал»га қўшилади. 

1982 йилда, Исроил босқини бошланганидан кейин  етарлича ҳарбийлашмагани туфайли бир гуруҳ аъзолари (улар орасида Ҳасан Насруллоҳ ҳам бор эди) «Амал»дан ажралиб чиқиб, «Ислом амали» ҳаракатини тузишади. Янги гуруҳ Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси томонидан фаол қўллаб-қувватланади ва шиаларнинг энг йирик ҳаракатига айланади.

1985 йилга келиб айнан унинг негизида «Ҳизбуллоҳ» тузилгани эълон қилинади. Ҳаракат бу ҳақдаги ўз «очиқ хати»да АҚШ ва СССР ислом динининг асосий душманлари сифатида келтирилиб, мусулмонларнинг ерларини эгаллаб олган Исроилни «йўқ қилиш»га чақирилади.

Ҳасан Насруллоҳ Байрутда қўриқчилар қуршовида, 1986 йил
Kaveh Kazemi / Getty Images

Насруллоҳ аввалига ҳаракатда иккинчи даражали ролларда бўлади. Унинг ўзи кейинроқ эслашича, оддий жангчи сифатида хизмат қилганидан кейин гуруҳнинг Баалбек шаҳридаги бўлимига раҳбарлик қилган, кейин бутун Бекаа вилоятида раҳбар бўлган, фақат шундан кейин Байрутга келган.

У жангари эмасди ва 1983 йилда Американинг Байрутдаги элчихонаси ва тинчликпарвар кучлар жойлашган казармада содир этилган терактларда тўғридан тўғри иштирок этмаган, бу терактлар учун жавобгарликни «Ҳизбуллоҳ» расман ўз зиммасига олган. Ўшанда 370 киши ҳалок бўлган, қурбонларнинг аксари хорижликлар эди. Бу терроризмдаги янги ҳодиса эди: портлаш ташкилотчилари Имад Мугния, Фуад Шукр, Иброҳим Оқил ва бошқалар (уларнинг барчаси ўшанда худди Насруллоҳ каби 20 ёшдан энди ошган йигитлар эди) худкуш орқали портлаш содир этиш тактикасини ишлаб чиқишади.

Насруллоҳ фақат 1989 йилда биринчи планга чиқади. Ўша йили «Ҳизбуллоҳ»да бўлиниш юзага келади. Фракциялардан бири бу ҳаракат Исроил оккупациясига қарши курашувчи жанговар тузилма бўлиши керак деб ҳисобларди, Насруллоҳ бошчилигидаги бошқа фракция эса Ливанда Эрон намунасидаги ислом республикаси тузишни биринчи галдаги вазифа деб биларди. Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси
Насруллоҳ ва унинг тарафдорларини тизимли равишда қўллаб-қувватлайди. 

1992 йилда, «Ҳизбуллоҳ» бош котиби Аббос ал-Мусавий исроилликлар вертолёти йўллаган ракета портлаши оқибатида ҳалок бўлгач, унинг ўрнига Насруллоҳ сайланади. Ўшанда борлиги деярли сезилмаган 32 ёшли бу мулозим 30 йилдан ошиқ вақт давомида бу лавозимда қолиши ва кўплар учун тимсолга айланиши ҳақида ҳеч ким ўйламаганди.

Лекин айнан Насруллоҳ «Ҳизбуллоҳ»га Ливандаги Исроил ҳарбийларига қарши курашиш учун тузилган кичик гуруҳдан Ливан армиясидан қудратлироқ бўлган ҳарбий кучга айланишигача бўлган йўлни босиб ўтишда бошчилик қилади.

Насруллоҳ 1992 йилда
Jamal Saidi / Reuters / Scanpix / LETA

«Ривожланишнинг янги босқичи»

Насруллоҳнинг илк қадамларидан бири Мусавий ўлдирилиши учун қасос олиш бўлади. У Исроил шимоли бўйлаб ракета зарбалари йўллашга буйруқ беради, бунинг натижасида бир қизча ҳалок бўлади.

Кейин эса «Ҳизбуллоҳ» минтақадан ташқарида бир неча шов-шувли терактларни амалга оширади. 1992 йилда Исроилнинг Буэнос-Айресдаги элчихонаси олдида мина ўрнатилган автомобил портлайди, натижада 29 киши ҳалок бўлади. 1994 йилда худди шу Буэнос-Айресда худкуш террорчи Яҳудийлар маданий марказида ўзини портлатиб, 86 киши ҳаётига зомин бўлади. Икки теракт учун ҳам жавобгарликни «Ҳизбуллоҳ» ўз зиммасига олади.

Бу вақтга келиб Исроил қўшини «Фатҳленд»ни тор-мор этган (Фаластин озодлик ташкилоти раҳбарияти Тунисга қочиб кетганди) ва Ливананинг катта қисмини тарк этиб, фақат мамлакат жанубида «буфер зона» қолдирганди. «Фатҳленд» ўрнида эса «Ҳизбуллоҳленд» пайдо бўлади. 

Фото: AFP

Насруллоҳ «Ҳизбуллоҳ»ни сиёсий кучга айлантириш дастурини муваффақиятли амалга оширади, бунда унга Эрон катта ёрдам кўрсатади. 1992 йилда ташкилот илк бор Ливан парламенти учун сайловларда иштирок этиб, 128 ўриндан 8 мандатга эга бўлади. Шундан кейинги йилларда «Ҳизбуллоҳ» мунтазам равишда парламентда ўз вакилларига эга бўлади, 2005 йилдан — одатда икки вазирликни назорат қиладиган ҳукуматда ҳам.

Насруллоҳ бошқаруви даврида «Ҳизбуллоҳ» катта таъсирга эга бўлган сиёсий кучга айланиб, ўз таълим дастурлари, ижтимоий хизматлари ва шифохоналарини яратди. Шунингдек, гуруҳ Эроннинг минтақада етакчиликка интилишида муҳим восита вазифасини бажарди.

Ҳасан Насруллоҳ  1997 йилда
Jamal Saidi / Reuters / Scanpix / LETA

Насруллоҳ Исроил қўшинларига қарши «кичик уруш»ни давом эттиради, Эрон ёрдамида гуруҳ мунтазам равишда Исроил шимолига ракета зарбалари йўллаб келди, бу жараён исроилликлар 2000 йилда Ливан жанубини бутунлай тарк этиши билан якунланади. Лекин ўшанда исроиллик аскарлар билан отишма чоғида унинг тўнғич ўғли Ҳодий ҳам ҳалок бўлади.

Айнан ўшанда Насруллоҳ «араб кўчалари» учун ҳақиқий қаҳрамонга айланади. Қўшинлар олиб чиқилгач, Насруллоҳ «Ҳизбуллоҳ» Исроил устидан илк ғалабасига эришганини эълон қилади. 

Исроил ҳудуди ўққа тутилиши қўшинлар олиб чиқилганидан кейин ҳам тўхтатилмайди. Энди «Ҳизбуллоҳ» бунинг учун ташландиқ Шебаа фермаси — Жўлан тепаликларидаги 22 километр квадрат майдон учун баҳсни баҳона қилади. Ливан ҳам, Исроил ҳам бу ерни ўзининг суверен ҳудуди деб биларди. Насруллоҳ Ливаннинг бутун ҳудуди, жумладан Шебаа тумани ҳам озод этилмагунича, «Ҳизбуллоҳ» қуролни ташламаслигига қасам ичади.

Унинг парламентдаги фракцияси ҳам «Қаршиликка содиқлик» деб аталарди, ундаги «қаршилик» Исроилга қарши кучлар коалициясини ифодалайди: Эрон ва унинг прокси кучлари, шунингдек Ҳамас ва Фаластиндаги бошқа гуруҳлар.

«Ҳизбуллоҳ» фаластинликларнинг Ҳамас ҳаракати жангчилари, шунингдек Ироқ ва Ямандаги шиа айирмачиларни тайёрлашда ёрдам беради, Исроилга қарши қўллаш учун Эрондан ракеталар ва снарядлар олиб туради.

Насруллоҳ Эрондан ташқари Суриядаги Асадлар сулоласи билан ҳам қалин алоқа ўрнатганди. Ливанликларнинг (асосан, христианлар) тўхтовсиз намойишларига қарамай Сурия қўшини ҳамон Ливанда қолаётганди. 2004 йилда бу намойишларга мамлакатнинг собиқ бош вазири Рафиқ Ҳаририй раҳбарлик қилади. 2005 йилда эса у теракт қурбонига айланади. Халқаро текширув келган хулосага кўра, терактни «Ҳизбуллоҳ» уюштирган. 2006 йилда Ливан ҳукумати Ҳаририйнинг ўлими иши бўйича БМТ махсус трибуналини тузишга розилик билдирганида, «Ҳизбуллоҳ» Байрутда йирик намойишлар уюштиради. Якунда теракт учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмайди.

Қанчалик ғалати бўлмасин, Насруллоҳ учун энг зафарли онлар 2006 йилги Иккинчи Ливан уруши бўлади. Ўшанда «Ҳизбуллоҳ» жангарилари Исроил билан чегарани кесиб ўтиб, исроиллик аскарлардан саккиз нафарини ўлдиради ва икки нафарини ўғирлаб кетади. Бу эса Исроил томондан жавоб қайтарилишига олиб келади. Исроил қўшини «Ҳизбуллоҳ»ни тугатиш учун яна мамлакатга бостириб киради, нафақат ҳарбий инфратузилмалар, балки аҳоли яшаш жойларига вайронкор зарбалар берилади.

Исроил ҳарби самолётлари «Ҳизбуллоҳ»нинг Ливан жанубидаги таянч пунктлари ҳамда Байрутнинг жанубий чеккаларини бомбардимон қилади, «Ҳизбуллоҳ» эса Исроил бўйлаб 4 мингга яқин ракета учиради. Насруллоҳнинг уйи ва қароргоҳига ҳам исроил ҳарбий самолётлари томонидан зарба берилади, аммо унинг ўзи омон қолади. 34 кун давом этган ҳарбий ҳаракатлар якунида 1125 ливанлик (кўпчилиги тинч аҳоли вакиллари), шунингдек 119 нафар исроиллик аскар ҳамда 45 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлади. Аммо бу Насруллоҳга, исроиллик ҳарбийлар Ливанни тарк этганида, «Ҳизбуллоҳ»нинг янги ғалабаси ҳақида эълон қилишига тўсқинлик қилмайди.

Бу Насруллоҳнинг ўзига хос усули эди: у душманнинг мақсади «Ҳизбуллоҳ» ва унинг ўзини йўқ қилиш бўлгани, «Ҳизбуллоҳ» ва ўзи тирик экан, душман енгилганини айтиш. Ливаннинг бундай ҳар бир «ғалабаси» мамлакатни борган сари иқтисодий ва ижтимоий инқироз ботқоғига чўктирарди.

У 2006 йилдан кейин Исроил томонидан ўлдирилишдан қўрқиб, омма олдида чиқиш қилмайди ва ўзининг олдиндан ёзиб олинган видеомурожаатларини тарқатади. Фото: Reuters

2009 йилда Насруллоҳ янги сиёсий манифест чиқаради, унда «Ҳизбуллоҳ»нинг «сиёсий қарашлари» ифодаланган.

Янги ҳужжатда, 1985 йилги манифестдан фарқли ўлароқ, «Ҳизболлоҳ» тузишга уриниб келган ислом республикаси ҳақида гап йўқ, аммо Исроил ва АҚШга нисбатан қатъий позиция сақланиб қолган.

Шунингдек, унда БМТнинг Ливан жанубида қурол қўллашни тақиқлаш тўғрисидаги резолюциясига қарамай, «Ҳизбуллоҳ» ўз қуролларини сақлаб қолиши зарурлиги ҳақида гап боради.

«Одамлар ўзгаради. Сўнгги 24 йил ичида бутун дунё ўзгарди. Ливан ўзгарди. Дунё тартиботи ўзгарди», — деганди Насруллоҳ.

Тўрт йил ўтиб Насруллоҳ «Ҳизбуллоҳ» ўз мавжудлигининг «мутлақо янги босқичига кираётгани»ни айтиб, эронпараст иттифоқчиси, президент Башар Асадга кўмак учун Сурияга қўшин юборади.

«Бу бизнинг ҳам жанг ва биз унга тайёрмиз», — деганди у.

Ливандаги сунний етакчилар эса «Ҳизбуллоҳ»ни мамлакатни Суриядаги урушга тортгани, бу туфайли конфессиялар орасидаги муносабатлар кескинлашишига сабаб бўлганида айблайди.

Сўнгги йиллар

2019 йилда Ливандаги чуқур иқтисодий инқироз анча вақтдан буён коррупция, исрофгарчилик, самарасизлик ва лоқайдликда айблаб келинган сиёсий элитага қарши кенг кўламли норозилик намойишларини келтириб чиқаради.

Аввалига Насруллоҳ ислоҳотларга чақириқларга қўшилади, аммо намойишчилар сиёсий тизимни тўлиқ қайта кўриб чиқишни талаб қила бошлагач, унинг бунга муносабати ўзгаради.

Насруллоҳнинг портрети 2022 йилги парламент сайловлари арафасидаги кампанияда Байрут кўчаларида
Francesca Volpi / Bloomberg / Getty Images

2023 йил 8 октябрда, Ҳамас жангарилари Исроилга мисли кўрилмаган ҳужумни амалга оширгач, «Ҳизбуллоҳ» ва Исроил ўртасидаги тўқнашувлар ҳам авж олади.

«Ҳизбуллоҳ» «фаластинликлар билан бирдамлик рамзи» сифатида Исроил позицияларини ўққа тутади.

Насруллоҳ ноябр ойидаги нутқида Ҳамаснинг ҳужуми «тўлиғича Фаластин томонидан қабул қилингани ва ижро этилгани»ни айтади, аммо унинг гуруҳи томонидан Исроил ҳудудлари ўққа тутилишининг ўзи «жуда муҳим ва аҳамиятлилиги»ни қўшимча қилади.

Ўтган давр мобайнида «Ҳизбуллоҳ» Исроил шимоли бўйлаб 8 мингдан ортиқ ракета учирди. Шунингдек, танкларга қарши ракеталар билан зирҳли машиналарга зарба берди, ҳарбий объектларга дронлар ҳужум қилди.

Исроил мудофаа армияси ҳаводан зарбалар бериш, шунингдек, танк ва артиллерия орқали «Ҳизбуллоҳ»нинг Ливандаги позицияларига ўт очиш билан жавоб қайтарди.

Ниҳоят, 2024 йил сентябрда Исроил жиддий ҳаракатга киришди: аввалига «Ҳизбуллоҳ» жангариларининг пейжерлари ва рациялари бирин-кетин портлаб кетди, 39 киши ҳалок бўлиб, минглаб кишилар яраланди. Сўнгги нутқида Насруллоҳ бу портлашларда исроилликларни айблаб, Исроил «барча қизил чизиқлар»ни босиб ўтганини айтди. У шунингдек гуруҳга «бемисл даражада зарба берилгани»ни тан олди ва бунга жавоб қайтарилишига ваъда берди. Кейинги кунларда эса Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Ливан бўйлаб мисли кўрилмаган даражада шиддатли авиазарбалар йўллади, бунинг натижасида қарийб 800 киши ҳалок бўлди.

Насруллоҳ бошқаруви даврида «Ҳизбуллоҳ» амалда Ливаннинг катта қисмини назорат қилди: мамлакат жануби, шарқдаги Бекаа водийси, шунингдек Байрут жанубидаги Даҳия туманини. Пойтахтнинг бу ҳудудидаги кўчаларда Ливан байроқлари эмас, балки «Ҳизбуллоҳ» байроқлари ҳамда Насруллоҳ ҳамда «Ҳизбуллоҳ» аъзолари ўзининг диний раҳнамоси деб биладиган оятуллоҳ Хоминаийнинг портретлари осилган. Исроилликлар сўнгги ҳафталарда айнан Даҳияга йўллаган авиазарбалар оқибатида «Ҳизбуллоҳ» раҳбарияти қарийб тўлиқ йўқ қилинди. Жумладан, Насруллоҳ ҳам.

Мавзуга оид