Чилонзордаги мактабда ўқувчини урган аёл жаримага тортилди
Озода Равшанова мактабга ишга жойлашиш учун келганида, ўқитувчилардан бири тадбирда экани сабабли унинг ўрнига дарс ўтишга киритилган. Бу дарсда ўқувчини урган Равшанова 6,8 млн сўм жаримага тортилди. Уни ҳеч қандай ҳужжатсиз дарс ўтишга қўйгани учун мактаб директори ишдан бўшатилган.
28 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида фуқаро Озода Равшановага доир маъмурий иш кўриб чиқилди. У тумандаги 188-сонли мактабда ўқувчини ургани учун жаримага тортилди.
Kun.uz ихтиёридаги суд ҳужжатларига кўра, Озода Равшанова судда айбига қисман иқрор бўлган. Унинг айтишича, 23 сентябр куни мактабга ишга жойлашиш учун келган ва шу куни рус тилида ўтиладиган адабиёт дарсига ушбу фан ўқитувчиси тадбирда бўлгани сабабли киритилган. У ўқувчиларга дарсни ўзбек тилида ўтишини айтган, ҳамма рози бўлган, фақат жабрланувчи ва яна бир ўқувчи рус тилида дарс ўтишни сўраган. Ўқитувчи уларга алоҳида рус тилида дарс ўтишини айтган, лекин дарс давомида жабрланувчи унга қарши гапириб, тартибни бузган. Озода Равшанова уни тартибга чақириб қўйиш учун қулоғидан чўзганини, эртаси куни ўқувчининг ота-онаси қўнғироқ қилиб, унга босим ўтказгани, шундан кейин жаҳл устида уларни ҳақорат қилганини билдирган.
Суд Озода Равшановани МЖтКнинг 41-моддаси (ҳақорат қилиш) ва 52-моддасининг 2-қисмида (қасддан енгил тан жароҳати етказиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор, деб топди. Унга узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари – 6,8 млн сўм жарима жазоси тайинланди.
Қарордан норози томон суд қарори устидан 10 сутка ичида апелляция шикояти бериши мумкин.
188-мактаб директори эса ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирмасдан, бегона шахсни ўқитувчи сифатида дарсга киритгани учун лавозимидан озод этилган.
Эслатиб ўтамиз, Озода Равшанова юқоридаги воқеанинг эртасига, 24 сентябр куни Яшнобод туманидаги, ўзининг 14 ёшли қизи ўқийдиган 204-мактабга бориб, мактаб раҳбарияти билан тортишиб қолган ва мактаб директорининг ММИБ ўринбосарига нисбатан куч ишлатган. Мактаб ҳудудида Миллий гвардия ва ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, уларга кескин қаршилик кўрсатган. Бу ҳолат бўйича унга 7 сутка маъмурий қамоқ ва 2,4 млн сўм жарима жазоси тайинланган эди.
Чилонзордаги ҳолат рус тили дарсида рўй бергани Россия сиёсатчилари ва медиасининг эътиборини тортган, улар Ўзбекистондан бу борада изоҳ талаб қилганди. Kun.uz аввалроқ бу сиёсий можаронинг тафсилотларини ёритганди.
Мавзуга оид
10:25 / 12.12.2024
Мактабларда қишки таътил 29 декабрдан бошланади
14:47 / 04.12.2024
Германияда мактабга кечиккан ўқувчиларга жарима солиш бошланди
13:56 / 04.12.2024
«Бир миллион дастурчи» лойиҳасида энг яхши натижа кўрсатган мактабга электромобил берилади
22:48 / 03.12.2024