Ўзбекистон | 13:51 / 30.09.2024
6769
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Ўқитувчилар учун минг доллар маош бугун реал ҳодисага айланиб бормоқда

Келгуси ўқув йилидан халқаро стандартлар асосида малака сертификатини бериш йўлга қўйилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев муаллимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш албатта давом эттирилишини таъкидлади.

«Бугунги очиқ мулоқотимиз салкам бир асрлик тарихга эга бўлган Абдулла Авлоний номидаги малака ошириш институтида ўтаётгани албатта бежиз эмас.

Мен йиғилишдан олдин ҳозирги кунда мутлақо янгича қиёфага эга бўлган институтда яратилган шароитлар, ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича янги тизим тақдимоти билан танишдим.

Бундан буён таълим сифатини янги босқичга кўтариш учун ишни 7 та йўналишда ташкил этамиз», - деди президент.

Абдулла Авлоний номидаги институт педагогларда касб маҳоратини оширишга масъул бўлиши белгиланди.

Институтнинг 12 та ҳудудий марказини замонавий қиёфага келтириш ва жиҳозлаш учун яқин 3 йилда бюджетдан ҳар йили 50 миллиард сўм ажратилади.

Ҳокимларга жойлардаги барча малака ошириш марказларини замонавий қиёфага келтириш топширилди.

Малака оширишда вазирлик, малака ошириш маркази, мактаб ва боғчани боғлайдиган вертикал тизим йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, жойларда 1 минг 300 та таянч мактаб ва 200 та боғча танлаб олиниб, улардаги етакчи ўқитувчилар ёш педагоглар учун «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати»ни ташкил этади.

Бунинг учун етакчи ўқитувчиларнинг иш ҳақига 20 фоиз устама қўшилади.

Муаллимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш албатта давом эттирилиши таъкидланди.

Келгуси ўқув йилидан халқаро стандартлар асосида малака сертификатини бериш йўлга қўйилади. 

Синовларда 86 ва ундан юқори балл олган педагоглар қўшимча 70 фоиз устама олади.

Мисол учун, олий тоифали биология ўқитувчиси ўз фани бўйича халқаро сертификати бўлса – 50 фоиз, директор жамғармасидан 40 фоизгача ва янги талабга жавоб берса, яна 70 фоиз устама олади. 

Шу тариқа унинг умумий ойлик маоши 4 миллион 500 минг сўмдан 12 миллион сўмга етади.

Ўқитувчилар учун 1 минг доллар маош бугун реал ҳодисага айланиб бораётганини шу мисолда яққол кўриш мумкин.

Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳар йили соғлиғини тиклаш учун санаторий ва дам олиш масканларига юбориладиган ўқитувчилар сонини 2 баробар оширса, мақсадга мувофиқ бўлиши қайд этилди.

Ректорлар ҳам олийгоҳларни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан профессор-ўқитувчилар учун сиҳатгоҳ йўлланмалари сонини 50 фоизга ошириши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Бир йил олдин мактаб директорларини ўқитиш тизими жорий этилган эди. Бугунги кунда улардан 1 минг 206 нафари менежерлик сертификатига эга бўлди. Ҳозир ана шу директорларга устама берилмоқда.

Энди бу амалиёт 2025 йил 1 сентябрдан боғча мудираларига ҳам татбиқ этилади ва уларга ҳар ойда 30 фоизгача қўшимча устама тўланади.

Мактаб директори, унинг бошқарувчилик маҳорати ҳақида муҳим қўлланма бўладиган китоблар йўқлиги қайд этилиб, тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда мактаб директорлари ҳақида ана шундай китоб тайёрланса, айни муддао бўлиши таъкидланди.

Мавзуга оид