Ўзбекистон | 11:51
1630
4 дақиқада ўқилади

“Жабрланувчилар рози эмас” - Фарғона вилоят судида процессни тасвирга олмаслик учун “ёпишмаган” сабаб кўрсатилди

Фото: Kun.uz

Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилаётган ишни ёритиш учун борган мухбирга суд мажлисини тасвирга олишга рухсат берилмади. Раислик қилувчи бу қарорини “жабрланувчилар қарши” экани билан изоҳлади. Бу қарорнинг ғалатилиги шундаки, кўрилаётган ишда жабрланувчи мавжуд эмас. Бу билан судлов ҳайъати аъзоларининг жиноят иши материаллари билан тўла танишмагани маълум бўлиб қолди. 

Жиноят ишлари бўйича Асака туман судининг ҳукми билан Асака туман прокурори ўринбосари Сарварбек Ҳамидов Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.

Мазкур иш бўйича С. Ҳамидов томонидан киритилган апелляция шикояти Фарғона вилоят судининг тегишли судлов ҳайъатида кўриб чиқилмоқда (судланувчи ва унинг адвокатлари томонидан киритилган илтимосномага мувофиқ ишни кўриш Фарғона вилояти судига ўтказилган).

Мазкур суд жараёнларини ёритиш учун борган Kun.uz мухбирига процессни тасвирга олишга рухсат берилмаган.

Судя бу қарорига асос сифатида “жабрланувчилар қарши” эканини кўрсатган. Судда маълум бўлдики, мазкур жиноят ишида жабрланувчи мавжуд эмас (тергов ва дастлабки инстанция судларида ҳам бирор шахс жабрланувчи сифатида эътироф этилмаган).

Судланувчи Сарварбек Ҳамидов ва унинг адвокатлари томонидан раислик қилувчининг бу “баҳонаси” йўққа чиқарилгач, “жиноят ишида махфий ҳужжат бор”лиги айтилди.

Аммо раислик этувчи бундан ҳам қўпол хатога йўл қўйгани маълум бўлди. Гап шундаки, дастлабки терговда чиндан ҳам иш ҳужжатлари орасида “махфий” грифли ҳужжат бўлган. Аммо у тергов зарурати туфайли, тезкор қидирув органининг қарори билан махфийликдан ечилган. Бу ҳақда судланувчи Сарварбек Ҳамидов ва адвокатлар маълум қилди.

Бу билан судлов ҳайъати аъзоларининг жиноят иши материаллари билан тўла танишмагани маълум бўлиб қолди.

Суд мажлиси 7 октябрга қадар танаффус эълон қилди.

Маълумот учун, Олий суд пленумининг “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги 21.02.2020 йилдаги 04-сон қарорига кўра очиқ суд мажлисини фототасвирга тушириш, видеоёзувни амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида трансляция қилишга жиноят ишини кўриш пайтида — суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан йўл қўйилади.

Kun.uz мухбири иштирок этаётган суд мажлисида тасвирга олишга ва ОАВда ёритишга бирор бир тараф (судланувчилар, адвокат ва прокурор) қаршилик билдирмаган.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz ушбу мавзуга аввалроқ тўхталган, унда Андижон вилояти прокуратураси терговчиси тезкор тадбирдан ёзиб олинган сўзлашувлар стенограммасига сохта маълумотлар киритгани, айнан шу маълумотлар Асака туман прокурори ўринбосарининг 8 йил 6 ойга қамалишига асос бўлгани ҳақида айтилганди.

Мавзуга оид