Жаҳон | 14:28 / 02.10.2024
5998
3 дақиқада ўқилади

Ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш учун президентга 7 йил муддат етарли — Тўқаев

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Остонадаги халқаро форумда нутқ сўзлаб, сайловдаги режалар ва ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш халқ томонидан ёлланган президентга 7 йил муддат етарли эканини айтди. Шунингдек, у ҳамма жойда ва доим адолатга талаб бўлгани, Қозоғистон ҳам бундан мустасно эмаслигини таъкидлади.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

30 сентябрь куни Остона шаҳрида “Евросиё маконида барқарор ривожланиш ва хавфсизлик” халқаро форуми бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев қатнашиб, ўзгараётган геосиёсий вазиятда барқарор ривожланишнинг аҳамияти ҳақида гапирган.

Геосиёсат ва геоиқтисодиётдаги чуқур ўзгаришлар, глобал иқлимий ва демографик муаммолар, янги пандемиялар хавфи, қуролланиш пойгасининг кучайиши, технологик тараққиёт, жумладан, сунъий интеллект технологияларининг жорий этилиши фонида стратегик барқарорлик масаласи ва барқарор ривожланишни таъминлаш барчамиз учун муҳим аҳамиятга эга. Хулоса аниқ – халқаро ҳамжамият конструктив мулоқотни тиклаш учун вазиятни юмшатиш, янги ижобий кун тартибига муҳтож. Шундай экан, яхлит, бўлинмас Евросиё хавфсизлиги ғояси кўп қутбли, адолатли ва барқарор дунё тартибини барпо этишнинг концептуал асосига айланиши мумкин”, — дея Тўқаевнинг сўзларини келтирмоқда Оқ Ўрда матбуот хизмати.

Шунингдек, у Қозоғистон жамияти ҳаётидаги ўзгаришлар ҳақида гапириб, мамлакат Конституциясида президент ваколатини “бир маротаба, етти йиллик муддат билан чекланиши” сиёсий ислоҳотларнинг муҳим янгилиги бўлганини қайд этган.

Сайловолди платформасидаги [режалар] ва ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш учун, менимча, бир марта етти йиллик муддат – президентга, у халқ томонидан ёлланган давлат бошқарувчиси эканидан келиб чиқиб етарли деб ўйлайман. Ишончим комилки, мамлакатимизда қонун ва тартиб диктатураси ҳукм суриши керак. Фақат шу орқалигина ислоҳотларни яна давом эттириш, шунингдек, Қозоғистон иқтисодиётига инвестицияларни жалб қилиш мумкин. Қонун ва тартиб адолатли Қозоғистон қуришнинг асосидир. Ҳар доим ва ҳамма жойда адолатга талаб бўлган, Қозоғистон ҳам бундан мустасно эмас. Бизнинг барча ислоҳотларимиз, улар қанчалик қийинчилик билан юрмасин ортга қайтиш хусусиятига эга эмас, уларни ҳеч ким тўхтата олмайди ва орқага ҳам қайтара олмайди”, — деган Қосим Жўмарт Тўқаев.

Тўқаев 2019 йилда Қозоғистонни 1990 йилдан буён бошқариб келган Нурсултон Назарбоев истеъфога чиққанидан сўнг президентлик лавозимини эгаллаган.

2022 йил январь ойида Қозоғистонда бўлиб ўтган норозилик намойишларидан сўнг, Тўқаев Конституцияга давлат раҳбари фақат бир маротаба, етти йиллик муддатга сайланиши мумкинлиги ҳақида ўзгартириш киритган эди.

Президентлик лавозимини бир киши узоқ вақт эгалламаслиги керак. Дунёдами, биздами, бир киши узоқ йиллар энг юқори лавозимни эгаллаб туриши давлатга ҳам, унинг раҳбарига ҳам ҳурмат келтирмайди”, деган Тўқаев Туркистон вилоятида бўлиб ўтган халқ йиғилишида.

Илгари Қозоғистонда президент беш йилга сайланган, бироқ қайта сайланиш ҳуқуқига эга бўлган.

Мавзуга оид